Бухоро вилоятида 34 ёшли эркак мастлик ҳолатида ўз кўзи ожиз онасини ваҳшийларча ўлдирди. Бу жиноят нафақат бир оилани вайрон қилди, балки жамиятда меҳр-оқибат туйғулари қанчалик қадрсизланиб бораётганини яққол кўрсатиб берди.
Ҳодиса 2024 йилнинг ёзида содир бўлган. Суд иш материалларига кўра, аёл ўғлидан шикоят қилган. Шу пайт бошқа хонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирган ўғли "унинг оғзини ёпиб қўйиш" мақсадида болта билан онасининг бўйнига бир неча бор уриб, уни ёввойиларча қатл этган.
Она – ҳар бир инсон учун беназир ва муқаддас зот. Унинг меҳри, сабри ва ғамхўрлиги чексиздир. Бироқ, бу қотиллик жамиятда инсонпарварлик ва шафқат туйғуларининг заифлашиб кетаётганини ўйлашга мажбур қилади.
Суд қотилни айбдор деб топиб, уни 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу каби ҳолатлар меҳр-оқибатни асраш, спиртли ичимликлар таъсиридан сақланиш ва инсоннинг инсоний қадр-қимматини унутмаслик қанчалик муҳим эканини яна бир бор ёдга солади.