Фуқаролик процессуал қонунчилигидаги янгиликлар

Улашиш:

       

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2020 йил 19 декабда мақулланган Қонунга мувофиқ суд қарорларини  қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига 2021 йил 13 январда бошлаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

              Энг биринчи ва муҳим ўзгартириш процессуал қонунчиликдан фуқаролик судларидаги назорат инстанциясининг 2021 йил январь ойидан олиб ташланиши ва кассация инстанциясининг вилоят судидан олиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига олиб берилишидир.

          Шунга кўра, Фуқаролик процессуал кодексининг бир қанча моддаларидаги “апелляция, кассация ва назорат” деган сўзлар “апелляция ва кассация” деган сўзлар билан алмаштирилди.

           Иш вилоят судининг кассация инстанциясида илгари уч нафар судьядан иборат таркибда кўрилган бўлса, эндиликда Олий суд ишни такроран кассация инстанциясида кўриш беш нафар судьядан иборат таркибда кўриладиган бўлди.

            Илгари прокурор барча  фуқаролик ишларида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда  прокурор қонунда назарда тутилган баъзи ишларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишларда иштироки этиши мумкинлиги белгиланиб, ФПКнинг 50-моддасига ўзгартириш киритилди.

            ФПКнинг 249-моддасига “суднинг ҳал қилув қарори қонуний, асослантирилган ва адолатли бўлиши керак.У фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланган бўлиши керак” деган тўлдириш киритилди.Қонунга бу сўзларнинг киритилиши Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган ҳал қилув қарорларининг аҳамиятини оширишга хизмат қилади.

           Ўзбекистон Республикасидаги суд тизимига ўзгартириш киритилиб, “фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар ягона судга бирлашганлиги учун Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар суди”деган сўзлар “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди” деб ўзгартирилди.

             Прокурор ишда иштирок этган тақдирда ёки бирор иш бўйича тарафларнинг мурожаати бўлган тақдирда мурожаат нусхасини илова қилиб суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти берадиган бўлди.

             Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманларар, туман(шаҳар) судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини кўради.

             Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари судлов ҳайъати эса Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятлари(протестларини) кўриб чиқади.

             Агар илгари ФПКнинг 399-моддасига кўра, вилоят судининг апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган бўлса, биринчи инстанция суди ваколатидан фойдаланган ҳолда ишни тарафларни жалб қилиб кўриши мумкин бўлган бўлса, қонунга бу масалада ҳам ўзгартириш киритилди.

            Хусусан, ФПКнинг 399-3 моддасига кўра, эндиликда апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан тарафлардан бири ишга жалб қилинмаган бўлса ёки ишда иштирок этмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қилган бўлса, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судига юборишга ҳақли.

            Илгари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан йигирма кунлик муддат ичида апелляция шикояти берилиши ёки протест келтирилиши мумкин бўлса, эндиликда бу муддат бир ой деб белгиланди.

             Илгари биринчи инстанция судининг ажримлари устидан ўн кунлик муддатда хусусий шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин бўлса, эндиликда бу муддат йигирма кун деб белгиланмоқда.

             Эндиликда иш Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят судлари ёки Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўрилган бўлса, апелляция инстанциясининг ажримлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация инстанциясига кассация тартибида шикоят ёки протест берилиши мумкин.

             Кассацич шикояти(протести) апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

              Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва унинг ўринбосарлари шахсларнинг мурожаати бўлган тақдирда тегишли судлардан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.

              Апелляция инстанциясидан фарқли равишда кассация инстанцияси ишни кўришда янги далилларни ўрганиш ва янги фактларни аниқлаш ҳуқуқига эга эмас, яъни ишни кассация шикояти ёки протестдаги важлар доирасида кўриб чиқади.

           Кассация инстанцияси ҳам апелляция инстанцияси каби иш тарафлардан бирининг иштирокисиз кўрилган ёки ишда иштирок этмаган шахсларнинг масаласи ҳал қилинган бўлса,  ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судига юборишга ҳақли.

          ФПКнинг 403-моддасига асосан тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар  Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарларига ишни кассация тартибида  такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этишга ҳақли.

          Бундай аризалар кассация инстанцияси ажрими кассация шикояти бериш муддати ичида, агар бу муддат ўтган бўлса ажрим чиқарилган кундан бошлаб бир ой ичида берилиши мумкин.

          Протест киритиш ваколатига эга бўлган шахслар протест киритган тақдирда иш кассация инстанциясида такроран умумий асосларда кўриб чиқилади. Ишни такроран кассация тартибида кўрилганлиги ҳақидаги ажрим қатьий бўлиб, унинг устидан шикоят ёки проотест келтирилмайди.

          Қонунчиликка киритилган бу ўзгартириш, қўшимча ва тўлдиришлар фуқароларнинг йиллар давомида сарсон бўлишининг олдини олишга, суднинг нуфузини оширишга хизмат қилади. Зеро “Бир  суд- бир инстанция” тамойилининг республика судларида қўлланиши фуқароларнинг ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мукаммал ҳимоя қилишда, суд қапрорларининг барқарорлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиздир.

 

      Фуқаролик ишлари бўйича

      Фориш туман суди раиси                                        Эркин Умурзаков

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.