Рўйхатга олиш натижалари ғоят аҳамиятлидир

Улашиш:

Республикамизда илк бора ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олиш тадбири бизга нима беради?

Аҳоли пунктлари бўйича аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, яшаш шароитлари, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, даромад манбалари кабилар бўйича батафсил маълумот тўпланади.

Бинобарин, мазкур кўрсаткичлар орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланади.

Ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида яъни, вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча ва қишлоқлардаги аҳолининг аниқ сони, мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда соҳалар бўйича манзилли дастурларнинг тайёрланиши, жон бошига ялпи ҳудудий ва ялпи ички маҳсулот ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни шакллантириш учун илмий изланишларда фойдаланиш, хорижий инвесторларни жалб қилиш, миллий барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича индикаторларнинг шаклланиши, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини ошириш, Республика, вилоят ва туман даражасидаги бюджетларни аниқ шакллантирилишида фойдаланилади.

Ўз навбатида, Республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди.

Шунингдек, аҳоли пунктлари инфратузулмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда бу маълумотлар ниҳоятда қўл келади.

Бундан ташқари, миграция тўғрисида ҳам аниқ маълумотлар шакллантирилади.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва уларга муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган бир пайтда, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, Республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2023-йилнинг 1-октябр ҳолатига  вилоятимиз доимий аҳолиси сони 1499,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 703,9 минг кишини, қишлоқ аҳолиси сони 795,9 минг кишини ташкил этди. Жами аҳолимизнинг 50,5 фоизини эркаклар, 49,5 фоизини эса аёллар ташкил этмоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш натижасида Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаига эга бўлинади. 

Аҳолини рўйхатга олиш орқали Ўзбекистоннинг ҳар бир манзили, ҳатто чекка ва олис маҳаллаю кўчаларигача алоқадор барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўламиз.

Бу қимматли маълумотлар мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белигилаш билан бир қаторда, республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ва дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Шунингдек, кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда кенг фойдаланилади.  

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилаётган бу каби ишлар мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олишнинг расмий веб-сайтида (aholi.stat.uz) ёритиб борилмоқда.

Бугун биз қандай яшаганимиз ва қандай имкониятларга эга бўлганимиз тарихга муҳрланиб, авлодларимиз учун маънавий мерос бўлиб қолади. Рўйхатга олиш натижалари нафақат биз учун, балки келажак авлод учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.