Туркистондаги эпидемиялар тарихига назар: XIX аср охири – XX аср бошларида

Улашиш:

Жаҳон мамлакатлари тарихида юқумли касалликлар мунтазам равишда тарқалиб турган ва айрим ҳолларда улар эпидемияга айланган. Мазкур касалликлар ўша ҳудуднинг ўзидан чиққан бўлган бўлса, баъзан қўшни ҳудудлардан кириб келган. XIX аср охири – XX аср бошларида Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган Туркистон ўлкасида ҳам бундай касалликлар тарқалиб турган ва уларнинг айримлари эпидемия даражасигача борган. Мазкур юқумли касалликлар орасида вабо, безгак, ўлат ва захм ушбу ҳудуд аҳолисининг соғлиғига вақти-вақти билан хавф солиб турган.

Вабо

XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда энг хавфли юқумли касалликлардан бири вабо (“холера“) эди. Ушбу касаллик 1872 йилда эпидемияга айланган. Бу касалликка чалинган дастлабки бемор 28 майда Ўратепада 2-батальон лазаретига Зоминдан келган Яков Валькин исмли аскар бўлган[1]. 30 майда Жиззах уездининг Зомин, Савот ва бошқа ҳудудларида беморлар аниқланади. У ерда ҳақиқатан ҳам вабо тарқалганини аниқлаш мақсадида доктор И.И. Суворов жўнатилади ва дастлабки диагнознинг тўғрилигини тасдиқлайди. Шу сабабли, Жиззахда 50 ўринли вақтинчалик шифохона ташкил этилиб, у ерга шифокор А.Корелькин тиббий ёрдам кўрсатиш учун жўнатилади. Аммо беморларни сақлаб қолиш ва эпидемияни бартараф этиш учун бундай ҳаракатлар етарли эмас эди. Жиззах шаҳрида врач назоратида 93 бемор бўлган бўлса, улардан 44 таси вафот этган, тиббий ёрдам олмаганлардан 431 таси қазо қилган. Жиззах уездида эса врач назоратида бўлмаган 2 412 киши вабо туфайли ҳаётдан кўз юмган[2].

1872 йил 12 июнда Самарқанд-Тошкент йўлида жойлашган Мирзачўл станциясида вабо пайдо бўлди. Унинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сирдарё чап қирғоғида карантин пункти ташкил этилган ва Тошкент томонга кетаётганлар тиббий кўрикдан ўтказилган. Чиноз кечув жойидан ташқари барча кечув жойларидан ўтиш таъқиқланди. 1872 йил 18 июндан бошлаб эса Тошкент шаҳрига олиб борувчи Костоғоч, Чордара ва Узунота кечув жойларидан ҳам ўтиш ман этилди. Бектемирдаги кечув жойида касаликка шубҳа қилинган кишиларни текширувдан ўтказиш учун махсус тиббий пункт ташкил этилди. Қишлоқ оқсоқолларига эса эпидемия вақтидаги профилактик тадбирлар ҳақида хабар бериш юклатилди.

Аммо бундай чораларга қарамай 17 июнда вабо Тошкентда пайдо бўлди. Сирдарё вилояти ҳарбий губернатори Н.Н. Головачев раислигида зудлик билан махсус вабо комитети тузилдиУнинг таркибига шаҳар бошлиғи В.Ю. Мединский, вилоят шифокори Г.Ф. Логинович, шаҳар шифокори Х.А. Батыршин, савдогарлар М.К. Келлер ва Д.Н. Захо, ветеринар шифокор Э.М. Заушкевич киритилдиКомиссиянинг дастлабки йиғилишида тезкор чоралар кўришга қарор қилинди. Жумладан, Округ ҳарбий госпиталида 50 ўринли жой ташкил этишга келишилди. Шунингдек, шаҳарнинг “янги” қисми 5 қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида 25 ўринли шифохона ташкил этилди. “Эски” шаҳарнинг 4 та даҳасида махсус тиббий қисмлар очилди. Чимкент, Чиноза, Тўйтепа, Ниёзбошидан Тошкентга келиш жойларида фельдшерлик пунктлари 19 июндан бошлаб ишга тушди. Тошкентда вабо эпидемияси 20 августгача давом этди. Тошкентда ушбу касалликка чалинган 4912 нафар бемордан 2 729 (55,7 %) вафот этди[3]. Сирдарё вилоятида жами 20 920 нафар киши бу касалликка чалинган бўлса, улардан 12 945 нафар киши вафот этди (яъни вилоят аҳолисининг 1,2 фоизи)[4].

