ҚУЛАЙЛИКЛАРСИЗ. Биринчи қисм

Улашиш:

Ўзбекистонда канализация билан боғлиқ муаммолар: "каттаси" ва "кичиги"

Бугунги мавзуимиз жамиятда ва айниқса, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида деярли ёритилмайди. Бу нима билан боғлиқ? Балки "салбий ҳис-туйғулар", шарм-ҳаё, маданий ва ҳатто диний муносабатлар ёки шахсий ҳаёт билан боғлиқ “уятсизроқ” мавзу бўлгани учундир?  Охиргиси ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак. Аммо XXI асрдаги "ҳожатхона саноати"нинг  аҳволи турмуш даражаси, мамлакат тараққиёти кўрсаткичи ва қолаверса, инсон ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ масаладир.

Янги лойиҳамизда шу хусусда гаплашамиз. Шунингдек, шаҳар ва қишлоқлардаги ҳожатхоналар (жумладан, мактабларда), канализация тизимини реконструкция қилишга уринишлар, сувни тозалаш муаммосига тўхталамиз. Келинг, дунёдаги вазиятни мамлакат миқёсидаги ("каттаси") ва алоҳида уй хўжаликлари мисолида ("майдаси") тарзида тасаввур қилайлик.

Муваффақиятли тадқиқот

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар санитария-гигиена хизматлари сифати ва улардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида ёзиш имконини беради. Унинг натижалари 2023 йил март ойида эълон қилинган. Маълум бўлишича, республика аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи ҳанузгача ўрали ҳожатхонадан фойдаланишга мажбур.

Тадқиқотнинг асосий мақсади санитариянинг инсон ҳаётига таъсирини ўрганиш ҳамда бу масаланинг қашшоқлик билан боғлиқлигини кўрсатиш эди

“Бу – Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган тадқиқот, деб айта олмайман. Чунки  ЮНИCЕФ мамлакатда бутун дунёда кенг тарқалган WASH дастурини амалга оширмоқда. Бошқа мамлакатларда ҳам санитария шароитларини яхшилаш одамлар фаровонлигини ошириши ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ушбу материалимизда мета-таҳлил усулидан фойдаланган ҳолда айнан шундай тадқиқотларни оммага тақдим қилмоқчимиз, - дейди Uztrendга тадқиқот иштирокчиси, ҳозирда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги қошидаги Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ходими Дийдор Бердикличев.

Яна бир инкор этиб бўлмайдиган ижобий жиҳат шундаки,  тадқиқотдан сўнг маҳаллий ОАВ ниҳоят ҳожатхона ва канализация муаммосига  эътибор қаратди. Хусусан, машҳур Kun.uz интернет нашри шу мавзуда бир қанча материаллар ва видеоролик тайёрлади. Буни албатта кўринг.

“Менимча, тадқиқотнинг энг катта ютуғи шуки, биз ҳожатхона  масаласининг долзарблигини кун тартибига қўя олдик. Тадқиқот нашр этилгандан сўнг турли ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу бўйича мунозаралар авж олди”, — дея давом этади Дийдор Бердикличев.

Санитария ва гигиена хизматларидан фойдаланиш муаммоси глобал муаммодир. БМТнинг маълумотларига кўра, бу 3,6 миллиард одамга таъсир  қилади. Уларнинг 1,7 миллиарди ҳали ҳам оддий санитария шароитларига эга эмас. Уларнинг аксарияти қишлоқ аҳолиси ва кам ривожланган мамлакатлар фуқароларидир.

“Йел университетининг 2022 йилги хавфсиз санитария индексига кўра,  Ўзбекистон 179 давлат орасида 94-ўринни эгаллаган бўлса, энг яқин қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон тегишли равишда 82, 109, 100- ва 126-ўринларни эгаллаган. 2024 йилда Ўзбекистон 67 ўринга кўтарилди”, дейди Дийдор Бердикличев Uztrendга.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистон 64-ўринга, Қирғизистон 89-ўринга, Туркманистон 95-ўринга кўтарилган, Тожикистон 134-ўринга тушиб кетган.

Рейтингга кўра, сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон бу йўналишда қўшниларига қараганда анча юқори кўрсаткичга эришган.

Йел университетига ҳурмат изҳор этган ҳолда шуни таъкидлаймизки,  ҳа, ўсиш бор, лекин бу дунё бўйича озода ҳожатхона навбатидаги 67-ўрин, тан олиш керак, ҳеч кимни қониқтирмайди.

Ўзбекистон ҳукумати канализация тармоқлари қамровини 2030 йилга бориб атиги 31 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Кўча-кўйдаги, айниқса, мактаб ҳожатхоналари билан боғлиқ муаммолар ҳали бисёр. Антисанитар шароит ва сувнинг етарли даражада тозаланмагани ўн минглаб юртдошларимизнинг соғлиғига таҳдид солмоқда. Бунинг олдини қандай олиш мумкин ва айни пайтда нима қилиш керак?


Буларнинг барчаси ҳақида мутахассислар ва оддий одамлар билан “Қулайликларсиз” лойиҳасининг кейинги сонларида гаплашамиз. Бизни кузатиб боринг.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.