Давлат хизматлари ягона реестри: ошкоралик ва ҳисобдорликка элтадиган янги босқич

Улашиш:

Ўзбекистонда давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш жараёни яна бир муҳим босқични босиб ўтди: Адлия вазирлиги “Давлат хизматлари ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисида”ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳужжат давлат хизматларини қай тартибда рўйхатга олиш, юритиш ва янгилаш қоидаларини аниқ белгилаб, фуқаролар учун очиқ ва шаффоф тизимни шакллантиришга хизмат қилади.

Энг муҳим янгилик шундаки, эндиликда барча давлат хизматлари ягона онлайн реестрда жамланади ва ҳар бир хизматни қайси идора қандай асосда кўрсатиши, қайси ҳужжатлар талаб этилиши, жараён қанча вақт олиши каби маълумотлар ягона “паспорт” кўринишида очиқ тақдим этилади. Бу қарор фуқароларнинг давлат идоралари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, давлат хизмати кўрсатишдаги ортиқча бюрократия, адашув ва маълумотлар chalkashligiga чек қўйишга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ягона реестр Адлия вазирлиги томонидан шакллантирилади ва “Давлат хизматлари” автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилади. Бу эса давлат хизматлари соҳасидаги барча маълумотларнинг бир жойга жамланиши, идоралар ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштириш сиymдан сезиларли яхшиланишига хизмат қилади. Энг муҳими, реестрдаги маълумотлар ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар учун тўлиқ очиқ бўлади. Шу орқали давлат аппаратининг фоалияти фуқаро олдида шаффофлашади, давлат органлари эса хизматларни бажаришда ўз зиммасидаги мажбуриятларни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади.

Низомда белгиланган қоидаларга кўра, ҳар бир давлат хизмати реестрга фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида киритилади. Демак, идора ўз хоҳишига кўра хизмат “яратмайди” ёки “йўқ қилмайди”. Бу хизматларнинг ҳужжатли асосга эгалигини, унинг тартиби, талаблари ва ҳуқуқий нормалари аниқ белгилаб қўйилишини кафолатлайди. Бундай тизим коррупция хавфларини камайтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Шу билан бирга, давлат хизматининг паспортини янгилаш, унга ўзгартириш киритиш ёки реестрдан чиқариш жараёнлари ҳам қонунчиликка асосланган ҳолда амалга оширилади. Амалда бу нима дегани? Агар бирор хизмат тартиби ўзгарса, фуқаролар бу ҳақда расмий ахборот тизими орқали дарров хабардор бўлади. Бу механизм давлат хизматларида умумий стандартларни жорий этиш ва уларни халқ учун янада тушунарли қилишга хизмат қилади.

Ягона реестр жорий этилиши давлат бошқарувидаги ўзгаришларнинг тезроқ амалга ошишига ҳам туртки бўлади. Чунки қандай хизмат бор, у қаерда ва қай тартибда кўрсатилади, қандай ҳужжатлар талаб этилади – барчаси бир жойда жамланади. Ҳозирча айрим идораларда учраб турадиган талаби йўқ ҳужжатлар, ёки турли манбаларда ҳар хил кўрсатилган маълумотлар каби муаммолар босқичма-босқич йўқолади.

Фуқаролар учун амалий жиҳатда энг катта афзаллик – маълумотнинг ишончлилиги. “Қайси ҳужжат керак?”, “Қайси орган масъул?”, “Хизмат муддати қанча?” каби саволлар энди турли манбаларда йиғилмайди, балки бир реестрдан топилади. Бу жараённинг яна бир ижобий жиҳати – давлат хизматлари учун рақобат муҳити юзага келиши. Яъни идоралар фуқаро олдидаги мажбуриятларининг қай даражада бажарилаётганини яшира олмайди.

Шубҳасизки, ягона реестрни юритиш давлат хизматлари сифатига таъсир қиладиган муҳим механизм. Бу орқали давлат бошқаруви моделининг бир-бирига боғлиқ барча бўғинлари тизимли равишда ишлайди. Қисқаси, реестр – фуқаро учун қулайлик, давлат учун эса тартиб ва ҳисобдорликни таъминлайдиган инструментдир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.