Давлат ташкилотлари ходимлари учун нормадан ортиқ ишланганда стрессларни енгиш бўйича лайфхак

Улашиш:

Sangzor.uz  сайтининг телеграмдаги каналида давлат хизматчилари ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровнома иштирокчиларига “Сизнингча давлат хизматчилари стрессга тушадиларми ва бунга нима сабаб бўлади?” мазмунида савол берилган эди. Жавоблардан иштирокчилар орасида давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар стрессли вазиятлари ҳақида жамоатчиликнинг билиши уларга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаради дегандек хулосага келиш мумкин.

Бунга нималар сабаб бўлиши мумкин?

Sangzor.uz  бугун давлат ташкилотларида ишловчи ходимларга нормадан ортиқ ишланганда стрессларни енгиш бўйича ўз маслаҳатларини бериб ўтади. Бунинг учун мақолани оҳиригача ўқиш тавсия этилади. Демак бошладик. 

Давлат хизматчиси қандай шароитда ишлаши керак?

Давлат ташкилотларида ишлаш кўпчилик учун ёқимли бўлмаган жараён. Буни бир неча бор ўзим билан боғлиқ вазиятларда бошимдан ўтказганман. Ва кўпинча бу одамнинг эркини чеклаш билан боғлиқ вазиятга яққол мисол бўлади. 

Тўғри ёқимли жиҳатлари ҳам кўп: вақтида иш ҳақини тўлашади, мукофотлаш, таътилга чиқиш, ажойиб ҳамкасблар даврасида ишлаш, каръера қилиш ваҳоказо вазиятлар ҳам бор. Лекин режим асосида ишлайдиган ишхоналарда хато қилиб қўйишдан қўрқиш, раҳбарият билан келиша олмаслик, жамоада мавқега эга бўлолмаслик каби ҳолатлар ҳам мавжудки, бу кўпинча стрессли вазиятларни келтириб чиқаради.

Бир неча йил олдин ҳокимликда ахборот хизматлари ташкил этилганда халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ишлашга тўғри келган. Ўша вақтда Ўзбекистонда БМТТДнинг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Жиззах ва Наманган вилоятларида пилот лойиҳалар амалга оширилди.

Ушбу лойиҳа туфайли телевидениедаги фаолиятимни якунлашимга тўғри келган. Шундан бери бир қанча ташкилотлар ахборот хизматларида ишлашимга тўғри келди ва бу фаолиятимнинг янги даврини бошлаб берган, десам адашмаган бўламан. 

Бугунги кунда ушбу лойиҳа амалга оширган ишлар қаторига иккита вилоятдаги маҳаллий ҳокимликларда намунали Ахборот хизматлари қандай бўлиши кераклиги кўрсатиб берилган эди. Шундан сўнг ҳокимликлар қошида аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида “Ягона ойна” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу марказлар кейинчалик Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиши ва ҳудудларда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилишига сабаб бўлди.  

Хуллас мавзудан узоқлашмаган ҳолда айтишим мумкинки, хорижий ташкилотлардаги корпоратив муҳит менда ўша вақтда катта таассурот қолдирганди. 2010-2016 йиллар оралиғини солиштирганда Ўзбекистондаги ташкилотларда раҳбар гўёки қўл чўзса етмайдиган тоғ чўққисидаги “маъбуда” каби илоҳийлаштирилган эди, десам янглишмаган бўламан. 

Ўша пайтдаги бошқарув тизимига назар ташлайдиган бўлсак, ташқаридан қараганда бошқа манзара, ичкарида эса бутунлай бошқача муҳитни кузатиш мумкин бўларди. Раҳбарлар чет эл ташкилотлари вакиллари билан муносабатлари бошқача, ходимлар билан эса умуман тескари вазиятда эди. Ҳам давлат ташкилоти, ҳам халқаро лойиҳа билан ҳамкорликда ишлаган ходим сифатида айтишим мумкинки, бу ҳолатга тажрибам ва кузатувларим асосида етарлича баҳо бериш имкониятига эгаман.

Бу эса авторитар бошқарув тизими туфайли давлат ташкилотида ишлайдиган оддий мутахассис учун баъзида стрессли вазиятларни келтириб чиқарар эди. Тўғри бошқарувда қаттиққўллик муҳим, лекин бунда мақсадга эришиш йўлида ходимларнинг кайфиятига салбий таъсир ўтказиш орқали эришилмаслиги керак. 

