Маҳкумлар билан қонуний никоҳ қандай расмийлаштирилади?

Улашиш:

Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар билан никоҳни қайд этиш шу муассаса жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ бўлими томонидан амалга оширилади. Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс никоҳга кириш ҳақидаги махсус бланкадаги аризанинг ўзига тааллуқли қисмини тўлдириб ўзи доимий яшаётган ёки жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига топширади. ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштиради, аризада қайд этилган маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради. Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади.

Маҳкум билан никоҳга кириш ҳақидаги аризани олгандан кейин, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти уни тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти тўлдирилган аризадаги маълумотларни маҳкумнинг шахсий йиғмажилдидаги маълумотлар билан солиштиради, уларнинг ҳақиқийлигини ва имзосини тасдиқлайди ва аризани жазони ижро этиш муассасаси жойлашган мазкур ҳудуддаги ФҲДЁ органига юборади.

Бунда ариза ФҲДЁ органи томонидан рўйхатдан ўтказилгандан кейин шу куннинг ўзида никоҳга кирувчи маҳкумнинг тиббий текширувдан ўтиши учун йўлланма ва никоҳни қайд этиш вақтини белгилаш тўғрисидаги хабарнома жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига юборилади. Шунга асосан жазони ўташ муассасалари маъмурияти маҳкумни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан белгиланган тартибда ўтказади.

Шундан сўнг, маҳкум билан никоҳни қайд этиш ФҲДЁ органи билан келишилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади ва маҳкум билан никоҳга кирувчи шахсга ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Маълумот ўрнида қайд қилиш жоизки, судгача қамоқда ушлаб турилган шахслар билан никоҳни қайд этиш тергов ишини олиб бораётган мансабдор шахс ёки орган рухсати билан шу ҳудуддаги ФҲДЁ органи томонидан вақтинча сақлаш ҳибсхонасида (тергов ҳибсхонасида, гауптвахтада) амалга оширилади. Бунда никоҳга кириш ҳақидаги аризага ва никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига қайд этишга рухсат берган органнинг мансабдор шахси имзоси қўйилади.

Дилноза Сайдкулова  - ДХА Жиззах вилоят

бошқармаси бош маслаҳатчиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.