“Савол борми? Жавоб берамиз”

Улашиш:

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси томонидан фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш амалиёт йўлга қўйилган. Бугун Зомин туман ФҲДЁ бўлими мудираси Санобар Бобобекова қуйидаги  саволларга тушунтириш беради.

 

Савол: Бувим ФҲДЁ бўлими мудири, никоҳимни ўзлари қайд этишини хоҳлагандим. Лекин мумкин эмаслигини айтишди. Бунинг сабаби нимада?

 

Жавоб: Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ, ФҲДЁ органлари ходимлари, ўзи, эри ёки хотини ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган ака-ука, опа-сингиллари) тўғрисида далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмаслар.

 

Бундай ҳолатларда далолатнома ёзувларини қайд этиш ёки уларга ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш бўйсуниш тартибида юқори органнинг ёзма кўрсатмаси асосида бошқа ходим томонидан ёки бошқа ФҲДЁ органида амалга оширилади. Далолатнома ёзувларининг «Белгилар учун» устунига бу тўғрида тегишли ёзув киритилади.

 

Савол: Ассалому алайкум! Зомин туманида яшайман. Ажрашиш учун ариза бермоқчи эдим. Қайси органга мурожаат қилишим мумкин?

 

Жавоб: Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, уларнинг аризасига кўра никоҳдан ФҲДЁ органларида ажратилади.

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.