“Ўлим жазоси хато қўлланган ҳолатларда бу хатони тўғрилаб бўлмайди” — экспертлар

Улашиш:

Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши Конституцияга ёзиб қўйиляпти. Ҳуқуқшуносларга кўра, яшаш ҳуқуқини инсонга Яратганнинг ўзи берган, бировнинг жонини олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қолаверса, ўлим жазосини қайта тиклаган давлатларда ҳам жиноятлар камайиб қолмаган. Қатл қилиб бўлинган одам айбсиз бўлиб чиққан ҳолатлар эса етарлича.

Нима ўзгармоқда?
Амалдаги Конституциянинг 24-моддасида “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, дея қайд этилган. Таклиф этилаётган ўзгаришга кўра, бу моддага “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади” деган янги жумла қўшилмоқда.

Мутахассислар яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этгани, Конституцияга киритилаётган янги норма ушбу ҳуқуқ ҳар кимнинг ажралмас ҳуқуқи сифатида тан олинишига асос бўлиши, шу тариқа давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини тасдиқлашини таъкидлашмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керакки, 1994 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида 33 та модда бўйича ўлим жазоси тайинланиши мумкин эди. Кейинчалик жиноий жазолар либераллаштирилиб, 2008 йилгача қонунчиликка мувофиқ икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси қолдирилган.

2008 йил 1 январдан барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартириш нафақат ўлим жазосини бекор қилиш, балки қатъий равишда Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ва қайта тикланмаслигини кўзда тутади.

Фарҳод Примов, ИИВ Академияси масъул ходими, Конституциявий комиссия аъзоси:
— Ижтимоий тармоқларни кузатадиган бўлсак, ўлим жазосини тиклаш керак деган таклифлар ҳам учраяпти. Айрим фуқароларимиз бу таклифни қўллаб-қувватлаётганини кўриш мумкин. Хусусан, баъзи бир оғир, ўта оғир жиноятлар, вояга етмаган шахсларга тегажоқлик қилиш, қотиллик, серияли қотиллик жиноятларини содир этганларга нисбатан ва ҳатто коррупция ҳолатлари учун ўлим жазосини тиклаш керак, деган фикрлар билдирилмоқда.

Албатта, ҳар ким ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга, лекин Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси аниқ ва қатъий белгиланган. 2005 йилдан амалда ва 2008 йилдан расман Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган. Юртдошларимизда ўлим жазоси шундоқ ҳам бекор қилинган бўлса, нега бу масала Конституцияга киритиляпти, деган савол туғилиши мумкин.

Қонунларимизга кўра, бундай жазо тури мамлакатимиз ҳудудида бекор қилинган. Констититуцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришда ўлим жазосини тақиқлаш ҳақида гап кетмоқда. Яъни бекор қилиш ва тақиқлаш бу мутлақо бошқа-бошқа мазмундаги тушунчалар. Агар Конституцияга ушбу норма киритилса, бу ўзгариш ўлим жазоси Ўзбекистонда абадул-абад қўлланилмаслигини англатади.

Ўлим жазосини тиклаш тарафдори бўлган фуқароларнинг аксарияти бу орқали жиноятчилик кўрсаткичи камаяди, жиноятчиликнинг олди олинади, дейишади. Лекин бу бўйича ҳам халқаро тажрибани таҳлил қилганимизда, ўлим жазоси жиноятларнинг камайишига таъсир қилувчи асосий омил эмаслигини кўрдик, яъни бу жазо масаланинг ечим эмас. Бир қатор давлатларда ўлим жазоси бекор қилингандан сўнг тикланган ҳам, аммо бу билан вазият ўнгланиб қолмаган. Масалан, Хитойда коррупция учун ўлим жазоси белгиланган, лекин ҳар йили қанча одам айнан шу жинояти учун қатл этилмоқда.

Кейинги пайтда интернетда вояга етмаган шахсларга тегажоқлик қилиш билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб тарқалмоқда, улар қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланяпти ҳам. Аксарият ўзбекистонликлар, ҳаммамиз бу каби жиноятларга тоқат қила олмаслигимиз рост. Шундай пайтларда бундай қилмишни содир этганларга ўлим жазоси қўлланиши керак, деган фикрлар кўплаб билдирилади. Такроран айтаман, ўлим жазоси бу ерда ечим бўла олмайди. Вояга етмаганларга тегажоқлик қилганларга ўлим жазоси белгиланган тақдирда ҳам бундай жиноятлар тўхтаб қолмайди, барибир содир этилаверади.

Бу жараёнда хорижий тажрибани ўрганиб чиқишга тўғри келди. Бошқа давлатлар амалиётида ўлим жазосига ҳукм қилиниб, жазо ижро этилгандан кейин қатл қилинган шахснинг айбсизлиги исботланган ҳолатлар кўплаб кузатилганига гувоҳ бўлдик. Афсуски, ўлим жазоси қўллангандан сўнг хатони тўғрилашнинг имкони бўлмайди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда судлар томонидан кўплаб оқлов ҳукмлари чиқарилаётганини кўряпмиз. Агар бизда ҳам ўлим жазоси амалда бўлганда, эҳтимолки, суд томонидан оқланаётган юртдошларимизнинг бир қисми аллақачон қатл қилиб юборилган бўлиши мумкин эди. Шу нуқтайи назардан ҳам Конституциямизга Ўзбекистоннинг қатъий позициясини билдириш учун шу қоида киритилмоқда.