Ҳар қандай жамоага раҳбар (лидер) зарур ва бу жуда масъулиятли вазифа. Жамоа кўпчиликдан ташкил топади ва фикри, дунёқараши, маънавияти, характери, руҳияти турлича инсонлардан иборатдир. Раҳбар уларнинг турли-туман, яхши-ёмон ишларини, албатта, кузатиб туриши керак бўлади, токи ҳеч бир иш унинг назаридан четда қолмаслиги зарур. Агар раҳбар фақат бошқарув ишлари-ю, ўз шахсияти билан банд бўлиб қолса, қўл остидаги оммани кузатишга бефарқ бўлса, унда бу раҳбардан воз кечиш лозим. Ўз муассасаси аъзоларининг хатти-ҳаракатларидан воқиф бўлмаслик жамоанинг бир неча тарафга бўлинишига олиб келади. Бундай раҳбар давлатга ҳам, жамоасига ҳам фақат зарар келтиради.

Давлат хизматчилари учун тиббий кўрикнинг аҳамияти

Жамоанинг энг кичик аъзоси ҳам баъзида катта маош оладиган раҳбар каби ўзига юклатилган вазифаларни ортиғи билан адо этишига тўғри келади. Баъзида бу чексиз иш вақти, ортиқча юкламалар тарзида кўзга ташланади. Буларнинг барчаси вақти келиб ўша ходимнинг соғлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 

2023 йил бошида республика бўйича 6 мингга яқин давлат хизматчилари бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилди

Касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг олдини олиш саломатлик учун муҳим. Бу омил — оилада фаровонлик,  давлат хизматида эса самарадорликни таъминлайди. Маълумотларга кўра,  ҳокимликлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва барча ҳокимликларда фаолият юритаётган жами 5 744 нафар давлат фуқаролик хизматчилари 10 дан ортиқ турдаги бирламчи тиббий кўрикдан ўтказишди.  

Тиббиёт ходимларининг хулосаларига кўра, ҳокимлик ходимлари ўртасида овқат ҳазм қилиш органлари (сурункали гастрит), юрак қон томир (артериал гипертония), асаб тизими (остеохондроз), кўз ва эндокрин (қандли диабет ва семизлик) каби касалликлар аниқланди.

Булар орасида учраётган яна бир ҳолат борки уни илмий манбаларда “СТРЕСС” деб аташади. 

Стресс нима?

Кейинги пайтларда стресс, тушкунликка тушиш каби сўзлар тез-тез қўлланиладиган бўлиб қолди. Бу ҳолат баъзида оилавий ажримлар, баъзан ўз жонига қасд қилишга уриниш каби ҳолатларни келтириб чиқараётгани ҳақидаги ахборотлар тарқалмоқда. Стресс нима? Унинг юзага келишига қандай омиллар сабаб бўлади, каби саволларга жавоб олиш мақсадида Республика врачлар ассоциацияси Жиззах вилоят бўлими раиси Мунаввар Содиқов билан суҳбатлашдик.

– “Стресс” инглизча сўз бўлиб танглик, зўриқиш, босим деган маъноларни англатади. Оддий тилда тушкунликка тушиш, дейилади. Бу баъзида оз фурсат, баъзида узоқ вақт кечиши мумкин. Иккала ҳолатда ҳам инсонга зарар етказади. Яъни, ақлий фаолиятнинг сусайиши, юрак уриши тезлашиши, қон томирлари кенгайиши, ички касалликлар – ошқозонда яллиғланишлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Стресснинг салбий томонларидан яна бири мияни тормозлаб, маъносиз фикрлайдиган даражага тушириб қўйиши мумкин. Агар одам тез-тез тушкунликни бошидан кечирса, атрофдагилар билан гаплаша олмайдиган ҳолатга тушади. Стресс натижасида инсон ўзига паст баҳо бера бошлайди. Оқибатда ўзини ёлғиздек, яқинларига кераксиздек ҳис қилади. Секин-аста руҳий тетиклик йўқола бошлайди.

– Стресснинг илк белгилари қандай намоён бўлади?

– Унинг физиологик ва психологик турлари мавжуд. Бир нарсадан қаттиқ қўрқиб кетиш, кутилмаганда автоҳалокат ёки табиий офатга учраш, танасидаги бирорта касаллик оқибатини билиб қолиш, тўсатдан яқин кишисини йўқотиш физиологик стрессни келтириб чиқаради. Психологик стресс – инсоннинг эмоционал ҳолати билан боғлиқ. Бу кўпроқ қайнона-келин, эр-хотин ёки она ва бола ўртасидаги можаролар туфайли келиб чиқади. Узоқ вақт бирга бўлган севгилисидан ажралиш ёки тўсатдан ишдан бўшатилиш ҳолатлари ҳам психологик стрессни келтириб чиқаради. Ҳар икки ҳолат инсонни ҳам ташқи қиёфасига, ҳам ички дунёсига таъсир кўрсатади ва албатта, асоратлари бўлади.

