Нукус шаҳрида яшовчи эркак бир фарзанди учун 13 йиллик алиментни олдиндан тўлаб, 2,2 миллиард сўмни собиқ рафиқасига ўтказди. Бу — Мажбурий ижро бюроси тарихидаги энг йирик алимент тўлови ҳисобланади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълум қилишича, мазкур фуқаро фарзанди вояга етгунча тўланиши керак бўлган барча маблағни бир йўла бериш ниятида эканини билдирган. МИБ ҳисоб-китобига кўра, 13 йил давомида тўланиши лозим бўлган алимент умумий ҳисобда 2 миллиард 270 миллион 812 минг сўмни ташкил қилган.
Бюро вакилларининг таъкидлашича, бу ҳолат нафақат юридик жиҳатдан, балки ижтимоий масʼулият нуқтаи назаридан ҳам ўзига хос воқеа сифатида қайд этилмоқда.
Бу алимент тўлови бюро тарихидаги рекордни янгилади. Аввалги энг катта миқдор 2024 йил сентябрида қайд этилган бўлиб, ўшанда бир аёл собиқ турмуш ўртоғига 3 нафар фарзанди учун 1,7 миллиард сўмни аванс сифатида тўлаган эди.
МИБ ушбу ҳолатни ижобий мисол сифатида келтириб, алимент мажбуриятларини олдиндан адо этиш эҳтимолини ҳам тарғиб қилмоқда.