20 август куни Измир – Самарқанд рейсида йўловчи эркак қўшни ўриндиқдаги аёлга тегажоғлик қилган ва омма олдида ўзини-ўзи шаҳвоний қониқтирган. Зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси маълумотига кўра, жабрланувчи воқеани видеога олиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, аммо қоидабузар жазоланмаган.
Аёлнинг айтишича, у парвоз пайтида ухлаб қолган, аммо кимдир оёғига тегишига уйғонган. Кўзини очганида эса қўшниси ўзини қониқтираётганини кўрган ва бу ҳолат видеода ёзиб олинган. Жабрланувчи стюардессаларни чақирган ва ўрнини ўзгартирган.
Самарқанд аэропортига келгач, у милицияга мурожаат қилган, бироқ эркак оғзаки узр сўраганидан кейин қўйиб юборилган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари “ариза ёзишдан маъно йўқ”лигини айтган ва видеони далил сифатида қабул қилмаган. Гувоҳлар сўроқ қилинмаган.
Авиакомпания вакиллари жабрланувчидан узр сўраган ва ички текширув ўтказишга ваъда берган. Бироқ қоидабузарлик тўғрисида баённома тузилмаган.
Жамоатчилик эса асосий саволни бермоқда: Самарқандда ҳуқуқ-тартибот идоралари учун омма олдида номақбул жинсий ҳаракат одатий ҳолми? Нима учун видео ва гувоҳлар фикри етарли эмас?
Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентда ҳам шунга ўхшаш ҳолатда вояга етмаганларга жинсий аъзоларни кўрсатган эркак маъмурий модда бўйича судга тортилиши айтилганди.