– Баъзи одамларда физиологик ёки психологик стресс ҳолати кузатилмаса-да, ҳаётдан зерикиш, ўзидан қониқмаслик, яшашга бўлган истак камайиб кетади. Бу ҳолатни қандай баҳолайсиз?

– Бу ҳолат инсон ёшликда ёки ҳаёти давомида яқин одамидан кўнгли тўлмай яшаши натижасида йиғилиб қолган танглик оқибатида пайдо бўлади. Ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини тополмаслик, атрофдагилар томонидан тан олинмаслик натижасида йиғилиб қолган асоратлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу омиллар бир кун келиб таъсирини кўрсатади. Ўзини камситилгандек ҳис қилиш, ҳаётнинг қизиғи йўқдек туюлиши натижасида ёлғизланиб қолади ва жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Жонига қасд қилиш иродасизликдан келиб чиқади. Ҳаммасига нуқта қўйсам, қутуламан, деб ўйлайди. Одамнинг хаёлига бу фикр келиши билан ўз устида ишлаши керак. Камчилик ва хатоларга йўл қўйиш, уни тузатиш инсонга хос. Аммо ҳаётни тўхтатишга диний тарафдан ҳам, руҳий тарафдан ҳеч ким ҳақли эмас.

Сўровнома

Лекин давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар стрессли вазиятлари ҳақида доим ҳам ошкор гапиравермайдилар. Мақолани тайёрлаш жараёнида бунга ўзим ҳам амин бўлдим. Чунки улар бу ҳақда жамоатчиликнинг билиши уларга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаради деб ўйлайдилар. 

Sangzor.uz  сайтининг телеграмдаги саҳифасида давлат хизматчилари ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровнома иштирокчиларига “Сизнингча давлат хизматчилари стрессга тушадиларми ва бунга нима сабаб бўлади?” мазмунида савол берилган эди. Иштирокчиларнинг 33 фоизи “Ҳа. Иш ҳажмининг кўплиги” деган жавобни белгилаган бўлса, 36 фоизи “Ҳа. Раҳбариятнинг ортиқча босими” деб, 30 фоизи “Ҳа. Ходимга шахсий ҳаётий масалаларни ҳал қилиш имкони камлиги”, 35 фоизи “Ҳа. Кам иш ҳақи”, 17 фоизи “Йўқ. Стрессга тушмаслик одамнинг ўзига боғлиқ”, 4 фоизи “Жавоб беришга қийналаман” вариантларини белгилашган.

Сўровномада қатнашчиларга бир нечта вариантларни белгилаш имкони берилганлиги туфайли жавоблардаги фоизлар миқдори нисбатан бир-бирига яқин чиққан. Бундан хулоса чиқадики, давлат хизматчилари орасида стрессга тушиш билан боғлиқ вазиятлар бор ва ундан чиқиш бўйича уларга маслаҳатлар зарур.

Cтрессни енгиб, юракка ёрдам беришнинг оммабоп 4 усули

Иш ҳажмининг ҳаддан ташқари кўплиги ва миянинг ҳолдан тойиши, кундалик ташвиш ва кутилмаган қайғу, воқеа таъсирида мунтазам стресс ҳолатида бўлиш кайфият, уйқу, иштаҳага, шунингдек юрак фаолиятига жиддий зарар етказади.

Бу танадаги кимёвий ёки руҳий ўзгаришлар билан содир бўлиши мумкин. Стресс жараёнида ҳар бир организмда тушкунлик таъсирини енгишга қаратилган биокимёвий ва физиологик ўзгаришлар кузатилади. Стрессни енгиш одамнинг жисмоний қуввати ва руҳий ҳолатига боғлиқ. Тушкунлик доимо юракни мўлжалга олади.

Буюк Британиянинг Бригҳам ва Аёллар шифохонаси профессорларининг изланишлари шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда кузатилаётган юрак хуружи билан боғлиқ ўлимларда ҳам ички тушкунликнинг омили юқорилашиб бормоқда.

