ЖССТ: Дунёда ҳар икки сонияда бир киши юқумли бўлмаган касалликлардан вафот этмоқда

Улашиш:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботида келтирилишича, Ер юзида ҳар икки сонияда бир киши юқумли бўлмаган касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда.

Бу эса XXI аср тиббиётини ушбу глобал муаммога қарши янада самарали чора-тадбирлар кўришга ундайди. Чунки юрак-қон томир тизими, сурункали нафас йўллари ва руҳий касалликлардан ўлим кўрсаткичлари йил сайин ошиб бораётгани бутун инсоният учун жиддий таҳдиддир.

Яъни инфаркт, инсульт, саратон, қандли диабет каби ноинфекцион хасталиклар йилига 41 миллион нафар кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Бу, дунёда касалликлар оқибатида қайд этилаётган ўлим ҳолатларининг деярли тўртдан уч қисмига тенг.

Ваҳоланки, ЖССТ томонидан 2030 йилгача юқумли бўлмаган касалликлардан эрта ўлим кўрсаткичларини учдан бир қисмга қисқартиришга қаратилган Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган.

Аммо ҳозир саноқли мамлакатларгина ушбу ҳужжатда белгиланган мақсадлар рўёбига эришиш учун астойдил интилмоқда, холос.

Шундан келиб чиқиб, ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус мамлакатлар соғлиқни сақлаш тузилмалари раҳбарларини мазкур касалликларга қарши курашиш борасида шошилинч чоралар кўришга чақирди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.