Ўзбекистон Фанлар академияси ўз функцияни бажара оляптими? Илмий даргоҳ фаолияти таҳлили

Улашиш:

Mуқаддима ўрнида. 80 йиллиги нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси шу қадар кенг қамровли илмий муассасаки, уни тўла-тўкис тавсифламоққа ёлғиз қўл ожиз. Айни чоқда, мазкур муассасага дохил қаламкаш ўлароқ инобатли сана муносабати билан табрик йўсинида сўз айтмаслик ҳам нораво туюлади. Фанлар академияси ўзи нима? Ўзбекистонга бундай муассаса керакми? У мамлакат тараққиётига қандай ҳисса қўша олди? Мақоламизда шу каби саволларга баҳоли қудрат жавоб берамиз.

 

Этимология. Қадимги Юнонистон заминида, Афина яқинида Академия номли боғ бўлган (у бизгача сақланмаган). Буюк Афлотун (Афиналик Платон, туғилган йили аниқ эмас, вафоти – мил. 348/47 йил) ана шу боғда ўз шогирдлари билан давра тузиб илмий мубоҳаса қилган. Шу тариқа “Платон академияси” ибораси пайдо бўлган. У бугунги маънодаги академия, ҳатто университет ҳам бўлмаган, унинг фаолиятини семинар ёки мажозан қўлланадиган “илмий мактаб” дейиш мумкин. Мазкур даргоҳдан етишиб чиққан Арасту (мил. авв. 384–322) асос солган илмий мактаб эса “лицей” деб аталган. Тарих гувоҳлик беришича, Аристотелнинг лицейи Платоннинг академиясидан анча катта бўлган. Бу ҳам этимология парадоксларидан бири.

 

Биринчи академия. Гарчи академия юнонча сўз бўлса ҳам, на қадимги Юнонистонда, на ўша даврдан илм-фани ривожлана бошлаган қадимги Хитой ва Ҳиндистонда расмана академия вужудга келган. Асрлар давомида олимлар илм-фан билан ё якка ҳолда, ёки илмий тўгаракка уюшиб шуғулланган. Замонавий фанлар академиясига энг яқин тарихий ҳодиса бу – Бағдодда халифа Ҳорун ар-Рашид асос солган “Байт ул-ҳикма”дир (“Ҳикматлар уйи”). У ўз идорасига, маош оладиган “академик”лари ва ёрдамчи ходимлардан (қоғоз таъминотчилар, китоблардан нусха кўчирувчилар, муқоваловчи саҳҳофлар, таржимонлар) иборат жамоага эга бўлган. Швейцариялик атоқли шарқшунос Адам Мец (1869–1917) фикрича, “Мусулмон Ренессанси” “Байт ул-ҳикма”дан бошланган. Бағдод академияси халифа Маъмун ҳукмдорлиги даврида нашъу намо топиб, умумжаҳон аҳамиятига молик тарихий ҳодисага айланган.

 

XI асрда фаолият кўрсатган Хоразм Маъмун академияси, XV асрда юлдузи порлаган Улуғбек академияси Бағдодда бошланган ренессанснинг давомчилари саналади. Ўзбекистон Фанлар академияси уларнинг қонуний вориси, бинобарин, энг илғор жабҳаларда тадқиқот ўтказиш анъанасини давом эттиришга масъулдир.

 

Биринчи академия “президенти”. Бағдод академиясида юзлаб олимлар фаолият олиб борган бўлиб, улардан  энг  машҳури, шубҳасиз, Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийдир. Алломанинг нафақат “Байт ул-ҳикма”даги, балки бутун салтанатдаги мавқеи шу қадар юксак бўлганки, икки халифанинг тахтга ўтириш (инаугурация) маросимида мўътабар шахс сифатида иштирок этган. Маълумотларга кўра, Хазар хонлигига юборилган элчиликка раҳбарлик ҳам қилган. Бу ўрта асрларда кенг тарқалган расм эди – машҳур олимнинг элчи этиб юборилиши дипломатик миссиянинг хавфсизлиги ва муваффақиятида муҳим ўрин тутган. Зотан, у даврларда олимлар, айниқса, кўп тил билган алломаларнинг шуҳрати ҳозирги номдор футболчилар, эстрада ва кино юлдузлариникидан кам бўлмаган.

