ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси 60 та фуқаронинг йўқолган ҳужжатларини тиклаб берди

Улашиш:

Инсон умри ўтиб бораётганини белгиловчи мезонлардан бири шубҳасиз вақтдир. Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди, юз берган фалокатларни унутишга кўмаклашади. Азиза холанинг бутун умри чўл бағрида ўтди. Ўтган йиллар унга оила деб аталмиш муқаддас бахтни, фарзандлар каби умр неъматини, аёллик ва оналик бахтини берди. Аммо бу йилги 1 май тонги барча маҳалладошлари каби Азиза хола оиласининг ҳам ҳаловатини йўқотди. Сардоба сув омборида юз берган техноген вазият туфайли яшаб турган уйи катта талофат кўрди.

-Ҳеч кутилмаганда рўй берган бу балодан шошиб қолдик, Эрта тонгда югургилашиб, ким нима улов учраса ўшанга чиқиб, бостириб келаётган сув балосидан қочишга уриндик, - дейди Оқолтин туманидаги “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Азиза Абдураҳмонова. - Сира бундай фалокатни кўрмаганимиз учунми, ўғлим Шоҳжаҳоннинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларни уйда қолдириб келибмиз. Эртасига билсак, уйимизни ҳам тошқин оқизиб кетибди. Бир томондан уйсиз қолганимга куйинсам, буёқда ўғлимнинг ҳужжатсиз қолганига куйиниб ўтирганимизда Давлат хизматлари агентлиги ходимлари келиб, биз билан бирма-бир суҳбатлашди, нима ҳужжатимиз қолди, нима йўқолди, ҳаммасини аниқлаб, ўзларини рўйхатига ёзиб олишди. Сира хавотир бўлманглар, йўқолган ҳужжатларни тиклаб берамиз, дейишди. Шу муаммо ҳал бўлишини эшитиб, кўнглимда умид уйғонди. Мана бугун биз яшаб турган Гулистон Олимпия заҳиралари коллежи ётоқхонасига келиб, ўғлимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси дубликатини топширишди. Давлат хизматлари агентлигининг беминнат хизматидан беҳад миннатдорман.

Дарҳақиқат, сув тошқини рўй берган куннинг эртасигаёқ Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, унинг туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари масъул ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлари тузилиб, Сардоба  сув омбори тошқинидан зарар кўрган Cардоба, Оқолтин ва Мирзаобод тумани аҳолисининг яшаш шароитларини ўрганиш ва фуқароларнинг туғилганлик, никоҳ ва бошқа ҳужжатларининг бутлиги, йўқолган бўлса, уларни тиклаш бўйича ҳаракатлар оператив тарзда олиб борилди. 

Айниқса, Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги раҳбариятининг вилоятимиздаги эвaкуация ҳудудларига ташрифи олиб борилаётган ҳаракатларни янада жадаллаштирди. Техноген вазият юз берган куннинг эртасигаёқ бошланган ўрганиш ҳаракатлари давомида минглаб сув тошқинидан жабрланганлар билан суҳбатлар ўтказилди. Ҳужжатларни тиклаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилиб, оператив равишда амалга оширилган ҳаракатлар натижасида тикланган ҳужжатларни ўз эгаларига топшириш жараёнлари бошланди.

Бугуннинг ўзида Гулистон шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежи, Гулистон Академик лицейи, Гулистон мусиқа ва санъат мактаб-интернати, Гулистон тиббиёт коллежи биноларига эвакуация қилинган фуқаролардан 60 нафарига такрорий гувоҳномалар  топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қайта тикланган ҳужжатлар ҳеч қандай тўловларсиз расмийлаштирилиб берилмоқда. Албатта, бу Сардоба сув омбори талофатидан жабрланган фуқароларга нисбатан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасидир. Йўқолган ҳужжатлари қайта тиклангач, уни қўлига олган халқимиз вакилларининг чеҳрасидаги қувонч келажакка бўлган умид ва ишончдан далолат бериб турибди.

Токи ҳаёт бор экан, инсон яхши ният билан, орзу билан яшайди, уй қуради, иморат солади, тўй қилиб элга ош берсам, деб ният қилади. Орзуларини сув ювиб кетган бўлса-да, тушкунликка тушмаган, эртанги кунга катта умид билан боқаётган юртдошларимизнинг метин иродасига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Зеро, уларнинг ортида катта ҳарфлар билан ёзиладиган Ўзбекистондек қудратли мамлакат ва унинг одил Президенти турибди.

ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.