Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган Нурота тоғ тизмасида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик маконлар аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
2024 йил 28 апрелдан 6 майга қадар Самарқанд археология институти олимлари билан ҳамкорликда олиб борилган дала тадқиқотлари натижасида бир неча муҳим археологик манзиллар қайд этилди. Улар орасида сўнгги палеолит даврига оид Ўгат қишлоғи ёнидаги ибтидоий инсонлар яшаган макон ҳам бор. Таҳлиллар бу ҳудудда минг йиллар аввал доимий ёки мавсумий яшаш тарзи мавжуд бўлганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, Қоропчи қишлоғининг шимолий қисмида неолит даврига мансуб икки янги макон топилди. Улар инсонларнинг деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврини ўрганишда муҳим ахборот манбаига айланиши мумкин.
Ёнбоштут қишлоғи яқинидаги «Бешбулоқ» номли ҳудудда ҳам неолит даврига оид ижтимоий ва маданий ҳаётга оид излар топилган.
Агентлик ушбу топилмалар Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги инсон фаолиятини чуқур ўрганишга йўл очишини ва улар асосида илмий мақолалар, каталоглар ва кўргазмалар тайёрланишини маълум қилди.
Савол: Агар ушбу археологик маконларда сайёҳлар учун очиқ музейлар ташкил этилса, бу ҳудудга борармидингиз?