“Уйга етиб олайлик деб Damas’ни миниб кетдик, эртасига қайтиб ташлаб кетмоқчи эдик”

Улашиш:

Тошкентда автомашина олиб қочган шахслар қўлга олинди.

'“Уйга етиб олайлик деб Damas’ни миниб кетдик, эртасига қайтиб ташлаб кетмоқчи эдик”'ning rasmi

Тошкент шаҳрида иккита Damas’ни олиб қочган фуқароларга 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, 20 ёшли М.Б. ва Т.Б. Яшнобод туманида турган, бошқа шахсга тегишли бўлган Damas юкхонасининг эшиги очиқлигидан фойдаланиб, унинг ичига киришган.

Отвёртка ёрдамида  рул қисми пластмассасини ечиб, симларни улаш орқали ўт олдириб, олиб қочишга муваффақ бўлишган. Аммо Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган вақтда машина ўчиб қолган. Уни ўт олдиролмай Янгиҳаёт туманидаги уйлар ёнида турган бошқа бир Damas’ни очиб, ҳайдаб кетишади, дейилади ИИББ ахборотида.

Улар йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатилиб, ички ишлар органларига олиб келинган. Аниқланишича, М.Б. аввал Жиноят кодексининг 169-модда (ўғирлик) билан  судланган. Улар олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасини олиб қочишни ва ўзлаштиришни режа қилгани маълум бўлган.

Биз анчадан бери иш излаётгандик. Ўша куни иш қидириб Яшнобод туманини роса айландик, ёнимизда пулимиз қолмади. Пиёда юриб чарчадик. Тунги соат бирларга яқин вақт эди. Кўчада транспорт воситалари тўхтамади. Уйга етиб олайлик деб автотураргоҳда турган Damas автомашинасини миниб кетдик. Эртаси куни уни олиб келиб бермоқчи эдик. Аммо йўлда у ўчиб қолди. Ўша жойда қолдириб кетдик, дейди ўғрилардан бири ўз кўрсатмасида.

Уларни тергов қилган майор Бахтиёр Абдухалиловнинг айтишича, йигитлар гапни бир жойга қўйиб, келишган ҳолда юқоридаги баҳонага таяниб туриб олишган.

Гўёки бу уйдирмаси айбларини ювиш учун дастак бўладигандек. Жиноят кодексида “тунда уйга етиб олиш” мақсадида ўзганинг транспорт воситасини олиб қочиш учун жазо йўқ, дейилмаган. Дастлабки тергов жараёнида ҳар бири ўзини жазодан асраб қолиш учун айбни бир-бирларига ағдара бошлашди, дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов  бўлими бўлинма бошлиғи.

Иш жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, М.Б. ва Т.Б.ни Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан айбли деб топган. Мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда ҳар иккисига 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.