Мазкур эпидемия вақтида аҳолининг бозорларда ва турли зиёфатларда тўпланиши қатъиян ман этилди. Аҳолига гавжум бўлмаган шаҳар чеккаси ва шаҳардан ташқари ёзги яшаш жойларига кўчиб ўтиш таклиф қилинди. Маҳаллий аҳоли ҳукумат талабларини бажарди ҳамда бозорлар фаолияти тўхтатилди. Лекин аҳоли масжидларга боришни давом эттирди. Бундан ташқари, оилаларда беморлар бошқа оила аъзоларидан ажратилмагани касалликнинг кенг тарқалишига туртки бўлди. Шунингдек, беморларнинг нажаслари оқар сувларга тушиб, бошқа жойларга тез тарқаб кетди. Аҳолининг касалликдан кўп нобуд бўлмаслигига ва эпидемиянинг тез бартараф этилишига уларнинг бир-биридан узоқ масофада яшагани ижобий таъсир кўрсатди.

Тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра, 1872 йилда Туркистонда вабо эпидемиясидан 15 мингдан ортиқ инсонлар вафот этган.  

1892 йилда Туркистонда вабо эпидемиясининг иккинчи тўлқини бўлиб ўтади. 1892 йилда Закаспий темир йўлидаги Эронга яқин Каахка қишлоғида вабо касалига чалинган беморлар аниқланади. Икки ҳафта ўтгандан сўнг 31 майда Жиззахдаги қўшин аскарларидан бирида вабо борлиги аниқланиб, 4 кун ичида шаҳарда 32 нафар киши бу касалликкка чалинади ва улардан 21 нафари вафот этди[5]. Жиззахда вабо аниқланганидан сўнг Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори Н.Я. Ростовцев темир йўл станцияларида обсервация пунктлари ташкил этади. Шунга қарамасдан 6 июнда Самарқандда вабога учраган бемор аниқланади. Шундан сўнг вилоятнинг турли жойларида беморлар аниқлана бошланади ҳамда у ерларга зудлик билан шифокор ва фельдшерлар жўнатилади. Бу касаллик оқибатида вилоятда 7872 киши вафот этган. Фақтгина 467 киши шифокор назоратида бўлган, уларнинг 215 нафари ҳаётдан кўз юмган[6].

Вабонинг тарқалишини олдини олиш мақсадида Чинозда махсус пункт ташкил этилади ва 3 июндан у ерда махсус лазарет фаолиятини бошлайди. Амалга оширилган тадбирларга қарамасдан вабо 14 июнда Тошкентга етиб келади. 19 июнда шаҳарнинг “эски” қисмида махсус шифохона очилади. Тошкентда вабо касали тарқаб кетмаслигини олдини олиш мақсадида шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқиш таъқиқлаб қўйилади. Ёзнинг иссиқ кунларида пахта ва бошқа экинларга сув қўйиш, чопиқ қилиш, экинзорлар ва боғлардаги ҳосилни йиғиб олиш зарур бўлса ҳам мардикорлар шаҳар атрофига чиқарилмади. Бу эса вабо касалидан кейин очарчилик ҳавфи кучайиши эҳтимолини юзага келтирди. Эпидемия натижасида Тошкентда 1 879 киши вабога чалинди, улардан 1 657 нафари вафот этиб, фақат 222 нафари тузалиб кетди[7]. Эпидемия Сирдарё вилояти уездларида ҳам тарқалиб кетди, Тошкент уезди қишлоқларида касалликнинг олдини олиш ва уни даволаш бўйича шифокорлар К.Ф.Иоганнсон ва О.П. Фавицкаялар катта ёрдам берди.

