Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳри ва вилоят аҳолисидан ижтимоий тармоқларда шикоятлар кўпайиб бориб, фуқаролар ўз қўшниларини уйида мол сақлаётганликда айблашмоқда. Фойдаланувчиларнинг айтишича, ҳайвонлардан сассиқ ҳид тарқалиб, пашша ва бошқа ҳашаротлар пайдо бўлган. Бу билан қандай курашиш мумкинлиги ҳақида “Истеъмолчи.уз” ҳамжамияти маъмурлари сўзлаб беришади.
Шарҳларда ўзбекистонликлар кўпинча шаҳарда чорва молларини сақлаш тақиқланганлигини ёзадилар. Бироқ, ҳамжамият маъмурлари қонунчиликда бундай чекловларни топмадилар.
Ушбу масала бўйича фақат битта чеклов мавжуд – ҳайвонларни сақлаш жойидан қўшни деразаларгача бўлган масофа камида олти метр бўлиши керак. Шунингдек, дала ҳовлиларида икки бошдан ортиқ чорва молларини боқиш тақиқланган.
Шундай қилиб, агар ветеринария ва санитария-эпидемиология қоидалари бузилмаса, унда қонунга кўра шаҳарда чорва молларини сақлаш мумкин. Афсуски, қонунчиликда ҳид ва пашшалар билан боғлиқ тафсилотлар ёзилмаган.
Агар бундай ҳолатга дуч келсангиз, ветеринария ва санитария меъёрлари бузилгани учун қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:
туман ветеринария назорати бўлими
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси
участка инспектори
ҳокимлик
Шуни эслатиб ўтамизки, ҳар бир идорага икки нусхада ариза топшириш керак. Биттасини имзо билан ўзингизда қолдиринг. Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, бу уй ҳайвонларини парвариш қилувчиларни жойига қўйишнинг жуда самарали усули.