2025 йил 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг давлат боғчасига туташ хусусий объектни бузиш ҳақида қаттиқ танқидий ифодада сўзлаган видеоси кенг муҳокамага сабаб бўлди. Видеода ҳокимнинг: «Суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлайсан» деган сўзлари акс этган.
Бу ҳолат жамоатчиликда турли таъбирларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар ҳоким хусусий боғчаларни ноқонуний тарзда бузишга чақирмоқда, деб баҳолади.
Вилоят ҳокимлиги нимани маълум қилди?
Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг расмий изоҳида айтилишича, видеода сўз кетган ҳолат 22 май куни 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасини ўрганиш жараёнида юз берган. Ҳоким болалар ҳафсизлигига хавф туғдирадиган ҳолатлар, жумладан, боғча ҳудудига ноқонуний равишда қурилган йўлак ва ёпилмаган трансформатор қурилмасини кўриб, масъулларга қаттиқ огоҳлантирув берган.
Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳокимнинг «бузиб ташлаш» ҳақидаги сўзлари хусусий боғчаларни эмас, балки боғча ҳудудида рухсатсиз қурилган йўлакни бартараф этишга қаратилган бўлган. Бу жойда болалар ҳаёти учун хавфли шароит юзага келгани боис, ҳоким масъулларнинг эътиборсизлигидан норози бўлган.
Илгари ачинарли ҳодиса қайд этилган
Маълумот ўрнида, айни шу вилоятда аввалроқ мактабгача таълим муассасасида электр токи уришидан бола ҳалок бўлган эди. Шу каби ҳодисаларни такрорланишининг олдини олиш мақсадида ҳоким томонидан қаттиқ талаб ва эмоция билан чиқиш қилингани таъкидланади.
Қонун доирасида фаолият юритилиши кафолатланди
Бухоро шаҳар ҳокимининг ўринбосари Феруз Ҳамроев таъкидлашича, ҳеч қандай хусусий боғчаларни бузиш бўйича расмий топшириқ берилмаган, фақат болалар хавфсизлиги таъминланиши лозим бўлган ҳолатларга доир вазифалар қўйилган. Ноқонуний йўлак бартараф этилган ва ҳоким ўринбосарига интизомий чора кўрилган.
Вилоят ҳокимлиги қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар қандай бузилиш фақат белгиланган тартибда амалга оширилишини кафолатлаган.