Ҳиндистон: “Россия нефтидан воз кечиш учун аввал Эрон ва Венесуэлага санкцияларни олиб ташланг”

Улашиш:

Ҳиндистон қўшма Штатлардан Россия нефтидан воз кечиш талабини қондириш учун шарт қўйди: Эрон ва Венесуэлага қўйилган санкцияларни бекор қилиш зарур. Бу ҳақда Bloomberg манбаси Вашингтондаги музокаралардан сўнг хабар берди.

Ҳиндистон расмийларининг таъкидлашича, Россия, Эрон ва Венесуэла каби йирик таъминловчилардан бир вақтнинг ўзида воз кечиш жаҳон бозорида ёқилғи нархларининг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли Нью-Дели Оқ Уйга қўшимча манбаларга йўл очишни шарт сифатида кўрсатди.

Август ойида АҚШ Россиядан хомашё харид қилгани учун Ҳиндистон товарларига 25 фоизлик қўшимча бож жорий этган эди. Бу чора Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан “адолатсиз” деб баҳоланди.

Шу билан бирга, Bloomberg маълумотларига кўра, Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш заводлари Россия энергиясидан воз кечишни режалаштирмаяпти. Вашингтон эса босимни кучайтиришда давом этмоқда.

Факт: АҚШ президенти Доналд Трамп БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Ҳиндистон ва Хитойни Россия билан иқтисодий ҳамкорлик орқали Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни молиялаштиришда айблади. Аммо бу даъво мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.