Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида Қарши шаҳрининг Шайхали маҳалласида камбағал оилага янги уй қуриб берилди. Бу ҳақда қашқадарёлик мухбиримиз Муҳриддин Жалолов хабар бермоқда.
Шайхали маҳалласи ёшлар етакчиси ташаббуси билан оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволда бўлган бир оила муаммолари ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Оиланинг моддий ҳолати ва уй-жой шароити таҳлил қилингач, масала шаҳар ҳокимлиги эътиборига етказилди. Шу куннинг ўзида оиладаги икки нафар боқувчи иш билан таъминланди.
Маҳалла ёшлар етакчиси ва фаол ёшлар ташаббуси билан бир ой давомида ҳашар йўлида оила учун барча қулайликларга эга янги уй қуриб берилди. Бу жараёнда маҳалла фаоллари ва ҳомийлар ёрдамида ишларни тез ва самарали амалга оширишга эришилди.
Янги уйга кўчиб кирган оила учун бу воқеа ҳаётидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Ушбу ташаббус маҳалладаги ижтимоий бирдамлик ва ёрдамлашувнинг ёрқин намунасидир.
Уйнинг аввалги кўриниши
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасидаги бу каби амалий ишлар нафақат якка оилалар ҳаётини яхшилашга, балки кенг жамоатчиликка ибрат бўладиган ташаббус сифатида аҳамиятлидир. Маҳаллий ёшлар ва фаоллар ташаббуси билан амалга оширилган бундай эзгу ишлар жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда катта ҳисса қўшади.
Бу каби ташаббуслар “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг самарадорлигини яна бир бор тасдиқлаб, мамлакатимиздаги ижтимоий адолат ва тенглик йўлидаги ҳаракатнинг амалдаги натижаларидан далолат беради.