Фарғона вилоятида ҳам эпидемиянинг олдини олиш учун чоралар кўрилди. 12 июнда Сирдарё қирғоғида Хўжанд яқинида Қароқчиқум қишлоғида обсервация пункти ташкил этилди. Бундай пункт Наманган уездида Кандирли девонида ҳам очилди. Ҳарбий қўшин ёрдамида тоғ сўқмоқларида кордон қўйилди. Лекин бу чора-тадбирлар вабонинг Фарғона вилоятига кириб келишини олдини ололмади. Тошкент уездида ишлайдиган мавсумий ишчилар вабо бошланиши билан ўз уйларига карантин пунктлари бўлмаган жойлардан ўтиши натижасида бу вилоятга ҳам вабо тарқала бошлади. Туркистоннинг 13 та шаҳрида 600 ўринли махсус шифохоналар очилди[8].

Тўлиқ бўлмаган маълумотларга кўра, вабо эпидемиясидан 1892 йилда Туркистонда 23 162 нафар киши вафот этди[9] .

1908 йилда вабо тарқалишининг янги хавфи пайдо бўлди. Шу йилнинг апрелидан Тошкент шаҳрида махсус комиссия иш бошлади. 16 августда Тошкентда вабодан бир киши вафот этди. 18 августда комиссия касалликнинг олдини олиш ва беморлар учун махсус бинолар тайёрлаш масаласини муҳокама қилди. Қурилган вабо баракларида шубҳа қилинаётган беморлар текширила бошланди. Шаҳарнинг обрўли ва бой кишилари даҳаларда тозалаш ишларини ўз бўйинларига олдилар. Текширишлар натижасида Човли ариғидан вабо вибриони топилганидан сўнг аҳолини қайнаган сув билан таъминлашга ҳаракат қилинди. 1909 йилда Тошкентда вабо хавфи мавжудлиги сабабли эски қудуқлар тикланди ва 25 та янги қудуқ вужудга келтирилди. Вабо билан касалланган беморлар ҳарбий госпиталга ҳам жойлаштирилди. 2 сентябрдан уларни шаҳар шифохонаси ҳам қабул қила бошлади. Бундан ташқари, қишки театр биноси ҳам вабо касаллигига чалинган беморларни даволаш учун мослаштирилди. Эркаклар амбулаториясида ҳам 5 ўринли жой ҳозирланди. 1908 йил 4 сентябрда касалликка қарши профилактика тадбирларини амалга ошириш учун 50 минг рубль ажратилди[10].

Таъкидлаш жоизки, бу даврда жаҳон тиббиётида вабога қарши эмлаш усуллари қўллана бошлаган эди. Туркистон ўлкасида вакцина кам бўлгани сабабли фақат ҳоҳловчилар учун, биринчи навбатда тиббиёт ходимлари учун 200 флакон вабога қарши вакцина берилди. 1909 йилнинг март ойида Тошкент шаҳар дорихонаси вабога қарши вакцина олади ва ҳоҳловчилар эмлашни амалга ошириши мумкинлигини эълон қилади. Бундан ташқари, Сирдарё вилоят бошқармаси рус, ўзбек ва қозоқ тилларида 20 минг нусхада “Вабо нима ва ундан қандай сақланиш керак?” номли рисола чоп эттирди.