 

Муҳаммад Хоразмий асосан математик сифатида машҳур. Аслида у Арастудан кейинги иккинчи универсал олим – математикадан ташқари ислом Шарқида биринчи зиж (тригонометрик ва астрономик жадваллар), географияга оид илк илмий асар (“Сурат ул-арз”), тарих ва этнографияга оид китоблар, мерос тақсимлаш ҳақидаги мукаммал рисола муаллифидир. Афсуски, Хоразмийнинг “Байт ул-ҳикма”даги раҳбарлик фаолияти тўғрисида маълумот сақланмаган. Бу илм даргоҳида кўплаб атоқли олимлар фаолият олиб борганига таяниб, Хоразмий раҳбарликда ҳам юксак мақомга эришган дея оламиз.

 

Янги давр академиялари. XVII асргача фан гоҳ у ҳудудда, гоҳ бу ўлкада гуллаб-яшнаб турган, аммо юксалиш муттасил давом этмаган, гуркираш даври инқироз йилларига уланиб кетган. XVII асрда илмий тараққиёт эстафетасини мусулмон Шарқидан Европа олимлари олгач, тўхтовсиз илгарилама ривожланиш рўй берди. Бунда Фрэнсис Бэкон (1561–1626) каби мутафаккирларнинг илмий хулосаларни тажриба ва синовдан ўтказиш лозимлиги тўғрисидаги таълимоти муҳим роль ўйнаган. Фанний тажрибалар ўша даврда театр томошаларидай оммада ҳам, ҳукмдорлар саройида ҳам қизиқиш уйғотар эди. Шу тариқа янги давр академиялари пайдо бўлди: 1652 йилда Германия Миллий фанлар академияси (“Леопольдина”), 1662 йилда Лондон Қироллик жамияти, 1666 йилда Париж (Франция) Фанлар академияси иш бошлади. Кейинроқ Петербург Фанлар академияси (1724), Дания Қироллик жамияти (1742), Эдинбург Қироллик жамияти (Шотландия академияси, 1783) таъсис этилди. Бугунги кунда Швецияда ўнга яқин академия ёрлиқли муассаса мавжуд. Улардан энг йириги – Швеция қироллик Фанлар академияси бўлиб (1739), Нобель мукофоти қўмитаси ҳам шу муассасага қарашли.

 

Осиё қитъасида замонавий академиялар анча кейин, Европадан улги олиб очила бошлаган: 1879 йилда Япония, 1935 йилда Ҳиндистон, 1949 йилда Хитой ва 1988 йилда Эрон Фанлар академияси ташкил этилган. Корея Республикасида кўп йиллар давомида фундаментал фанга эътибор берилмаган. Иқтисодий юксалиш маълум нуқтага етгандан кейингина мамлакат фундаментал фансиз тараққиётда халқаро рақобатга бардош бера олмаслиги англанган ва 1995 йилда Корея Фанлар ва технологиялар академияси тузилган. Айнан шу ҳолатни Туркия Республикаси мисолида ҳам кўрамиз: гарчи мамлакат иқтисодиёти 1980-йиллардан жадал ривожланиш кўчасига кирган бўлса-да, Фанлар академияси 1993 йилда ташкил этилган.

 

1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси фаолият бошлагани тарихимизнинг ёрқин саҳифаси, ифтихоримиз манбаидир.

