Сурхондарёда қуёш энергияси билан суғориш энергия ва сувни тежамоқдами?

Чоп этиш

Қуёш панеллари суғориш насосларининг электр харажатини камайтириши мумкин. Аммо арзон энергия сувни ҳам тежайдими? Иқлим ўзгариши шароитида бу савол технологиянинг қўллаш билан биргаликда катта аҳамиятга эга.

Деҳқон учун сувни далага етказиш ҳамда ҳосилни сақлаб қолиш муҳим. Насос ишлатиладиган хўжаликларда бунга электр энергияси ва ёқилғи харажатлари ҳам қўшилади. Қуёш панеллари орқали олинадиган энергия эса ана шу харажатни камайтириш имконини беради. Бироқ насоснинг арзонроқ ишлаши сувдан самаралироқ фойдаланилаётганини билдирмайди. Сурхондарёда айрим фермерлар қуёш панелларига аллақачон ўтган. 

Уларнинг тажрибаси суғориш харажатини камайтириш мумкинлигини кўрсатади. Аммо сувни ҳам тежаш учун панел ўрнатишнинг ўзи етарли эмас. Қуёш энергияси билан суғориш имкониятларини баҳолаш учун иккала натижани биргаликда таҳлил қилиш керак: хўжалик қанча энергия тежади, далага қанча сув сарфланади. Вилоятдаги икки фермер тажрибаси бу фарқни кўрсатади. Жарқўрғон туманидаги “Абдумўмин Жўраев” фермер хўжалиги раҳбари Янгибой Жўраев 2025-йилда суғориш харажатларини камайтириш учун энергия тежамкор насослар ва қуёш панелларидан фойдаланишга киришган. ЎзАнинг материалига кўра, фермер 98 гектардан ортиқ ерда деҳқончилик қилади, далаларига сув насос ёрдамида етказилади. Лойиҳада йилига 105 минг киловатт-соат электр ишлаб чиқариш ва 100 миллион сўмлик энергия харажатини тежаш мўлжалланган. Бу рақамлар ўша пайтдаги кутилган натижалар эди. Хабарда тизим ишга тушганидан кейинги йиллик ҳисоб ёки сув сарфининг ўзгариши келтирилмаган. Жарқўрғондаги ташаббус муҳим саволни келтириб чиқаради: қуёш энергияси билан суғориш фермернинг электр харажатини камайтириш билан бирга сувни ҳам тежай оладими? Ангор туманида фаолият юритаётган фермер Жамшид Қодиров ўз хўжалигида қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган суғориш тизими ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган. Фермер хўжалигида сувни тўплаш ва сақлаш учун махсус ҳавза барпо қилинган. Ҳавзанинг туби ва ён томонлари сувнинг тупроққа сизиб кетишини камайтирадиган қоплама билан қопланган. Қуёш энергиясида ишлайдиган насос ёрдамида сув ҳавзага етказилади. Жамшид Қодиров хўжалигида томчилатиб суғориш технологиясидан ҳам фойдаланмоқда. Ушбу усул сувни бевосита ўсимликларнинг илдиз қисмига етказиш орқали суғориш жараёнида юзага келадиган айрим йўқотишларни камайтириш имконини беради. Бу тажрибанинг муҳим жиҳати  энергия ва сувдан самарали фойдаланишга қаратилган икки технологиянинг биргаликда қўлланаётгани саналади. Қуёш панеллари насос учун электр энергияси ишлаб чиқаради, томчилатиб суғориш эса сувни экинларга меъёр асосида етказишга хизмат қилади. Аммо мазкур тизим қанча электр энергияси ва сувни тежаётганини аниқлаш учун технологиялар жорий этилишидан олдинги ва кейинги кўрсаткичларни солиштириш керак.

Фото: Ангор тумани. Фермер Жамшид Қодиров суғориш учун ташкил этилган сув сақлаш ҳавзаси ёнида.