Туркистонда фаолият юритган шифокорлардан бири М.Х.Батиршин 1872 йил 13 октябрида Тошкент шаҳар бошлиғига ёзган рапортида 1866 йил ва 1871-1872 йиллардаги вабо эпидемиясини таҳлил қилди[11]. Юқумли касалликларнинг ўтиш йўллари, дезинфекция ва юқумли касалликларнинг олдини олиш тадбирлари ҳақида ёзади: “Вабо эпидемияси вақтидаги кузатувлар шуни кўрсатдики, ёмон ҳаво, ичишга яроқсиз сув, инсон ва ҳайвонларнинг нажаслари ва уларнинг жасадлари сингиб кетган ер, аҳоли орасида вабо тарқалишига асос бўлади. Аксинча, вабо ва ўлат тарқалган вақтда ҳам яхши ҳаво билан нафас олган, сифатли тоза сув ичган аҳоли орасида юқумли касалликлар тарқалмаган ёки жуда кам тарқалган” [12].

Бошқа тадқиқотларни ўрганиш натижасида у вабо эмбрионини йўқотиш учун касалликка дучор бўлган беморнинг кийимларини ва бошқа предметларни оловда ёқиш зарур деб ҳисоблайди. Тўғри, ёқиш энг радикал дезинфекция қилиш усули. Аммо, бу усул ҳали тажриба қилиб кўрилмаганини афсус билан таъкидлайди. Шу билан бирга хлор, темир купороси, карбол кислотаси ва бошқа кимёвий элементлар вабога қарши тура оладими ва уларнинг қайси бири фойдалироқ экани ҳақида ўйлаб кўриш керак. У вабо касаллигига чалинган бемордан чиққан ахлатни ерга кўмишни зарарли деб ҳисоблаган, чунки у узоқ вақтдан кейин ҳам вабо келтириб чиқариши мумкин.

Олов ёрдамида дезинфекция қилиш кўп маблағ талаб қилгани ва аҳолининг унга қурби етмагани сабабли Москвадан дезинфекция қилиш учун кимёвий воситалар олиб келиш зарур бўлган. Аммо, вабога қарши курашишда уларнинг етарли эмаслиги туфайли карантин жойлари ташкил қилинган, вабо тарқалган жойлардан келган беморлар ва соғлом кишилар 15 кун бу ерда сақланган.

Безгак

Туркистон аҳолиси орасида кенг тарқалган касалликлардан бири безгак (“малярия“) касаллиги эканлигини шифохоналар ҳисоботидан ва газета хабарларидан кўриш мумкин[13]. Масалан, 1889-1891 йилларда Жиззах уездида безгак эпидемияга айланади. 1889 йилда шифохонага 16986 нафар бемор, 1890 йилда 32303 нафар киши, 1891 йилда 30809 нафар бемор бу касаллик билан мурожаат этган, ваҳоланки, 1888 йилда бундай касаллик билан мурожаат этганлар сони 378 нафар кишини ташкил этган эди[14]. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 1891 йилда 44004 бемордан 8908 нафари безгак билан оғриган[15]. Тошкент эркаклар шифохонасида 1886 йилдан 1897 йилгача бу касаллик билан оғриганлар умумий ҳисобнинг 12-22 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич ёз фаслига келиб янада ошиб кетади. Баъзи ҳолларда безгак эпидемияга айланиб кетган. 1894 йилда Тошкент уездида шундай ҳол рўй бериб, ҳаттоки бутун қишлоқлар аҳолиси ҳалок бўлган[16].

XX аср бошларида ҳам Тошкент уездида безгак касаллигига чалинган беморлар мавжуд бўлган. Жумладан, уезддаги бозорларда аҳолининг тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари олиб борилади. Мисол учун, Турбат, Шарапхон, Қаржон-бозор ва Янги-бозор ҳудудларидаги бозорларда бундай кўриклар амалга оширилади ва унда безгак касаллигига чалинган беморлар сони салмоқли бўлганлиги аниқланади. Безгак касаллигига чалинган мазкур беморларнинг айримлари аввал ҳам ушбу касалликка чалинган бўлса, айримлари биринчи марта безгак билан оғриган. Жумладан, Турбатда безгакка чалинган беморларнинг 50 нафари биринчи марта ушбу касалликни бошидан кечирган бўлса, 70 нафари аввал ҳам безгакка чалинган бўлган.

