Мактабнинг иши мактабда қолмайди, ўқитувчи билан уйига келади

Улашиш:

Аттестациядан кейинги ўйлар

Кечаси аёлим туни билан ухламади – қон босими ошиб кетди. Аттестация асорати. Бал тўплай олмаган ўқитувчининг ҳолати кўпчиликка кундек равшан.



Ўқитувчи шундоғам эзилиб турганида, шу ўлгур аттестация ташвишига минг ташвиш қўшади.

Майли, кейинги сафар ўтарсан десам, жамоа олдида ҳурматим йўқолади, деб сиқилади.

Агар биология бўйича саволлар дарсликдан тушганида ҳам бажарардим, лекин арифметика бўлиб ётибди, дейди. Гарчи адабиётлар рўйхатида дарсликлар кўрсатилган бўлса-да, биология бўйича саволларнинг аксарияти академик тузилган, олий таълим муассасалари фойдаланадиган қўлланмалардан фойдаланилгани айтиляпти.

Қарийб бир ойдирки, синовларга уззукун тайёрланади. Гоҳ телеграмдаги дарсларда қатнашади, гоҳ интернет титкилайди. Камига дарсига ҳозирлик кўради.

Буёқда мактабнинг битмас-туганмас даҳмазалари – ҳали ўқувчи дарсга келмаган, ҳали уларнинг синфдаги шўхликларига дашном эшитган, ота-оналарнинг паст баҳо қўйгани учун таъналари, ортиқча йиға-йиғлар...

...Текширувчи келади, тайёр туринглар, kundalik.comни назорат қилинглар, уйга вазифани қилмаганга паст баҳо қўйманглар, мактаб бали тушиб кетади.

...Репетиторга боришини назорат қил, бола олий ўқув юртига кириши керак.

...Жисмоний тарбия имтиҳонларига жиддий қаранглар, болалар у ёқ-бу ёғини синдириб олмасин.

...Қорда учмасин, йиқилиб тушса, балога қоламиз.

...Тушлик қилиб олсин, бирортаси ҳушидан кетиб йиқилиб тушмасин.

...Ойлигидан суғуртага ушлаб қолинсин, фаррошга пул йиғсин...

Хуллас, бу машмашаларнинг адоғи йўқ...

Камига дарсига ярим тунгача тайёргарлик кўради, эрталаб кеч қолмай деб азонлаб туриб, 8.00гача етиб бориш учун чой ичмай чиқиб кетади.

Шунчаки дарс берганидан чарчаса, ҳарна эди, бир ёқда ҳар соатда «Маҳалла еттилиги»нинг дарс пайтидаги йўқлови, давоматни РайОНОга 10.00га қолдирмай етказиш мажбурияти бўлса, бир ёқда узун сочларнинг йиғиштирилмагани, кроссовка кийиб келгани учун гап эшитишлар, иккитаси муштлашиб қолса, унга жавоб бериши керак...

Маҳалладан ё миллий гвардиядан тайинланган вакил исталган пайтда дарсга кириб, дўқ-пўписа қилиб кетади. Ўқитувчини яксон қилиб чиқиб кетади. Мактабмас, гўё жанггоҳ дейсиз. Мактабдаги суронлардан уйга соғ-омон қайтганининг ўзиёқ жасорат.

Туни билан дарслик титкилайди, Youtubeдан дарсга оид видеоларни кўриб чиқади. Етмаганига эрталаб юз-қўлидан ювишдан, қош-кўзини бўяш чоғидаям эшитиб ўтиради. 7.00дан ўқувчиларнинг рухсат сўрашлари бошланади. Биринчи соатда дарсига кирадиган ўқитувчисига етказиб қўяди.

Ҳамма эрталаб метрода ашула эшитиб, дам олиб кетса, мен мактаб иши билан шуғулланиб кетаман, дейди.

Тушунганим, фани бўйича билими ёмон эмас, ўқувчилари ҳурмат қилади. Ҳамкасблари орасида ҳам ўз ўрнига эга.

Умуман олганда, ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг малака тоифа синовлари ҳақида турли норозиликларни ўқияпмиз. Асосий эътироз саволлар мактаб дарслигидан олинмаганида экани кўрсатиляпти.

Очиғи, ўқитувчининг умр йўлдоши сифатида сув сиртида кўрганларим шулар... Балки таълимнинг илдизига чуқурроқ кирсак, бундан ҳам ёмон тасаввур шаклланар.

Нима қиламиз энди. Аёлимни ўқувчилари яхши кўради, уларни кўзи қиймайди. Арзимас маошига ҳам қаноат қилиб ишлайди. Лекин шунча ситамига синовлар билан жабр қилманглар, эй аттестациячилар дегим келади.

Фазлиддин САТТОРОВ, журналист

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.