Одамларнинг стоматологдан қўрқиш сабаби аниқланди

Улашиш:

Дунё бўйича миллионлаб одамларнинг стоматолог қабулидан чўчишига сабаб бўладиган энг асосий омил — бу тиш ковловчи машинанинг юқори частотали ва ўткир визиллаган овози. Осака университети тадқиқотчилари илк бор ушбу муаммони илмий жиҳатдан ўрганди ва қўрқувнинг асосий манбаи шовқиннинг баландлигида эмас, балки унинг ўта ёқимсиз сифатида эканини аниқлади. Бу кашфиёт келажакда стоматология муолажаларини, айниқса болалар учун, анча қулай ва камроқ стрессли қилишга йўл очади.

Тадқиқотга стоматолог Томоми Ямада бошчилик қилган. У беморларнинг асбобнинг юқори частотали ҳуштакдек овозидан сесканиб кетишини кузатгач, бу кенг тарқалган муаммонинг тизимли ўрганилмаганига эътибор қаратди. Муаммонинг илдизини аниқлаш учун олимлар Япониянинг энг қудратли суперкомпьютерларидан бирида кенг кўламли аэроакустик симуляциялар ўтказдилар.

Стоматология машинаси сиқилган ҳаво асосида ишлайди ва дақиқасига 320 минг маротаба айланиш тезлигига эга. Бу тезлик мураккаб турбулент ҳаво оқимларини ҳосил қилади. Симуляциялар асбоб ичидаги ва атрофидаги ҳаво ҳаракатини визуаллаштиришга имкон берди. Айнан шу гирдобсимон ҳаво оқимлари одамларга таниш бўлган ўткир визиллаган овозни чиқаради.

Ямаданинг таъкидлашича, муаммони ҳал қилиш учун шунчаки овозни пасайтириш етарли эмас. "Энг муҳим нарса – овозни тинчроқ қилиш эмас, унинг сифатини яхшилаш", – дейди у. Яъни, овознинг частота спектрини инсон қулоғи учун камроқ ёқимсиз бўлган диапазонга ўзгартириш зарур.

Тадқиқотнинг энг муҳим натижаларидан бири, олимларнинг турли гуруҳдаги беморларнинг овозни қандай қабул қилишини ўрганиши бўлди. Стоматология машинасининг частотаси 20 кГц гача етадиган баланд товуши катталар ва болаларга турлича таъсир қилар экан.

Ўтказилган синовлар болалар бу товушни катталарга қараганда баландроқ ва ўткирроқ эшитишини кўрсатди. Бу ҳолат болаларнинг эшитиш сезгисининг юқори частоталарга нисбатан янада сезгирлиги билан боғлиқ.

"Бу шуни англатадики, болаларнинг стоматологик муолажалардан қўрқиши фақат психологияга боғлиқ эмас. Уларнинг эшитиш сезгиси бу товушларни ҳақиқатан ҳам янада ёқимсиз қабул қилади", – дея изоҳ берди Ямада. Бу кашфиёт болалар стоматологиясидаги қўрқув муаммосига янги, физиологик нуқтаи назардан ёндашишга имкон беради.

Муаммони ҳал қилиш учун тадқиқотчилар ускунанинг ички тузилиши ва ҳаво оқимини чиқарувчи қисмларини қайта ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Асосий мақсад — асбоб самарадорлигини камайтирмаган ҳолда, кесувчи пичоқлари ва ҳаво чиқарувчи тешиклари шаклини оптималлаштириш орқали ёқимсиз шовқин спектрини қисқартириш.

Тадқиқотнинг кейинги босқичи ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик бўлиб, ускунани зарур хавфсизлик ва чидамлилик синовларидан ўтказгандан сўнг технологияни тижорий қўллаш даражасига етказиш режалаштирилган.

Агар бу ишланма амалиётга жорий этилса, келажакдаги стоматология кабинетлари анчагина "жим" ва ёқимли бўлади. Бу, аввало, миллионлаб беморлар, хусусан, ўткир шовқинга жуда сезгир бўлган болалар учун стоматологик ёрдам олиш жараёнидаги стрессни кескин камайтиради ва аҳолининг тиш соғлиғига бўлган муносабатини яхшилайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.