"Ёмғирдан сўнг чиқадиган чувалчанглар, бир тийинга қиммат блогерчалар". Ўрмон хўжалиги агентлиги матбуот раҳбари нимага шаъма қилди?

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Юлдуз Орипованинг блогерларни ёмғирдан кейин чиқадиган чувалчангга ўхшатиб, журналист-мухбирларни бир тийинга қиммат касб эгалари дея ҳақорат қилиб ёзган пости тарқалди. Хўш, нега давлат ишида ишлайдиган ҳукумат вакили бундай ҳақоратли сўзлар билан чиқди, бунга арзигулик сабаби бордир дерсиз. 

30 сентябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети биноси ёниб кетди. Воқеани ёритиш мақсадида ҳудудга ОАВ вакиллари борди. Бироқ улар вазиятни халққа очиқ кўрсатишга ҳаракат қилишса ҳам пост патруль хизмати ходимлари ҳамда университет нозирлари томонидан ичкарига қўйилмади ва бу ҳолат тармоқларда айланди. Айнан шу вазият Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбарига ёқмаган. Юлдуз Орипова бу ҳолатни ижтимоий тармоқда ўзича талқин қилган. Унга кўра, мазкур ёнғин уюштирилган.

"Фалокат бошланганда ишхонада эдим, аёлларимизга соат бешгача иш куни, яъни байрам муносабати билан рухсат берилди. Раҳбарият, бўлим бошлиқларининг ҳаммаси ишда эди! Тутун ҳиди бошида сезилди, кейин эса ўша киноларда кўрган кадрлар "Апокалипсис" бошланди! Аграр ёнаётганди, даҳшат ёнди, ҳамма ташқарига ўзини урди, кейин олов шиддат билан бизнинг бинойимизга ўтиб, томни ва тўртинчи қаватимизни эгаллади. Ўт ўчирувчи ускуналар ёрдамида бартараф этилди, лекин Аграр университети жуда катта зарар кўрди! Тегишли вазирликлар раҳбарлари ҳаммаси етиб келишди. Бир нарсани айтишим мумкин, шахсий фикрим, бу фожиа, яъни ёнғин уюштирилган! 100 фоиз!", деган Орипова.

"Ёмғирдан сўнг чиқадиган чувалчанглар, бир тийинга қиммат блогерчалар". Ўрмон хўжалиги агентлиги матбуот раҳбари нимага шаъма қилди?

Шунингдек, у юқоридаги ёнғинни ёритишга келган блогер ҳамда журналистларни шоқолга ўхшаб, ҳеч нарсани билмасдан туриб, вазиятни ёритишга келди, дея уларга таъриф берган.

"Мени таажжубга солган ҳолат шу бўлдики, ёмғирдан сўнг чиқадиган чувалчангларга ўхшаб бир тийинга қиммат блогерчалар шоқолга ўхшаб, вазиятни билмасдан туриб, шоу яратиш асносида бинойимиз атрофида ликиллашди. Ё ажаб! Хусусий телеканалнинг бир тийинга қиммат мухбирчалари эса ўзини валломатдай тутиб, ичкарига кирмоқчи бўлишди, лекин Ички ишлар вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари уларнинг ковушини тўғрилаб қўйишди! Роса питирлади, провокация қилишди, ўзларини гўёки дунёнинг пиридек тутишди, тарбиясизлар, 18, 19 ёшга кирган болачалар! қандай қилиб ва қачон булар журналист бўлишга улгуришди?! Хуллас, мендан эшитадиганини эшитди!" дея қўшимча қилган Ўрмон хўжалиги матбуот раҳбари.

Бироқ ОАВ вакилларига шунча гап айтилса ҳам юқоридаги ҳолат юзасидан ҳеч бир давлат ташкилоти журналист ҳамда блогерларни таҳқирлаган, куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилган давлат ходимига чора кўргани ҳақида маълумот бермади. Агентлик ҳам жим. Қачонгача журналистлар давлатнинг юқори лавозимларда ишлайдиган ходимлари томонидан камситилади? Уларга қонуний чора кўриладими ўзи? Нега Журналистлар уйишмаси бунга муносиб жавоб бермайди?!

Маълумот учун, Юлдуз Орипова шоир Абдулла Ориповнинг қизи. Бугунги кунда у Ўрмон хўжалиги раисининг маънавият бўйича маслаҳатчиси ҳамда агентликнинг матбуот хизмати раҳбари.

Жавоҳир Йўлдошов

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.