Ўқитувчилар оммавий равишда аттестация натижаларидан норози: вазирлик судга берилди

Улашиш:

Ўзбекистонда юзлаб ўқитувчилар сўнгги аттестация натижалари юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга беришди. Даъво аризасида таъкидланишича, имтиҳонлар давомида қатор қонунбузарликлар ва адолатсизлик ҳолатлари кузатилган.

Апрель–май ойлари оралиғида ўтказилган аттестацияда 190 мингга яқин педагог иштирок этган, бироқ уларнинг фақат 73 минг нафари тестдан муваффақиятли ўта олган. Қарийб 117 минг нафар ўқитувчи эса имтиҳондан йиқилган, бу эса жамоатчиликда ва соҳа вакилларида катта норозиликка сабаб бўлди.

Даъвогарларнинг асосий даъволари:

  • Тест саволларининг фан талабларига мос келмаслиги;

  • Саволларда услубий ва методик хатолар мавжудлиги;

  • Апелляция жараёнининг формалликка айланиб қолгани;

  • Комиссия қарорлари шахсий кабинетларга жойланмагани.

Шу асосда ўқитувчилар суддан қуйидаги чораларни талаб қилмоқдалар:

  1. Аттестация натижаларини ҳақиқий эмас, деб эълон қилиш;

  2. Тест синовларини қайта ўтказиш;

  3. Маънавий зарар учун товон тўлаш;

  4. Суд харажатларини қоплаш.

Аттестация натижалари юзасидан оммавий норозилик ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Қатор мутахассислар фикрича, бундай кенг кўламдаги йиқилиш ҳолатлари тизимдаги аниқ камчиликлардан далолат беради.

Ҳозирча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу масала бўйича расмий баёнот бермади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.