Толибжон Умаров, Бош прокуратура бўлим бошлиғи:
— Ўзбекистонда учта нуқта – фуқаролик жамияти, ижтимоий ҳимоя ва ҳуқуқий давлатчилик масаласи орқали инсон қадрини улуғлашга эришмоқчи бўляпмиз. Шу нуқтайи назардан халқимизга Конституциявий ислоҳотлар ҳавола этилди ва бир ойдан зиёд муҳокама бўлди. Ўша муҳокамаларнинг нуқтаси сифатида ўлим жазосини Конституция даражасида тақиқлаш масаласи кун тартибига қўйилган.

Иккита ёндашув бор, биринчиси, қотилликка қўл урган шахсга шафқат қилинмаслиги, у албатта қатл қилиниши керак. Иккинчи ёндашув эса биринчисига қарама-қарши, яъни инсоннинг яшаш ҳуқуқи – бу унинг табиий ҳуқуқи. Буни ҳеч ким олиб қўйишга ҳаққи йўқ. Қатл қилиш эса бу – қасос, “Ал қасосул минал ҳақ”, яъни қасос олиш фақат Ҳаққа хос дейилади.

Нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳуқуқшунослар ўртасида ҳам, аҳоли ўртасида ҳам бундай тортишувлар бўлиб келган. Ўлим жазосини Конституция даражасида тақиқлаб қўйиш бу миллатнинг улуғлигидан, ҳуқуқий маданияти юксаклигидан далолат беради. Шунинг баробарида бу ислоҳот бошқаларда Ўзбекистондаги ҳуқуқий тизим, қонунчилик тизимига ижобий муносабат шаклланишига асос бўлади.

Бобур Расулов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати:
— Инсон ўзининг қилган жинояти, гуноҳи учун осонгина ўлим топиши бу яхши эмас. Жиноятчи учун пешонасидан отиб ўлдирилиш осонми ёки бир умр қамоқхонада жазони ўташи, оғир ишларда ишлатилишими? Қайси бири оғирроқ? Шунинг учун ҳам хорижда оғир жиноят содир этган шахслар кўпинча полицияга таслим бўлишни истамай ўз жонига қасд қилганини кўрамиз, чунки қамоққа тушиб қийналгандан шу осонроқ деб ўйлайди.

Ўлим жазосига лойиқ жиноят содир этган шахслар йиллаб азоб чекиши, виждони қийналиши керак, деб ҳисоблайман. Унга бериладиган жазо ўлим жазосидан ҳам оғирроқ бўлиши, содир этган қилмиши учун у умрининг охиригача тавба қилиб ўтиши керак, менимча. Ўлимга ҳукм қилинса, у булардан осонгина қутулади.

Қолаверса, юқорида айтилганидек, суд ва тергов тизими ҳам хатолардан холи эмас. Нафақат бизда, балки бутун дунёда учрайди бу ҳолат. Бундан 50-60 йил олдин 14 яшар ўсмир ўлим жазосига ҳукм қилиниб, электрстулда қатл этилган. Лекин бунда орадан қанчадир йиллар ўтгандан сўнг шу ўсмирнинг мутлақо айбсиз бўлгани исботланган. Энди уни қайтариб бўладими? Йўқ. Ўлим жазоси мана шуниси билан ҳам хавфли. Ноҳақ қамалган, жазоланган одамда умрининг охиригача ўзининг айбсизлигини исботлаш имкони бўлиши керак, деб биламан.

Ҳаётда туҳмат деган нарса бор. Ёлғон гувоҳлик беришлар бор. Тарихда айбсиз бўла туриб ўлим жазосига ҳукм қилинган шахслар жуда кўп. Мен келтирган мисолда қатл қилинган шахс вояга етмаган ўсмир бўлгани учун ҳам ушбу ҳодиса кўпчиликнинг ёдида қолган, жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлган. Аслида юзлаб, минглаб одамлар айбсиз айбдор сифатида қатл қилиб юборилган ва уларда ўзларини оқлаш имкони бўлмаган. Ўлим жазоси Конституция даражасида тақиқланаётгани мана шуниси билан муҳим.

Бизнинг динимизда, шунингдек, насронийлик динида ҳам инсонга умрни Яратган бериши, бу неъмат бошқа инсонлар томонидан тортиб олиниши мумкин эмаслиги, ҳеч ким бировнинг жонини олишга ҳаққи йўқлиги таъкидланади. Инсонни қадрлаш нуқтайи назардан унинг ҳаётига бошқа одамлар томонидан нуқта қўйилиши бу – хато.

Саломат Ниёзова, юридик фанлар доктори, профессор:
— Ўлим жазоси берилиши оқибатида жиноятчилик сони камаядими ёки кўпаядими? Мутахассис сифатида айтиб ўтмоқчиман, шафқатсиз жазо тайинлаш жиноятчилик кўрсаткичларининг камайишига хизмат қилишини англатмайди. Аксинча, ҳар қандай қонунбузарлик, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланиши ва бунга ишончнинг мавжудлиги одамларга яхши таъсир кўрсатади.

2008 йилда республикамизда ўлим жазоси бекор бўлди. Унинг ўрнига енгил жазолар тайинлангани йўқ. Одамлар ҳозир жиноятчиларга қаттиқ жазо берилмаяпти деб ўйлайди, лекин ўлим жазосининг ўрнига умрбод ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу енгил жазолар эмас.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.