Савол борми- жавоб берамиз!

Улашиш:

 

Фуқаролардан келиб тушаётган саволларга Ш.Рашидов туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Нигора Мирзақулова жавоб беради.

1 Савол: Озодликдан маҳрум этилган инсон билан никоҳдан ўтмоқчиман. Тартиби қандай?

Жавоб: Маҳкум билан никоҳни қайд этиш жазони ўташ муассасаси ҳудуддаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади. Маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс, никоҳга кириш ҳақидаги аризани ўзига таалуқли қисмини тўлдириб муассасаси жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ органига топширади.

ФҲДЁ органи аризада келтирилган маълумотларни ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан солиштириб, маълумотларнинг тўғрилигини ва аризачининг имзосини тасдиқлайди ва унга аризани қайтаради. 

Шундан сўнг маҳкум билан никоҳга киришни хоҳловчи шахс бу аризани маҳкумга бериши учун жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятига топширади. Муассаса маъмурияти аризани тегишли жойини тўлдириш учун маҳкумга тақдим этади. Никоҳни қайд этиш муассаса маъмурияти томонидан ажратилган бинода никоҳга кирувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.

 

2 Савол: Никоҳ шартномаси қандай тузилади?

Жавоб: Энг аввало никоҳ шартномаси нима эканлигига ойдинлик киртисак. Эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва никоҳдан ажралган тақдирда, уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси дейилади.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Бунинг учун бўлажак эр ва хотин исталган нотариал идорага мурожаат қилишлари мумкин. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар тузилиши мумкин, бунда никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Бундан ташқари, шартнома никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин, бунда у нотариал тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга киради. Шартнома муддатли тузилиши мумкин, бунда шартнома унда кўрсатилган кунгача амалда бўлади. Шартнома муддатсиз ҳам бўлиши мумкин, бунда шартнома никоҳ бекор қилингунга қадар амалда бўлади.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.