Ўзбекистон футболида ёзнинг энг катта трансферларидан бири “Пахтакор”нинг ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаевнинг Россия Премьер-лигаси вакили – Москванинг ЦСКА клубига кўчиб ўтгани бўлди.
Биринчи навбатда, Суперлиганинг қизғин палласида жамоа етакчиларидан ҳисобланган футболчининг кетиб қолиши “Пахтакор” учун бироз кутилмаган вазият бўлди. Ёшлар ўртасидаги йилнинг энг йирик икки мусобақаси – Тошкентдаги Осиё чемпионати ҳамда Аргентинадаги жаҳон чемпионатида порлаган ўйинчига ЦСКАдан бошқа харидорлар ҳам бор эди.
Аббосбек Файзуллаев легионер мақомини олиш истагини амалга ошириш учун шартномасидаги банддан фойдаланди. “Пахтакор”да ўз тарбияланувчисини қўйиб юборишдан бошқа имкон қолмаганди. ЦСКА эса, истеъдодли ўйинчига эга бўлди.
“Пахтакор” бош директори Дмитрий Адисман Россиянинг Sport24 нашрига бу трансфернинг молиявий маълумотларини ошкор қилди.
- “Пахтакор” ва ЦСКА ўртасидаги келишувга кўра, ўйинчи ўз шартномасини сотиб олиши ва ўзи мустақил тарзда клуб ғазнасига 500 минг евро киритиши белгилаб қўйилган.
Айни пайтда ҳеч қандай муаммо йўқ, Аббосбек ўзининг трансфери учун кўрсатилган суммани тўлиқ тўлади. ЦСКА эса ҳамкорлик бўйича фаолиятни давом эттирмоқда.
Бизда Файзуллаевга ҳам ЦСКАга ҳам ҳеч қандай эътироз мавжуд эмас, - деди Дмитрий Адисман сайт журналисти Владислав Шапирога.
ЦСКА билан 3+1 кўринишида шахсий битим тузган 19 ёшли Аббосбек Файзуллаев эса, жамоага киришиб кетди. Дастлаб, жисмоний тайёргарлик босқичидан ўтган легионеримизни ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов секин-аста ўйинга тушира бошлади.
Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасидаги дебютини Москва дербиси – “Динамо” ва ЦСКА ўртасидаги баҳсда нишонлаб, 87-дақиқада заҳирадан майдонга тушган эди. Ўша баҳсда “Динамо” 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Легионеримиз “Оренбург” майдонида бўлган навбатдаги баҳсда ўн дақиқадан кўпроқ ҳаракат қилди. Мутахассислар 1:1 ҳисобида якунланган беллашувда ўзбек легионери фаол ўйнаганига эътибор қаратди.
Учрашувдан кейин Аббосбек Файзуллаев ўйин борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
- Жанговар ўйин бўлди, ҳамма охиригача курашди, 100 фоиз кучини сарфлади. Биз ютишни истаган эдик, лекин бундай бўлиб чиқмади.
- Сунъий қопламали майдон ҳақида нима дейсиз?
- Биз бунақа майдонда ўйнашга кўникмаганмиз, шунинг учун ҳам бироз оғир бўлди, - деди Аббосбек Файзуллаев “Матч ТВ” каналига.
ЦСКА жамоаси Россия Премьер-лигасида олтита учрашувдан кейин ўн очко жамғариб, юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.