Иқлим босими остидаги суғориш

Ўзбекистонда сув ва энергия масалалари бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Жаҳон банкининг 2025-йил 21-майдаги маълумотига кўра, қарийб 2,4 миллион гектар ер, яъни мамлакатдаги суғориладиган майдонларнинг 56 фоизи, насос орқали сув етказишга боғлиқ.  Суғоришда фойдаланиладиган 1 700 га яқин насос станцияси йилига тахминан 7,2 миллиард киловатт-соат электр сарфлайди. Бу мамлакатдаги жами электр истеъмолининг 16 фоизи демакдир. Банк прогнозига кўра, иқлим ўзгариши мавжуд сув ҳажмини 30–40 фоизга камайтириши, суғоришга бўлган эҳтиёжни эса 25 фоизга ошириши мумкин. Жаҳон банки сув танқислиги кучайишини музликлардан келадиган оқимнинг камайиши, буғланишнинг ортиши, ёғингарчиликдаги беқарорлик ва қурғоқчилик билан боғлайди. Эскирган ирригация инфратузилмасидаги йўқотишлар ҳам муаммони оғирлаштиради. 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги 30 йилда аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 048 куб метрдан 1 438 куб метрга, яъни 53 фоизга камайган. 2030-йилга бориб мамлакатдаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу шароитда фермер олдида икки вазифа туради: сувни далага етказиш харажатини камайтириш ва мавжуд сувдан самаралироқ фойдаланиш. Қуёш панели биринчи вазифага ёрдам бериши мумкин. Иккинчиси эса сувни қандай олиш ва экинга қандай етказишга боғлиқ. Сурхондарё асосан Амударё ҳавзасидан сув олади. Бу дарё оқимининг атиги 7 фоизи Ўзбекистон ҳудудида шаклланади: 56 фоизи Тожикистонда, 28 фоизи Афғонистонда ҳосил бўлади. Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ишлатиладиган сувнинг қарийб 80 фоизи қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади. Яъни вилоят ўз сув манбасини тўлиқ назорат қила олмайди ва мавжуд сувни тежаш ягона мустақил йўл бўлиб қолади. Сурхондарё учун бу муаммо янада кескин. Президент 2023-йил ноябрда Термизда ўтказилган йиғилишда вилоятдаги ерларнинг 80 фоизи насос орқали суғорилишини, 52 та насоснинг хизмат муддати эса 40 йилдан ошганини айтган. Вилоятдаги 1 700 километрлик суғориш тармоғининг ярми тупроқ ўзанли бўлгани сабабли сувнинг 35 фоизи йўқолмоқда. Ўша йиғилишда яқин йигирма йил ичида Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга камайиши кутилаётгани ҳам таъкидланган. Сув хўжалиги вазирлиги таҳлилига кўра, Сурхондарёда қишлоқ хўжалигининг сувга бўлган ўртача талаби йилига 4,12 миллиард куб метрни ташкил этади. Сўнгги ўн йилда эса ўртача 3,81 миллиард куб метр сув берилган. 2013–2017-йилларда талаб тўлиқ қондирилган бўлса, 2020, 2021 ва 2022-йилларда сув таъминоти талабнинг мос равишда 68, 78 ва 84 фоизини ташкил этган.

Вилоятнинг асосий сув манбаларига оқим ҳам камайган: сўнгги ўн йилда Жанубий Сурхон сув омборига келадиган сув 15 фоизга, Тўполанг сув омборига келадиган сув 8,9 фоизга қисқарган. 