https://uzanalytics.com/wp-content/uploads/2020/04/epidemia-01_optimized-1160x951.jpg 1160w, https://uzanalytics.com/wp-content/uploads/2020/04/epidemia-01_optimized.jpg 1181w">
Манба: [1] Колосова Г. Отчет по изследованию заболеваемости малярией в Ак-Джарской, Шарапханской и Джетысуйской волостях Ташкентского уезда / Сборник материалов для статистики Сыр-Дарьинской области. Том IX. Ташкент. 1901. – С. – Б. 15
[2] Колосова Г. Отчет по исследованию заболеваемости малярией в Ак-Джарской, Шарапханской и Джетысуйской волостях Ташкентского уезда / Сборник материалов для статистики Сыр-Дарьинской области. Том IX. Ташкент. 1901. – С. 16.
[3] Колосов Г. Отчет по исследованию заболеваемости малярией в Ак-Джарской, Шарапханской и Джетысуйской волостях Ташкентского уезда / Сборник материалов для статистики Сыр-Дарьинской области. Том IX. Ташкент. 1901. – С. 16-17.
[4] Ўша жойда. – Б. 17.                                                                                                                                                                                                                                                                [5] Колосов Г. Отчет по исследованию заболеваемости малярией в Ак-Джарской, Шарапханской и Джетысуйской волостях Ташкентского уезда / Сборник материалов для статистики Сыр-Дарьинской области. Том IX. Ташкент. 1901. – С. 20-21.

Касалликнинг дастлабки аломатлари беморда соат 10-12 ларда юзага чиқиб, унинг иситмаси кўтарилган ва кечга томон хуруж пасайган. Бироқ, айрим ҳолатларда касаллик хуружи кечки вақт бошланиб, тунда давом этган ва эрталаб ўтиб кетган. Бу даврда безгак касаллигини даволашда асосан “хинин” препарати ишлатилган ва у шифокор рухсатисиз ҳам тарқатилган. Н.Васильев «Окраина» газетасида чоп этилган «Бизнинг умумий фожеамиз ва уни тузатиш йўллари» номли мақоласида бу маълумотни мисол келтириб, безгак тарқалган бошқа жойларда ҳам шундай чорани қўллашни таклиф этади[17].

Ўлат 

1898 йил сентябрь-октябрь ойларида Самарқанд уезди Искандар волостидаги Анзоб қишлоғида ўлат (“чума“) касаллиги тарқалган. Бу касаллик Анзоб қишлоғида сентябрь бошидан тарқалиб, бир ой ичида 357 киши касалликка чалинган эди, шулардан 219 киши вафот этган, фақат 4 киши (3 нафар эркак ва 1 нафар аёл) тузалиб кетган эди. Маълумотларни фоиз ҳисобида олганда, аҳолининг 63 фоизи бу касалликка чалинган, беморларнинг 97 фоиздан ошиғи вафот этган ҳамда 1 фоизигина тузалган эди[18]. 27 сентябрда Самарқанд уезд маъмурияти бундан хабар топган ва 3 октябрда у ерга уезд шифокорини жўнатган. Касаллик бутун Туркистонга тарқалиб кетмаслиги учун унинг олдини олишга киришилади. Қишлоқда шифохона йўқлиги учун битта уй шифохона учун мослаштирилади. Қишлоқда сероб бўлган оҳақ шу ернинг ўзида ташкил этилган печлар ёрдамида қиздирилади ҳамда уйлар оҳаклаб чиқилади. Қишлоқдан 25 верст узоқда жойлашган Такфанда карантин ва дезинфекция камераси ташкил этилади. Кўрилган чоралар натижасида октябрь ойида касаллар сони камайган ҳамда 26 ноябрда карантин бекор қилинган[19].