 

Муассасами ё клуб? Бугун фанлар академияси атамаси бир неча тушунчани ўзида мужассам этади. Боя Европада дастлабки академиялар қироллик ҳузуридаги жамият тарзида ташкил этилганини эслаган эдик. Улар “хослар мажлиси” тарзида фаолият олиб борган – академия аъзолари ўз ихтиролари ҳақида маъруза ўқиган, янги тажрибаларини намойиш қилган. Ҳозир ҳам шу йўсинда фаолият юритадиган академиялар талайгина. 1863 йилда тузилган АҚШ Фанлар академияси жамоатчилик асосида иш юритувчи, иқтисодиёт, фан ва таълим муаммолари юзасидан ҳукуматга хулоса ва тавсия берувчи маслаҳат органидир.

 

Фанлар академиясининг яна бир тури XIX асрда Майкл Фарадейнинг электромагнетизм, ХХ асрда Никола Тесланинг электротехника соҳаларидаги изланишлари жамият ҳаётида улкан инқилоб ясагач вужудга келган. Шу даврдан академиялар қошидаги лабораториялар илмий тадқиқот институтларига айлантирила бошлаган. Кейинроқ авиация, материалшунослик, ядро қуроллари ва энергетикаси, ракетасозлик, электроника ва автоматика каби соҳалар шундай масалаларни қўя бошладики, уларни ҳал этмоққа бир-икки олимнинг қурби етмас эди. Бу бир неча соҳага мансуб ўнлаб истеъдодли олимларни йирик жамоаларга жамлашни тақозо этди. Шу тариқа Фанлар академияси кенгайиб, таркиби тармоқланиб, халқ хўжалигининг алоҳида соҳасига, академия ҳайъати эса ўзига хос “фан вазирлиги”га айланди. Россия, Хитой, Франция фанлар академиялари ана шу турга мансуб.

 

Нега вазирлик эмас, академия? Академия маълум маънода вазирлик вазифасини бажарар экан, уни бирйўла вазирликка айлантириб қўяқолса бўлмайдими? Айрим мамлакатларда шу тарзда иш тутилган, аммо у муваффақиятли чиққан деб бўлмайди. Давлат муассасасининг вазифаси молиялаштириш, бошқарув ва назорат экани маълум. Бундай ёндашув таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, саноат, ҳатто мудофаа соҳалари учун мақбулдир, аммо уни фанга татбиқ этиш тўғри эмас. Хўш, илм-фан қандай молиялаштирилиши лозим? Ўта мураккаб ва долзарб бу саволга ҳозиргача жўяли жавоб берилгани йўқ. Масалани “Асл фан муаммоларини фақат ҳисобот ёки илмий карьера учун қилинадиган юзаки ишлардан қандай фарқлаш мумкин?” дея аниқроқ қўйиш мумкин. Унга турли рақаму кўрсаткичлар билан жавоб бермоққа интилишлар мавжуд. Бу – сифатни сон билан ўлчашга уриниш бўлиб, бесамар, ҳатто зарарли юмушдир. Ҳарқалай, шу йўсинда молиялаширилган илмий лойиҳа доирасида бирор жиддий математик муаммо ҳал этилган эмас. Мазкур хулоса Нобель мукофотига лойиқ деб топилган физика, кимё ва физиологияга оид тадқиқотларга ҳам тааллуқли.

 

Илмий тадқиқотларни грант танлови асосида ўтказиш фанни молиялаштириш муаммоси ечими йўлидаги сўнгги яроқли усул бўлиб турибди. Муаммо – грант қай йўсин ва қандай лойиҳаларга берилиши лозимлигида. Бу ривожланаётган мамлакатлардаги каби бизда ҳам бюрократик усулда амалга оширилмоқда. (Бюрократия деганда, қатъий низом, рақамлар ва кўрсаткичларга асосан бошқариш усули назарда тутилмоқда.) Оқибатда грантлар кечаги, нари борса бугунги кун натижаларига қараб ажратилаётир. Ҳолбуки, фан аслан кечаги кунни диалектик рад этиш асосида ривожланади. Фанни бюрократик усулларда бошқариш ва назорат этиш билан мурод ҳосил бўлмайди, бу ҳатто тескари натижага олиб келади. Илмдаги энг салмоқли ютуқлар узоқ йиллик изланишлар натижасида қўлга киритилади. Масалан, 2023 йилда физика соҳасида Нобель мукофоти берилган уч физикдан бири – Энн Люилье лазер импульсларини тезкор фотографияга асос қилиб олиш мумкинлиги ҳақидаги ғоя устида йигирма йил ишлаган экан. Грантбоп лойиҳалар эса асосан қисқа муддатни кўзда тутади, ҳатто ярим йил ўтмай ҳисобот талаб этилади. Бу эса тадқиқотчиларни аввалроқ ишлана бошлаган ёки қисқа муддатда натижа кафолатланадиган мавзуларда лойиҳа тақдим этишга ундайди. Натижаси олдиндан режалаштирилган ёки кафолатланган тадқиқотлар фундаментал аҳамият касб этмайди. Илм-фан хазинасини бойитадиган залварли натижалар аввалдан режалаштириб бўлмайдиган, олимнинг бутун вужуди ила, дунёни унутиб олиб борадиган изланишлари натижасида, гоҳида тилсимли тарзда юзага чиқади.

 

Академикнинг илмий фаолиятини бошқариш ва назорат қилишни вазирлик ёки бошқа маъмурий орган ходимига топшириш ҳам оқилона иш эмас. Фанлар академиясининг бош вазифаси – юксак иқтидорли, катта илмий мактабларни кўрган, илм уфқларига назар сола оладиган, фундаментал муаммоларни фундаменталнамо ишланмалардан, чуқур илмий натижани саёзидан, ўткинчисини истиқболлисидан фарқлашга қодир, холислик ва ҳалоллик принципларида собит тура биладиган олимларни ягона жамоага уюштириш, тизимга очиқ, танқидий руҳдаги муҳокама ва ҳисобот асосида раҳбарлик қилишдир. Шундай академиягина яшашга ҳақли!..

 

Қалтис савол. Ўзбекистон Фанлар академияси ана шу функцияни бажара оляптими? Бу борада нуқтаи назарлар турлича бўлиши табиий. Камина фикрича, фаолият кўлами талаб даражасида эмас. Бунинг бир неча сабаби бор.

 

Биринчидан, 1997 йилдан 2017 йилгача академия аъзолиги учун сайлов ўтказилмагани сабабли академикларнинг ўртача ёши 60 дан анча юқорилаб кетган эди. Фанда инқилобий ихтиролар эса аксар ҳолларда 30–40 ёшларга тўғри келади.

 

Иккинчидан, шўро даврида академия ва академиклар катта имтиёзлар ва мавқега эга эдики, бунинг оқибатида сайловларда тарафкашлик, гуруҳбозлик иллати илдиз отган, муносиб олимларни сайлаш ўрнига, савияси ҳаминқадар бўлса-да “ўзига қарашли” кишилар учун овоз йиғиш авж олган, ҳатто фитналар кузатилган. (Бу ҳодиса академик Восил Қобуловнинг кундалигида баён қилинган. Афсуски, у ҳамон нашр этилганича йўқ.) Мисол учун, назарий физика соҳасида дунё эътироф этган олим Фатҳулла Абдуллаев академияга сайловда икки марта “йиқитилган” эди. 2017 йилги сайлов бундай иллатдан деярли холи бўлганини таъкидлаш лозим. Бундан кейин ҳам академия ўз сафини энг иқтидорли олимлар билан тўлдиришга қаратилган низомга оғишмай амал қилади, дея умид билдирамиз.

 

Учинчи сабаб – 2000-йиллардан “Ўзбекистон учун академия ортиқча ҳашам, дахмаза, бюджетга юк” деган нуқтаи назар устувор бўлиб, тизим кескин қисқартирила бошлади. Бу эса бутун илмий жамоада тушкунлик уйғотди, кучли олимларнинг хорижга кетиши ёки сердаромад соҳаларга ўтишини кучайтирди. Ваҳоланки, академияга бундай муносабат “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиорига мутлақо зид эди. Ҳатто Африка мамлакатларида академиялар ташкил этилаётган эди, ахир. Фан-техника равнақи – юксак тараққиётнинг энг муҳим омилларидан экани кундек равшан.

 

2017 йилда вазият кескин ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг илмга, айниқса, академияга бўлган эътибори туфайли мамлакатимиз фани устидаги “қора булутлар” тарқалиб, мўътабар даргоҳнинг мақом-мавқеи тикланди. Илмий-тадқиқот институтларини молиялаштиришнинг базавий ставкаси бюджетдан қопланиши олимларимизга том маънода фундаментал тадқиқотлар устида ишлашга имкон яратди.

 

Ҳозирда давлат грантлари кўпайтирилган. Илло грант бўйича лойиҳаларни молиялаштириш инновация учун масъул вазирликка топширилгани баҳсли бўлиб қолаётир. Амалий ва инновацион лойиҳалар учун бу ёндашув тўғридир, аммо фундаментал лойиҳалар учун мақбул эмас.

 

Фундаментал лойиҳаларни Фанлар академияси томонидан молиялаштириш тизимига қайтиш зарур.

 

Грант учун тақдим этилган лойиҳаларни ҳам, уларнинг ҳисоботларини ҳам академиянинг умумий мажлисида муҳокама қилиш – фундаментал тадқиқотлар сифатини таъминловчи самарали йўлдир. Бундай муҳокамалар холис ва принципиал танқидий руҳда ўтиши лозим, албатта.

 

Фан ва келажак. Агар жамият бугуни ва эртасинигина ўйласа, академияга ҳожат йўқ. Амалий фанлар халқ хўжалиги соҳаларига мансуб илмий тадқиқот ва лойиҳалаштириш институтларида, назарий фанлар эса университетларда равнақ топаверади. Олий таълимга киритилган сармоя беш-ўн йилда, умумий таълимга сарфланган инвестиция ўн беш-йигирма йилда натижа бера бошлайди. Амалий фанга ажратилган инвестиция ҳам қисқа муддатда самара бериши мумкин. Фундаментал фанга сарфланадиган маблағга келсак, у қачон ҳосил беришини ҳатто прогноз қилиб бўлмайди. Шунга қарамай, келажаги ҳақида қайғурадиган давлат фундаментал фанга эътибор қаратиши шарт. Хўш, бу ерда зиддият йўқми? Бизнингча, йўқ. Адабиёт ва санъатнинг жамиятдаги ўрнини пул билан ўлчаб бўлмагани сингари, Фанлар академияси, умуман, фаннинг миллат салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги ўрнини ҳам моддий харажат билан баҳолаб бўлмайди. Замон шиддат-ла ўзгармоқда, илмий-техник тараққиёт эртага қандай янгиликларга рўбарў қилади – тасаввур этмоққа тахайюл ожиз. Миллатни келажакка ҳозирловчи асосий воситалардан бири эса, дунёнинг илғор илмий марказлари билан бўйлаша оладиган академиядир. Акс ҳолда, мамлакат илмий-техник қарамликка дуч келиши мумкинки, унинг қаршисида сиёсий ва иқтисодий тобелик ҳеч нарса эмас. Образли қилиб айтганда, Фанлар академиясини муносиб тарзда равнақ топтириш – миллат учун фарзи кифоядир.

 

Академия ва амалиёт. Албатта, академия фаолияти фақат фундаментал фанлар билан чекланиб қолмайди. Ҳар бир илмий муассаса имкон қадар олинаётган натижалар татбиқи билан, имкон бўлмаган тақдирда тайин амалий масалаларни ҳал этиш билан ҳам шуғулланиши даркор. Бунда ҳаракат “фан – ишлаб чиқариш” эмас, “ишлаб чиқариш – фан” йўналишида юритилиши керак. Чунки ишлаб чиқарувчиларнинг буюртмаси асосида тақдим этиладиган, амалий ва инновацион муаммолар устида тадқиқот олиб бораётган муассасалар билан Фанлар академияси институтларининг ҳамкорликдаги лойиҳалари кўпроқ ва тезроқ самара беради. Интеллектуал мулк агентлиги, инновациялар идораси илмий тадқиқот муассасалари билан халқ хўжалигининг реал секторлари ўртасида кўприк вазифасини ўташи лозим. Бу ишга Вазирлар Маҳкамаси бош-қош бўлса айни муддао...

 

Академия ва “Ўзбек совет энциклопедияси”. Биринчи миллий энциклопедиянинг нашр этилиши (1971–1980-йиллар) Ўзбекистон Фанлар академиясининг салмоқли ютуғи бўлди. “Ўзбек совет энциклопедияси” Бош редакцияси айнан Фанлар академиясининг бўлими сифатида ташкил этилган, академия Ҳайъати эса нашрга масъул этиб тайинланган эди. Академия вице-президенти Иброҳим Мўминов (то вафотигача) бош муҳаррир бўлган, турли соҳалар бўйича редакцияларга ҳам академия аъзолари раҳбарлик қилган. Бош таҳририятга 150 дан зиёд маҳоратли муҳаррирлар, қилқалам олимлар ва бошқа мутахассислар (безакчи-рассом, техник муҳаррир, фотограф, ретушёр, картограф, библиографлар) жалб этилган. Муштарийлар энциклопедия мақолалари нашрга қандай тайёрланганини тасаввур қилишлари учун биргина далил келтирамиз: математика редакцияси раҳбари, академик Саъди Сирожиддинов таҳририят аъзоларини ойда бир кун ўз хонасига йиғар, тайёрланган ҳар бир мақола ўқилиб муҳокама қилинар, шу тариқа сўзлик тўлдириб борилар эди.

 

Шўро мафкураси шароитида яратилган энциклопедиянинг ҳар бир мақоласи “Главлит” аталмиш цензура органи чиғириғидан ўтар эди. Масалан, биринчи жилд учун “Амир Темур” деган мақолани шахсан И.Мўминов ёзган эди. Уни ўқиган мафкурачиларнинг капалаги учган. Масала ҳатто Марказқўмда муҳокама қилиниб, бош муҳаррирга ҳайфсан эълон қилинган. Мақоланинг ўзи анча-мунча қайчиланиб, биринчи жилддан бошқа жилдга ўтказилган. Бундай тазйиқларга қарамай, И.Мўминов раҳбарлигидаги Бош таҳририят ЎзСЭга анча-мунча миллий руҳ сингдира олган. Унинг жилдларини варақлаган ўқувчи бунга ишонч ҳосил қилади.

 

Мамлакат фани ва обрўси учун курашгани сабаб ҳукмрон мафкура қаҳрига учраган Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Мўминов, Саъди Сирожиддинов каби фидойи академиклар – миллатимиз ифтихоридир.

 

Миллий энциклопедия муаммоси. Ўтиш даври иқтисодий тала­тўплари шароитида энциклопедия Бош таҳририяти Фанлар академияси тузилмасидан чиқарилиб, Матбуот давлат қўмитаси ихтиёрига ўтказилди, штат жадвали ҳам, нашр бюджети ҳам кескин қисқартирилди. Натижада мустақил Ўзбекистоннинг биринчи энциклопедияси кўп қийинчиликлар билан чоп этилди, “Бобур энциклопедияси”ни тайёрлашга эса нашриётнинг имконияти етмади. Алалоқибат нашриёт ёпиб юборилди. Фанлар академияси таркибида ва унинг раҳбарлиги остида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Бош таҳририяти тикланмоғи даркор. Янгиланаётган Ўзбекистон ҳаётининг ҳамма қирраларини тўлиқ акс эттирадиган миллий энциклопедия таҳририятини йўлга қўйиш, уни мунтазам (ҳар ўн йилда бир) нашр этиш зарур. Бугунги глобаллашув даврида мамлакатимизнинг халқаро мавқеи, ҳеч шубҳасиз, энциклопедияга ҳам боғлиқ. Қиёслаш учун, АҚШ энциклопедияси (“World book”) ҳар йили қайта чоп этилади, аввалги нашрлари эса хорижий давлатларнинг таълим муассасалари ва кутубхоналарига бепул тарқатилади. Унинг тўлиқ жилдлар йиғмаси Ўзбекистоннинг кўплаб таълим муассасалари ва кутубхоналарига ҳам ҳадя этилган. Гарчи “Дунё китоби” деб аталса-да, унда асосан АҚШ ва Канада ҳаёт тарзи, идеаллари, қаҳрамонлари, сиёсий тузуми ва эришган муваффақиятлари тарғиб қилинади. Англаш қийин эмаски, бу нашрнинг таъсири ҳаво кемасиникидан кам эмас. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг янги нашрлари ўзбек ва инглиз тилларида, бой ва таъсирчан мазмун, юксак полиграфик сифат билан чиқарилиб, мамлакатимиздаги хорижий элчихоналар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда Марказий Осиё тадқиқотлари йўлга қўйилган хориж университетларига тарқатилса қандай соз бўлур эди!..

 

Халқаро эътироф ва ютуқлар. Бундан 80 йил муқаддам ташкил топган академиямиз узун йўлни босиб ўтди. У эришган ютуқларни санаб адоғига етиб бўлмаса керак. Намуна келтириш керак бўлса, табиий фанлар йўналишида Тошкентда зилзилабардош иншоотлар механикасининг назарий асослари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу борадаги ишланмалар пойтахтимизда метрополитен, кўпқаватли уйлар ва улкан иншоотлар қуришга илмий асос бўлди. Ядро физикаси институти реакторларида тиббиёт учун радиоизотоплар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани ҳам катта ютуқдир. 1986 йилда Халқаро Бернулли жамиятининг биринчи конгресси Ўзбекистон пойтахтида ўтказилгани ва унда 50 га яқин мамлакатдан 600 дан зиёд олим қатнашгани эҳтимоллар назарияси ва математик статистика соҳасида Тошкент илмий мактабининг жаҳондаги мавқеини яққол намойиш этган эди.

 

Ижтимоий-гуманитар фанлар ютуқлари сифатида ўзбек шарқшунослари томонидан Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Тарағай Улуғбек каби алломаларнинг буюк илмий мероси нашр этилганини таъкидлаш жоиз.

 

Атом энергетикаси ҳақида мухтасар фикр. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот муттасил ўсиб бораётган экан, электр энергиясига эҳтиёж ундан-да тезроқ ортади. Иқтисодиёт қонуни шу. Юртимизда электр энергияси асосан газ ва кўмир ёқиш йўли билан иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилмоқда. Бу – чекланган усул, зотан, газ ва кўмир қазиб олишни узлуксиз ошириб бўлмайди. Ўзбекистон – серқуёш ўлка, аммо қуёш энергиясидан электр олишнинг ижобий томонлари билан бирга салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Улардан энг асосийлари – қуёш панелларига нисбатан аккумуляторларнинг қимматлиги, ишлаш вақти нисбатан қисқалиги ва муддати ўтаб бўлганларини утилизация қилиш осон эмаслиги. Президент Шавкат Мирзиёев Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида ўтказилган учрашувда атом электр станцияси истиқболли соҳа экани, 25 фоизгача электр энергияси АЭСларда олинишига эришиш мумкинлигини таъкидлаган эди. Бу йўлда дастлабки қадамлар қўйилди. Афсуски, физикадан йироқ соҳалар вакиллари ОАВ орқали бу ғояни танқид қилиб келмоқда. Уларнинг даъвосича, “АЭС хавфли, Чернобилдагидек фожиа юз бериши мумкин”. Таассуфки, илмий жамоатчилик, хусусан, физик академиклар “тошбўрон”га учрашдан чўчидими, бу сира иддаоларга жавоб бермади. Бизнингча, АЭСларни бир томонлама танқид қилувчилар ноҳақ. Биринчидан, Чернобиль ва Фукусима фожиалари “АЭС хавфли” экани эмас, балки лойиҳалаштириш ва тасарруф этишдаги хатолар оқибатида юз берган. (Чернобилда ширакайф ходим реактордаги жараённи секинлаштириш тугмаси ўрнига тезлаштириш тугмасини босиб юборган. Фукусима станцияси эса кўрфазда қурилган. Маълум бўлишича, океан тўлқини кўрфазга кирганда кучаяди.) Электр энергияси олишнинг энг кенг тарқалган воситаси ГЭСлар экани маълум. Аммо 2009 йили Россиядаги Саян-Шуша ГЭСида фалокат рўй берди-ку, хўш, ГЭСга қарши ҳам курашиш керакми?! Ёки иссиқлик электр станцияси ходимининг янглиш ҳаракати билан фавқулодда хатарли ҳодиса рўй бермайдими? Юртимиз сейсмик фаол ҳудудда жойлашган, бироқ Япония биздан-да кўп ва кучли зилзилалар ватанидир. Шунга қарамай, Кунчиқар ўлка атом энергетикасини ривожлантиришдан тўхтагани йўқ.

 

Иккинчидан, юртимизда уран конлари бисёр. Кўмир ва газдан фарқли уранимиз захираси юз йилларга етади. Шундай бойлигимиз бўлатуриб, ундан фойдаланмасак, ҳайҳотдек томорқасига битта чўп суқишга ҳам ярамайдиган деҳқонга ўхшаб қолмаймизми?!

 

АЭС тўғрисида сўз борганда яна бир омилни назарда тутиш лозим – тўртта блокли станция мамлакатимиздаги газ етишмовчилигини тўлиқ бартараф этиши мумкин. Тўғри, АЭС кўп миқдорда чучук сув сарфлайди. Аммо бошқа томондан у сувни чучуклаштирувчи қурилмалар ичида энг самаралисидир. Ҳудудларимизда шўрланган ерости сув захираси кўплиги ҳисобга олинса, АЭС чучук сув муаммосини ҳал этишда ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Учинчидан, АЭС лойиҳасини танқид қилаётганлар ўзбек ядрочи физикларининг илмий салоҳияти ва тажрибасидан бехабар бўлса керак. Кўплаб физикларимиз Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликда мутахассис бўлиб ишлаган. БМТ қошидаги мазкур тузилма айнан АЭСлар тасарруфи ва хавфсизлигини назорат қилади. Академик Беҳзод Йўлдошев эса етакчи олимлар қаторида Европа ядро тадқиқотлари марказининг (CERN) Ҳиггс заррасини аниқлаш тажрибасида иштирок этган.

 

Сираси, Ўзбекистонда ядро физикаси ва ядро энергетикасини ривожлантириш учун кадрлар ва хомашё базаси етарли.

 

Академия салоҳиятининг тимсоли. Мақолани академиямиз илмий салоҳиятини кўрсатувчи рамзий далил билан якунлаймиз. Геологларимиз томонидан Ўзбекистон тоғларидан фанга аввал маълум бўлмаган нодир минераллар топилган. Жумладан, хамрабаевит – академик Иброҳим Ҳамробоев (1920–2002), мавляновит эса академик Ғани Мавлонов (1910–1988) номи шарифи билан аталган. Бундан ташқари, Самарқанд яқинидан топилган яна бир минералга авиценнит деган ном берилган. Ўзбек фани шон-шуҳратини оламга ёядиган бу каби далиллар бошқа йўналишларда ҳам оз эмас. Ютуқлар йил сайин кўпайиб бориши шаксиз. Ёш олимларимиз устозу салафлари ишини давом эттиришига ишончимиз комил.

 

Абдулла АЪЗАМ

 

Tafakkur” журнали, 2023 йил 4-сон.

“Дониш уйи” мақоласи

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.