Ҳокимнинг собиқ матбуот котиби тергов пайтида қийноққа солинганини айтмоқда

Улашиш:

Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳокимининг собиқ матбуот котиби Зафар Жўраев тергов пайтида қийноққа солинганини айтмоқда. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

Туман ҳокимининг собиқ матбуот котиби З. Жўраев ўтган йили карантин тўй қилган шифокорлар ҳақида хабар тарқатгани ортидан ИИБ босимига учраган. Кўп ўтмай мазкур босим остида ишдан бўшаган. Шундан кейин унга нисбатан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг 2021 йил 11 мартдаги ҳукмига кўра, З. Жўраев иккита эпизод бўйича оқланади. Бироқ маълум бир ҳақ эвазига ер олиб беришни ваъда қилишда айбланиб, 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилади.

«...Тергов давомида ИИБнинг Бекзод исмли терговчиси томонидан таҳқирландим. Қийноққа солиндим. Терговчи очиқчасига карантиндаги тўй ҳақида хабар берганимни, бу эса уларга қимматга тушганини эслатиб, қийноққа солишда давом этди. Ўша пайтда бу ҳақда масъулларга билдириб, терговга бормаслигимни, агар терговга мажбурлаб олиб боришса, ўзимга бирор нима қилиб қўйишимни айтдим. Хайрият, ўша пайт терговчини ўзгартиришди. Судда менга қўйилган учта эпизоднинг иккитаси асосланмади. Ва судда бу айбловларни олиб ташлашди. Аммо ер олиб бериш эвазига ўзгалардан пул олганликда айблашиб, 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш билан жазолашди. Лекин асос кўрсата олишмади. Судьядан бу ҳақда сўраганимда, шу иш бўйича жиноят иши очилганини, етарли асос бўлмаса-да, жазо тайинлашга мажбурлигини айтди», — дейди Жиноят ишлари бўйича вилоят судида сўнгги сўз айтиш имконини олган Зафар Жўраев.

Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати собиқ матбуот котибига тайинланган ҳукмни қисман ўзгартирган. Суд ажримига кўра, Зафар Жўраевга тайинланган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш жазоси унинг тергов ҳибсхонасида сақланган 6 ойлик муддатни ўтагани учун жазо ўталган деб ҳисобланиши белгиланди.

Аммо З. Жўраев бундан рози эмас. Энди у Олий судга шикоят бермоқчи.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.