1899 йилда Самарқанд вилоятида ўлат касаллигининг тарқалиши сабабли Петербургдан Самарқандга медицина доктори Ягодинский таклиф қилинган эди. У самарқандлик мударрис ва талабаларга юқумли касалликлар, хусусан ўлат ҳақида маъруза ўқиб, унга қарши замонавий усулларда курашиш йўлларни айтиб ўтади. Ундан кейин медицина доктори Ягодинский Бухоро мадрасаларига маъруза ўқишга келади. Дастлаб у қозикалонга бу маърузасини ўқиб беради, шундан кейингина унга мадрасада маъруза қилишга рухсат берилади.

Анзобда ўлатга қарши олиб борилган ишлар, касаллик тарихи ва уни даволаш йўллари ҳақида воқеа иштирокчиси бактериологик тадқиқот олиб борган шифокор Я.М.Финкельштейн “Туркестанские ведомости” газетаси саҳифасидаги мақоласида батафсил маълумот берган. Анзоб воқеасидан кейин Туркистондаги қишлоқларга тиббий ёрдам кўрсатишни бироз кучайтиришга ҳаракат қилинган. Жумладан, 1898 йилнинг ўзида Самарқанд уездининг Дагбит, Янгиқўрғон ва Жумабозор қишлоқларида фельдшерлик пунктлари очилган[20].

Чечак 

XIX – XX аср бошларида Туркистонда чечак (“оспа“) касаллигига қарши курашишнинг самарали усули сифатида эмлаш тушунилган. 1870-1890 йилларда маҳаллий аҳолидан 4 нафар чечакка қарши эмловчилар доимий равишда эмлаш ишларини олиб борган ҳамда аҳолига дори-дармонлар учун йилига 200 руб. бериб турилган. Чечакка қарши эмлаш ишлари билан шуғулланган ва маҳаллий аҳолини замонавий тиббиётга ўргатишда алоҳида роль ўйнаган шифокор М.Х.Батиршин эди. Шифокор М.Х.Батиршин маҳаллий аҳолини чечакка қарши эмлашнинг фойдасига ишонтиришга муваффақ бўлди. Аммо, 100 000 нафар аҳолига 1 нафар шифокор ва йилига дори-дармонларга 200 рубль билан замонавий тиббиётни маҳаллий аҳоли орасида ёйишга тўсиқ бўлган омиллардан биридир. Масалан, 1875 йилда Тошкентда 1000 нафардан ортиқ бола чечакка қарши эмланган бўлса, 1883 йил мобайнида 1239 нафар бола чечакка қарши эмланди.

“Туркистон чечак бюроси” номи билан донғи кетган бюрода бузоқлар боқилиб, улардан эмлаш учун “детрит” олинган ва ушбу муассаса бутун ўлкага хизмат қилган. Юқорида таъкидланганидек, чечакка қарши эмлаш ташаббускори М.Х.Батиршин, XIX асрнинг 70-йилларида шаҳар маблағига ўлкадаги дастлабки бузоқхонани очган. 1887 йилдан бошлаб 1886 йилги ўлкани бошқариш тўғрисидаги Низомнинг ишга тушиши билан Тошкентдаги бузоқхона земство маблағига, йилига 1050 рублга фаолият юритади[21]. 1910 йилгача детрит (эмлаш учун вакцина) ҳаммага бепул берилган, 1910 йилдан ҳарбий маҳкама уни пулга сотиб ола бошлаган. Шу билан бирга у баъзи сабабларга кўра камёб бўлиб қолган эди. Детрит етишмаслиги хусусида кўплаб шикоятлар тушиб турган. Эмлашга бўлган бундай муносабат ўлкада чечак касаллиги эпидемиясининг олдини олиш имконини бермаган.

