«Андижон турмаси»дан маҳкумнинг ўлиги чиқди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Улашиш:

Маҳаллий аҳоли орасида «Андижон турмаси» дея аталадиган вилоят ИИБ 3-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум вафот этди. Маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

Маълум бўлишича, маҳкум 31 ёшли шаҳрихонлик С.Т. бўлиб, унга нисбатан ўтган йилнинг январь ойида ўғрилик жинояти учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қаршидаги жазони ижро этиш муассасасида маълум муддат «ўтиргач», қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиши натижасида С. Т. озодликка чиқарилади.

Бироқ С.Т. ахлоқ тузатиш ишлари жазосини белгиланган тартибда ўташдан бўйин товлагани сабаб, суд ҳукмига асосан яна озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жорий йилнинг 19 март куни у Андижон вилояти ИИБ 3-сон тергов ҳибсхонасига жойлаштирилади.

Орадан тўрт кун ўтиб, яъни 2022 йилнинг 21 март куни юқорида қайд этилган тергов ҳибсхонасида С.Т. вафот этади.

Маҳкум олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этгани эътиборидан айни пайтда Ўзбекистон  Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўладиган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.