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жорий этилган лойиҳа сув ва энергияни биргаликда бошқаришга мисол бўла олади. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2024-йил 8-августда эълон қилган маълумотга кўра, бу ерда қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган насос 180 метр чуқурликдаги қудуқдан сув чиқаради. Сув томчилатиб суғориш тармоғи орқали 10 хонадоннинг жами 0,8 гектар ерига етказилади. Лойиҳа ташкилотчилари анъанавий суғоришга нисбатан қарийб 60 фоиз сув тежалаётганини билдирган. Ортиқча ишлаб чиқарилган электрни тармоққа сотишдан тушадиган маблағ эса қудуқ ва суғориш тармоғини ишлатишга йўналтирилиши қайд этилган. Бу мисолнинг асосий жиҳати шундаки, қуёш насоси ва томчилатиб суғориш бир тизимда ишлайди. Эълон қилинган сув тежами бутун тизимга тегишли, уни фақат панел ўрнатиш натижаси деб талқин қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, бу кўрсаткич лойиҳа ташкилотчиларининг маълумоти эканини ҳисобга олиш лозим. Шу тажрибани Сурхондарёдаги бошқа хўжаликка татбиқ этиш учун экин тури, тупроқ, сув манбаси ва аввалги суғориш усули ҳам ўрганилиши керак. Фарғона туманидаги “Жалолиддин Ғоипов” наслчилик фермер хўжалиги тажрибаси эса қуёш энергиясининг молиявий томонини кўрсатади. ЎзАнинг 2025-йил 28-мартдаги хабарига кўра, хўжалик суғориш қудуғини электр билан таъминлаш учун 51 киловатт қувватли қуёш панелларини ўрнатган. Бунинг учун Франция тараққиёт агентлиги кредит линияси ҳисобидан Ҳамкорбанк орқали 300 миллион сўм кредит ажратилган. Хўжалик раҳбари Бахтиёржон Усмонов нашрга қуёш энергияси қудуқни ишлатиш имкониятини яхшилагани ва ортиқча электрни сотишдан қўшимча даромад олинаётганини айтган. Хабарда ойига икки миллион сўмдан кўпроқ электр сотилиши билдирилган. Бироқ сув сарфи аввалгига нисбатан қанча ўзгаргани кўрсатилмаган. Демак, бу мисол энергия таъминоти ва даромад ҳақида маълумот беради. Сув тежалганини аниқлаш учун эса алоҳида ўлчов талаб этилади. 

                Қуёш энергиясида суғориш имкониятлари ва хавфлари

Кўрсаткич

Имконият

Эҳтимолий хавф ёки чеклов

Электр харажати

Тармоқ электрига эҳтиёж камаяди

Дастлабки ускуна харажати юқори бўлиши мумкин

Ёқилғи сарфи

Дизелга эҳтиёж камаяди

Қуёш нури ва захира қувватига боғлиқлик

Сув истеъмоли

Сувни бошқариш имконияти

Назоратсиз сув тортиш кўпайиши мумкин

Суғориш самарадорлиги

Томчилатиб суғориш билан ошиши мумкин

Эскича суғориш усулида сув исрофи сақланади

Экологик таъсир

Фосил ёқилғига нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиси 95 фоиздан кўпроқ камаяди

Сув манбаларига босим ортиши мумкин

Узоқ муддатли фойда

Эксплуатaция харажатлари камайиши мумкин

Таъмирлаш ва техник хизмат талаб этилади

Манба: FAO, The Benefits and Risks of Solar-Powered Irrigation  A Global Overview (2018) асосида муаллиф томонидан умумлаштирилган. Жадвал технологиянинг умумий имкониятлари ва хавфларини кўрсатади. Сурхондарёдаги маҳаллий дала ўлчовлари ёки статистик натижаларни ифодаламайди.

 Арзонроқ сув чиқаришнинг яширин хавфи борми?

Қуёш насосининг афзаллиги шундаки, у электр тармоғи ёки дизелга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Аммо сув чиқариш харажати пасайганда насосни узоқроқ ишлатиш иқтисодий жиҳатдан осонлашади. ФАО ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (ГИЗ) 2018-йилги ҳисоботида шу хавф кўрсатилган: етарли бошқарув бўлмаса, арзон энергия ерости сувларини ортиқча олишга олиб келиши мумкин. Ҳисобот бошланғич сармоянинг катталиги, техник билим ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси зарурлигини ҳам қайд этади. Масалан, фермер электр харажатидан тежаган маблағи ҳисобига суғориладиган майдонни кенгайтириши мумкин. Бунда бир гектарга сарфланадиган сув камайган тақдирда ҳам хўжаликнинг жами сув олиши ошиши эҳтимоли бор. Шунинг учун сув самарадорлигини баҳолашда икки кўрсаткични кузатиш керак: бир гектар ёки бир тонна ҳосилга сарфланган сув ҳамда хўжаликнинг мавсум давомида олган жами сув миқдори. Иқлимга фойдани баҳолаш ҳам ҳисоб-китобни талаб қилади. Жаҳон банки мутахассиси Соумя Баласубраманя 2024-йилги таҳлилида қуёш насоси ўрнатилиши қазилма ёқилғида ишлайдиган ускунадан тўлиқ воз кечилишини кафолатламаслигини тушунтиради. Фермер бир нечта энергия манбасини параллел ишлатиши ёки экин майдонини кенгайтириши мумкин. Шу сабабли чиқиндилар камайишини ҳам автоматик натижа деб қабул қилиб бўлмайди.