1883 йил бошларида Хўжанд уездида чечак касаллиги аниқланди. 4 январда уезд ижтимоий комитети йиғилишида унга қарши кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. 1884 йил июнида Исфахон оқсоқоллигида бир ой ичида 90 нафар киши бу касалликка чалинди ва 30 нафар бола ундан вафот этади[22]. Касалликнинг кенг тарқалишига чечакка қарши эмлаш ишларига беписандлик билан қараш сабаб бўлган. Хўжанддан Исфахонга чечакка қарши эмловчи Содиқ Саримсоқов жўнатилган ва бунинг натижасида эпидемия тўхтатилган. 1886 йилда Тошкентда чечак эпидемияси вужудга келди. Шаҳарнинг “янги” қисмида касалликка чалинган болалардан 11 нафари, “эски” шаҳар қисмида 1540 нафар боладан 813 нафари вафот этди[23]. Тиббиёт ходимлари ва чечакка қарши эмловчилар, жумладан, Абдужаббор Абдуғаффаров (15.02.1873 йилдан ишлаган), Набихон Эшонов, Муҳаммад Бойжонов (15.11.1869 йилдан ишлаган), Мирза Муҳаммад Султонбоевлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатди[24].

1886 йилда Туркистонда 102 нафар чечакка қарши эмловчилар, жумладан, Сирдарё вилоятида 59 нафар, Самарқанд вилоятида 17 нафар, Фарғона вилоятида 26 нафар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатган. Йилдан йилга эмланган болалар сони ошиб борди [25] [26].

XIX аср охирида Туркистонда чечакка қарши эмланган болалар сони:

1882 йил 1883 йил 1884 йил 1885 йил 1886 йил 1892 йил 1896 йил
30 321 30 964 34 213 35 287 35 987 39 594 55 355

Эмлаш учун детрит тақчиллиги сезилиб қолганлиги сабабли Тошкент шаҳар касалхонаси беморлар билан тўлиб кетган эди. 1909 йил 18 декабрдан шаҳарда бепул чечакка қарши эмловчи пунктлар, жумладан, “эски” шаҳар амбулаторияларида ҳам бундай пунктлар очилди. Шаҳар дорихонаси амбулаториясида 650 та эмлаш ишлари амалга оширилди[27]. Шаҳар думаси қарорига мувофиқ фойда келтирмагани туфайли ёпилган чечакка қарши эмлаш учун ишлатиладиган детрит иши тикланди. Чечакнинг кенг тарқалишига сабаблардан бири қишнинг қаттиқ келгани билан боғлиқ бўлса, бундан ташқари, аҳолининг етарли озиқ-овқат истеъмол қилмагани, моддий аҳволи билан боғлиқ эди.

Захм 

Туркистонда захм  (“сифилис”) касаллиги тўғрисида маълумотлар манбаларда XIX асрнинг I ярмидан бошлаб кўпроқ тилга олина бошлайди. Жумладан, рус тилидаги манбаларда 1842 йилда Туркистонда захм касаллиги тарқалганлиги айтилади. XIX аср охирларидан бошлаб Фарғона, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларbнинг йиллик ҳисоботларида захм касаллигига чалинган беморларнинг ҳар йиллик маълумотлари бериб борилади. XIX аср охирида Амударё бўлимида врач бўлиб ишлаган И.А. Авдакушин ўз ҳисоботида 1887-1891 йилларда беморларнинг 9,6 фоизи захм касаллигига чалинганлигини қайд қилиб ўтади. Тошкент шаҳрида 1883-1894 йиллар оралиғида захм касаллиги билан оғриган аёл беморлар аёллар амбулаторияларига, 1886-1898 йилларда эркаклар эса эркаклар амбулаторияларига мурожаат қилган. Ушбу амбулаторияларга даволаниш учун келган беморларнинг умумий сонининг 7,7 фоизи захм касаллигига чалинган. Бундай турдаги маълумотларни Самарқанд ва Хўжанд аёллар амбулаториялари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 1888 йилда ушбу тиббиёт муассасаларига жами 2602 та бемор болалар олиб келинган бўлса, уларнинг 219 нафари, яъни 8,4 фоизи захм касаллигига чалинган эди. Шу йили мазкур шаҳарлардаги касалхоналарга жами 4586 нафар аёллар мурожаат қилган бўлса, шуларнинг 609 нафари, яъни 13,2 фоизи захм касаллигидан азият чеккан. Бошқа шаҳарлардаги аёллар амбулаторияларида ҳам шунда рақамларни кўриш мумкин бўлган. Жумладан, 1899 йилда Қўқон аёллар амбулаториясига ташриф буюрган аёлларнинг 8,7 фоизи захм касаллигига чалингани учун докторга мурожаат қилган.

Сирдарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларининг йиллик расмий ҳисотларида ҳам захм касаллиги билан боғлиқ мазкур рақамлар кўзга ташланади. Масалан, 1896 йилда Фарғона вилоятидаги умумий беморларнинг 5,6 фоизи захм касаллигига чалинган беморлардан иборат бўлган. А.И. Покровсконинг маълумотларига кўра, 1885-1913 йилларда Сирдарё вилоятида захмга чалинган беморларнинг миқдори жами беморларнинг 3-5 фоизи, Фарғонада 2,4-5,7 фоизи ҳамда Самарқанд вилоятида 2,5-3,5 фоизини ташкил этган.

Маҳаллий аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатган аёл шифокорлар кўп йиллик кузатишлари ва ўрганувлари натижасида бу касалликнинг кенг тарқалишига сабаб маҳаллий аҳоли бу касалликнинг юқумли эканлигини билмаганида ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаганида, яъни кўпинча бир идишдан овқатланиши, бир сочиқдан фойдаланиши, бошқаларнинг болаларини аёллар бемалол эмизиши натижасида биридан иккинчисига ўтади, деган хулосага келганлар[28].

Шифокорларнинг баъзилари томонидан Туркистон маҳаллий аҳолиси захм касаллигининг аломатларини ҳамда уларни даволаш усулларини яхши билганлиги таъкидланган. Жумладан, А. Шишов 1904 йилда шундай ёзади: “Захм касаллигига чалинган беморлар ўзларининг қандай касалликка чалинганлигини тушунган ва захмдан даволанишда маҳаллий усуллардан фойдаланган. Кўриниб турибдики, маҳаллий табиблар мазкур касаллик билан яхши таниш бўлган ва улар захмга чалинган беморларни дастлабки босқичда даволаган”[29].

https://uzanalytics.com/wp-content/uploads/2020/04/epidemia-02_optimized-1160x797.jpg 1160w, https://uzanalytics.com/wp-content/uploads/2020/04/epidemia-02_optimized.jpg 1181w">

Умуман олганда ташкил этилган шифохоналарга мурожаат этган беморлар сони йилдан-йилга ошиб борган бўлса-да, аммо баъзи бир касалликлар бўйича, хусусан ўткир юқумли касалликлар бўйича аҳоли шифохоналарга кам мурожаат қилишган. Тошкент шаҳридаги аҳволни кузатадиган бўлсак, Тошкент «эски шаҳар» қисмидаги амбулатория врачи А.Л.Шварцнинг келтирган маълумотларига кўра, 1897 йилдан 1908 йилгача Тошкент «эски шаҳари» ҳамма амбулаторияларида 531435 бемор қабул қилинган бўлса шулардан 221 таси ўткир юқумли касалликлар билан оғриганлар, жумладан чечак 21 нафар, 50 нафар дифтерия, 123 нафар қизамиқ, 27 нафар скарлатина билан касалланганлар мурожаат қилишган. Ваҳоланки, Тошкентда бу давр ичида эпидемиялар, яъни 1890 йилда дифтерия эпидемияси, 1898 йилда скарлатина ва 1901 йилда чечак (оспа) эпидемияси бўлган[30], яъни юқумли касалликлар эпидемияси даврида ҳам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар озчиликни ташкил этган.

Манба: Uzanalitics.com

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.