Интернетда автомобиль ўриндиқларининг иситилиши танга, айниқса эркакларнинг репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида фаол муҳокамалар олиб борилмоқда. Ушбу баёнот баҳсли бўлиб, бу мақолада мавзуга оид илмий тадқиқотларни кўриб чиқамиз ва ушбу фикрнинг қанчалик тўғри эканлигини таҳлил қиламиз.
Ҳукм: Рост
Тадқиқотлардан бири 2007-йилда ўтказилган ва “Fertility and Sterility” журналида чоп этилган. Олимлар иситиладиган ўриндиқларнинг соғлом эркаклар мойак халтаси ҳароратига таъсирини ўрганишган. Натижалар шундан далолат бердики, иситиладиган ўриндиқлардан фойдаланиш мойак халтаси ҳароратининг ошишига олиб келади, бу эса сперма сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тажрибада қатнашганлар 90 дақиқа давомида иситиладиган ва иситилмайдиган ўриндиқларда ўтиришган. Иситувчи ёқилган ҳолда мойак халтаси ҳарорати сезиларли даражада ошган.
“Journal of Andrology” журналида эълон қилинган бошқа бир тадқиқот ҳам мойак халтаси ҳароратининг ошиши сперма сифатига салбий таъсир қилиши мумкинлигини тасдиқлаган. Унда кўрсатилишича, узоқ муддатли иссиқлик таъсири сперматозоидлар морфологиясининг ўзгариши ва сперма ҳаракатчанлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.
“Burn from car seat heater in a man with paraplegia” ҳисоботидаги маълумотларга кўра, тери сезгирлиги муаммосига дуч келган шахсларда автомобиль ўриндиғининг иситилиши жиддий куйишларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, параплегия билан оғриган бемор ўриндиқнинг ҳаддан ташқари қизиши натижасида куйишни бошдан кечирган. Бу сезгирлиги паст бўлган шахсларга ушбу функциядан фойдаланишда ўта эҳтиёткорликни талаб қилишини кўрсатади.
Автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг маълум қилишича, иситиладиган ўриндиқлар учун максимал ҳарорат одатда 30 дан 45°C (86–113°F) оралиғида бўлади. Бироқ, баъзи ҳолларда ҳарорат 65°C (150°F) га етган ҳолатлар ҳам кузатилган. 49°C (120°F) да 10 дақиқадан сўнг учинчи даражали куйишлар содир бўлиши мумкин. Бундай юқори ҳарорат диабет, нейропатия ёки фалажликка дуч келган шахслар учун жиддий хавф туғдиради, чунки улар ўз вақтида оғриқ ёки ноқулайликни ҳис қилмасликлари мумкин.
Тадқиқотлар мойак халтаси ҳароратининг ошиши ва сперма сифати ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатган бўлса-да, иситиладиган ўриндиқлардан фойдаланиш бевосита беқарорликка олиб келиши ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас.
Асосан, иситиш ҳарорати автомобиль моделига ва ишлаб чиқарувчига боғлиқ равишда фарқ қилиши мумкин. Кўплаб замонавий автомобилларда ҳаддан ташқари қизиб кетишнинг олдини олиш учун махсус ҳарорат назорати тизимлари ўрнатилган.
Тадқиқотлар асосан эркаклар саломатлигига қаратилган бўлса-да, ҳаддан ташқари иссиқлик барча йўловчилар учун зарарли бўлиши мумкин. Масалан, узоқ вақт давомида иссиқлик таъсири болаларда ёки тери сезгирлиги юқори бўлган шахсларда ноқулайлик ёки куйишга сабаб бўлиши мумкин.
Хавфсиз фойдаланиш бўйича тавсиялар
Иситиладиган ўриндиқлардан фойдаланганда хавфни камайтириш учун қуйидагилар тавсия этилади:
- Иситиш функциясини узоқ вақт давомида ёқилган ҳолда қолдирманг, фақат зарур ҳолларда фойдаланинг;
- Агар ўриндиқда ҳароратни бошқариш имконияти мавжуд бўлса, ҳароратни назорат қилиб, уни ҳаддан ташқари исиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилинг;
- Қандли диабет ёки тери сезгирлигига таъсир қилувчи бошқа касалликларга дуч келган шахслар айниқса эҳтиёт бўлишлари лозим.