Бухоро вилоятининг Олот туманида катта миқдордаги ўғирлик ортидан икки нафар ўсмир қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, улар хонадондан 50 миллион сўм, 3 000 АҚШ доллари, 295 евро ва 120 000 рублни ўғирлаб, ҳодиса жойидан қочиб кетишган.
Терговчиларнинг таъкидича, жиноят Маърифат маҳалласида содир этилган — уй эгалари хонадонда бўлмаган пайтда ётоқхонадаги шкафдан пулларни яширинча олиб чиқишган.
Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва техник ҳаракатлар натижасида Эски Олот ва Дилкор маҳаллаларида яшовчи 2008 йилда туғилган икки ўсмир гумонланувчи сифатида ушланган. Ҳозирда уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларнинг бошқа фош этилмаган ўғирликларга ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғрилик — ўзганинг мулкини яширинча ўғирлаб олиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бир гуруҳ бўлиб олдиндан тил бириктириб содир этилган ўғирлик учун эса жазо янада оғирлашади.