Қуйида сизга тушкунликдан ўзингизни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган тавсияларни берамиз.

Ижобий кайфиятини йўқотманг.

Стресснинг организмга ижобий ёки салбий таъсир этиши одамнинг воқеага нисбатан муносабатига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, кулинг, табассум қилинг. Маълум бўлишича, куладиган инсонлар танасида тушкунлик гармонлари кам бўлади.

Кулгу қон томирлардаги яллиғланишнинг олдини олиб, яхши холестерин ишлаб чиқарилишини таъминлайди.

Нерв системаси юқори ривожланган одамда ҳис-туйғу кўпинча стрессор вазифасини ўтайди. Турли кўринишдаги стресслар, психологик вазиятлар инсонда ҳаёт синовларига, турли қийинчиликларни енгиб ўтиш учун руҳлантирувчи куч пайдо бўлишига замин яратади.

Медитация билан шуғулланиш.

Медитация, бу – руҳий осудалик, тан ва онгни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш санъати демакдир. Идрокнинг ичга йўналтирилиши, бир фурсат тин олиб, чуқур-чуқур нафас олиш юқори қон босими ва бошқа юрак хасталикларига сабаб бўлувчи омилларни бартараф қилади.

Тушкунлик инсонни янада қатъий ва кучли шахсга айланишига имкон беради. Шунинг учун ҳам маълум бир даражадаги стрессларсиз фаол ҳаёт кечириб бўлмайди.

Шунингдек, йога, ибодат қилиш ҳам танага қувват бериб, инсонни тушкунликдан ҳимоя қилар экан.

Жисмоний фаолликни оширинг.

Инсон фаол бўлганида, дейлик яёв юрса ёки севимли спорт машғулоти билан шуғулланса, унинг танасида кайфиятни кўтаришга хизмат қиладиган эндорфин моддаси ишлаб чиқарилади. Жисмоний фаоллик нафақат тушкунликни енгади, балки у қон босимини меъёрида бўлишини, юрак мушакларини бақувват бўлишини, тана вазнининг мувофиқлигини таъминлайди.

Онг-шуурни ташқи таъсирлардан узиб қўйинг.

Бугун сайёрамиз гардишини сониялар ичида айланиб чиқаётган турли бўлар-бўлмас хабарлар, мобиль қурилмаган келиб тушаётган ваҳимаси хатлар ҳам тушкунликнинг бош сабабчилари. Улар билинар-билинмас ўқувчисини стресс ботқоғига тортади.

Ҳадеб мудҳиш янгиликлар гирдобида бўлишдан тийилинг, вақти-вақти билан шуурингизни улардан тўсиб қўйинг.

Ҳарвард университети руҳшуносларнинг фикрича, иссиқ душ қабул қилиш, мусиқа тинглаш, вақтни севимли машғулотга сарфлаш инсонни тушкунликдан ҳимоя қилар экан.

Эслатма: Стресс терминини канадалик патолог Ганс Селе таърифлаб, 1936 йилда илк бор фанда ҳам бу сўздан фойдаланган. Олим стрессга олиб келувчи турли сабаб ҳамда омилларни стрессорлар деб, уларнинг таъсири натижасида организмда рўй берадиган ўзгаришларни мослашиш синдроми деб атади.

Ҳозирча сурункали тушкунликнинг юракка таъсири чуқур ўрганилмаган. Кўпчилик тиббиёт олимларининг фикрича, кучли стресс юракда яллиғланишни келтириб чиқаради. Ҳозирча бу илмий қараш тиббиётда исботини топмаган.  Олимлар буни тушкунликдаги одамнинг носоғлом овқатланиши, ичкилик ва тамаки маҳсулотларига ружу қўйиши билан ҳам изоҳлашмоқда.

Турли тадқиқотларда маълум бўлишича тажовузкор, асабий, безовта, сабрсиз, жиззаки ҳамда тажанг одамлар бошқаларга нисбатан кўпроқ юрак хуружи ҳодисаларига йўлиқишади. Олимлар стресс даражаси қанчалик юқори бўлса, қонда учрайдиган қизил таначаларнинг ижобий таъсири шунчалик заифлашиб кетишини эътироф этишди.

Хулоса...

Ишдаги турли вазиятлар, ҳаёт ташвишлари ўткинчи нарса. Жамиятда муносиб яшаш ва керакли даражага эришиш одамнинг ўзига боғлиқ. Стрессли вазиятлардан эса доим чиқиб кетишга имкон бўлган. 

Ҳакимжон Фозилов 

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.