500 минг сўмга баҳоланган ор-номус

Улашиш:

“Ўша пайтлар ҳали 16 га ҳам тўлмаган, қалби орзу-умидларга тўла қиз эдим. Мактабда яхши ўқиб, тенгдошларимдан ажралиб турардим. Бўш вақтим дарс тайёрлаш-у онамга уй ишларида ёрдамлашиш билан ўтарди. Қачонки, ўша хотирамда қора нуқта билан сақланиб қолган воқеа бўлгунига қадар…”

Ҳикоямиз қаҳрамони Жиззах шаҳридаги мактабда ўқиб, дарсдан кейин репетиторга борарди. Фақат дам олиш ва байрам кунларигина уйга қайтарди. Рамазон ҳайити сабабли онаси Мафтунани уйга чақирди. Соғингани учун кечроқ бўлса-да йўлга чиққан Мафтуна одам ташувчи таксилар ёнига борганида узоқ қариндоши Санжарни йўловчи кутиб турганини кўради. Санжарнинг “Чиқ-чиқавер машинага, ўзи шошиб тургандим, сен билан юравераман”, – деган алдовига ишониб, ўзини ҳавфсиз сезади ва машинага ўтиради.

Санжар йўл-йўлакай уйидан зарур нарса олиши кераклигини, кейин Мафтунани ташлаб қўйишини айтиб машинани уйи томон ҳайдайди. Кун қорайгани сари қизалоқнинг қалбида хавотир кучаяди. Санжар машинасига юк жойлаш баҳонасида Мафтунанинг ёнига ўтириб, кутилмаганда унга ташланган. Бехосдан бўлган бу ҳамладан ўзини йўқотиб қўйган қаҳрамонимиз унга қаршилик қилган, бор кучи билан бақирган, не ажабки ҳеч ким ёрдамга келмаган. Ўзидан 15 ёш катта эркакдан ор-номусини ҳимоя қилган ожизага узоқдан келаётган машина чироғи нажот бўлган. Аммо машина эшиклари қулфланганлиги сабабли қочишнинг иложи бўлмаган.

Қочишга имкон, юришга мадори йўқ Мафтуна кучли стресс сабаб лабидаги тишлашдан қолган яралар-у кўкаришларга –“Бўлар иш бўлди. Сенинг номусингни бузмадим. Ҳаммаси жойида. Агар ҳеч кимга айтмасанг пластигингга 500 минг пул ташлаб бераман”, – деган гапидан кейин эътибор беради. Мафтунадан сир қолишини сўраган зўравон ўз фойдасини кўзлаб, маҳаллада гап тарқатади.

Бўлган воқеани эшитган Мафтунанинг онаси Муҳаббат опа зудлик билан УСАИДнинг Ўзбекистон ҳуқуқий ислоҳотлар дастури доирасида ташкил қилинган “Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига белгиланган тартибда мурожаат қилган. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида катта тажрибага эга марказ ходимлари Мафтуна билан бўлган воқеани батафсил ўрганиб, уларга ёрдам бериш механизмларини ишлаб чиққан. Аввало, қаҳрамонимизга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилган. Кейинги масала зўравонга чора кўриш эди. Ҳуқуқшунос ва жабрланувчилар билан олиб борилган суҳбатлар, ҳуқуқий маслаҳатлардан кейин зўравон устидан судга ариза берилиб, бир қанча ҳаракатлардан сўнг ғалаба қозонилган. Санжар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25.118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистонда зўравонлик масаласи, айниқса аёлларга нисбатан, жиддий муаммо сифатида қаралмоқда. 2023-йилда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 3 мингга яқин жиноят иши очилган. Ички ишлар вазирлиги томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, зўравонлик ҳолатлари сўнги 4 йилда 140 фоизга ошган. Шунингдек, 1,5 мингдан ортиқ бола зўравонликка учраш хавфи остида яшамоқда. Ачинарли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда ҳар уч нафар боланинг иккиси оила аъзолари ёки яқин қариндошлари томонидан тазйиқ остида тарбияланмоқда. Бу ҳолатлар умумий зўрликнинг 9 973 тасини ташкил этади.

Айни шу йўналишдаги натижаларни рақамларда кўрадиган бўласак, 2023-йилнинг тўққиз ойида 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган, шундан 417 таси жинсий зўравонлик билан боғлиқ. Рақамларни ўтган йилларга солиштирганда қуйидаги натижага гувоҳ бўламиз.

Жинсий зўравонлик: 2021-йилда 334 та, 2022-йилда 395 та жиноятни ташкил қилса, руҳий ва жисмоний зўравонлик: Ҳар уч нафар боланинг икки нафарида учрамоқда.

Ўзбекистондаги зўравонликка учраган болалар учун қонуний ҳимоя тизими доирасида жабрланганларга нисбатан ҳимоя ордери берилиб, махсус марказларга жойлаштириш орқали уларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Мутахассислар ёрдами билан айбдорга қонуний чора кўрилиши кафолатланади.

Бу натижаларни қаҳрамонимизга кўмакчи бўлган “Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази мисолида келтирадиган бўлсак, марказга гендер зўравонлик билан мурожаат қилган фуқаролар сони умумий ҳисобда 1836 тани ташкил қилади. Айни шу мавзуда аёлларга иқтисодий, психологик, жисмоний, жинсий ва зўравонликнинг бошқа ҳар қандай туридан жабрланганларга ёрдам берилган. Демак, марказ мана шунча ожизаларнинг ҳаётини изга тушишига сабаб бўлмоқда.

Илҳомжон Собиров
Anhor.uz

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.