Сурхондарё учун натижани қандай ўлчаш керак?

Кўриб чиқилган тажрибалардан Сурхондарёда қуёш билан суғоришни баҳолаш учун аниқ мезонлар келиб чиқади. Аввало, тизимдан олдинги ва кейинги электр ёки ёқилғи сарфини солиштириш керак. Бунда бир хил мавсум, суғорилган майдон ва етиштирилган экин ҳисобга олиниши керак. Электр учун тўлов камайиши тармоқдан камроқ энергия олинганини кўрсатиши мумкин. Аммо сув тежалганини билиш учун сув ҳисобига ҳам қараш лозим. Насос неча соат ишлагани фойдали маълумот, лекин чиқарилган сув ҳажмини билиш учун насоснинг ҳақиқий унумдорлиги ёки сув ҳисоблагичи кўрсаткичлари керак. Сув қудуқдан олинса, ерости суви сатҳининг ўзгариши ҳам кузатилиши муҳим. Ниҳоят, молиявий ҳисоб фақат тежалган электр пули билан чекланмаслиги керак. Ускуна, кредит, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам натижага таъсир қилади. Жарқўрғондаги фермер лойиҳаси бўйича эълон қилинган режа истиқболни кўрсатади. Унинг ҳақиқий самарасини эса мавсумларнинг сув, энергия харажат тоқослаш орқали таҳлил қилиш керак. Қуёш энергияси билан суғориш иқлим ўзгаришига мослашиш воситасига айланиши мумкин. Бунинг учун энергия манбасини янгилаш сувни ҳисобга олиш, экин эҳтиёжига мос суғориш ва манбани асраш билан бирга олиб борилиши керак. Натижанинг энг муҳим ўлчови далага қанча панел ўрнатилгани эмас, балки мавжуд сув ва энергия билан қанча ҳосил етиштирилгани муҳим ҳисобланади.  БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) тадқиқотларига кўра, қуёш энергиясида ишлайдиган суғориш тизимлари фермерларнинг энергия харажатларини камайтириш имконини беради. Бироқ бундай технологиялардан фойдаланиш ҳар доим ҳам сув тежалишини англатмайди. Хусусан, насосларни ишлатиш харажатларининг камайиши сувдан фойдаланиш ҳажмининг ортишига ҳам олиб келиши мумкин. Шу сабабли мутахассислар қуёш энергиясида ишлайдиган суғориш тизимларини сув сарфини ўлчаш, суғоришни режалаштириш ва сувни тежовчи технологиялар билан биргаликда жорий этиш муҳимлигини таъкидлайди. Демак, Сурхондарё шароитида қуёш энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини фақат электр харажатларининг камайиши билан эмас, балки сарфланган сув миқдори ва олинган ҳосил натижалари билан ҳам баҳолаш зарур.


Central Asia Climate Campaign 2026 Германия Федератив Республикасининг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) кўмагида, “Communicating Climate in Central Asia” лойиҳаси доирасида MediaNet халқаро журналистика маркази ва n-ost томонидан амалга оширилмоқда.

Мавзу юзасидан фикр, мулоҳаза ёки қўшимча маълумотларингиз бўлса, Sangzor.uz Telegram канали орқали таҳририятга йўллашингиз мумкин.
Фикрлар (0)
Фикр билдиринг
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив