Ўзбекистонда илк бор блогерлар ва инфлюенсерларнинг фаолиятини қонунчилик асосида аниқ фарқлаш режалаштирилмоқда. 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида ушбу масала муҳокама қилинди.
Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тақдимот қилинди. Ҳужжат рақамли маконда фаолият юритаётган шахслар учун ҳуқуқий аниқлик яратиш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва контент тарқатишда масъулиятли ёндашувни шакллантиришни кўзда тутади.
Лойиҳага кўра, блогерлар ва инфлюенсерлар алоҳида категория сифатида белгиланади. Бунда блогерлар учун мажбуриятлар юмшатилиши, таъсир доираси катта бўлган инфлюенсерлар учун эса аниқ жавобгарлик механизмлари жорий этилиши назарда тутилган.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
Ёлғон ахборот, зўравонлик, нафрат ва бошқа ноқонуний контентни чеклаш;
Интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш;
Ахборот тарқатиш жараёнларини шаффоф қилиш;
Онлайн платформалар ва медиа-бизнес учун барқарор ҳуқуқий муҳит яратиш.
Лойиҳа болаларни зарарли контентдан ҳимоя қилиш механизмларини ҳам ўз ичига олган. Шу билан бирга, фуқароларга ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳамда ҳуқуқлари бузилганда тегишли идораларга мурожаат қилиш имкони берилади.
Қонун лойиҳаси амалдаги тартибларни соддалаштириш, интернет макондаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда тармоқда фаолият юритаётган контент яратувчилар учун аниқ мезонлар белгилашга қаратилган.
Давра суҳбати иштирокчилари лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилишини таъкидлаб, соҳа мутахассислари, блогерлар ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиш муҳимлигини қайд этдилар.