2017 йил 12 декабрда давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, шу йилнинг 15 февралида “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” қарор қабул қилди.
Давлат хизматлари марказлари, Президентимиз ташаббуси билан Халқ қабулхоналари билан ягона бренд остида фаолият юритади. Биламизки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси у ёки бу юмуш билан давлат ташкилотларига мурожаат қилади. Уларнинг масаласини ўрганиш, тегишлилиги бўйича давлат идораларига йўналтириш, бюрократия, коррупцияни олдини олиш, аҳолида давлат ташкилотлари ва давлатга бўлган ишончни таъминлашдан иборат. Бугун мамлакатимиз бўйича ҳар бир туманда биттадан, жами 201 та Давлат хизматлари маркази фаолият кўрсатмоқда. Шу жумладан, вилоятимизда улар сони 13 та.
Одамлар гавжум жойда уларнинг гапларига қулоқ солсангиз, ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам Давлат хизматлари марказлари ҳақида сўзлашадилар. Бу марказларда ташриф буюрувчиларга яратилаётган барча қулайликлар асосан вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини бермоқда. Айни пайтда вилоятимизда бунёд этилаётган янги марказларда фуқаролар вақтини навбат кутиб ўтказмайди. Шу билан бирга, кўрсатилаётган хизматларнинг аксарияти қисқа фурсатлар ичида бажарилмоқда.
Инсон қаерда ва қай шароитда яшамасин, ўзига қулайлик яратишга ҳаракат қилади. Давлат хизматлари агентлиги ва унинг қуйи тузилмалари иш фаолиятининг асосини ҳам аҳолига қулай шароит яратиш мақсади ташкил этади. Бугун ундан ҳатто олис қишлоқ одамлари ҳам манфаатдор бўлмоқда. Улар учун яратилган шарт-шароит ва имконият шаҳарникидан асло қолишмайди.
Юртдошларимизга замонавий жиҳозланган бинолардаги мониторларда 130 га яқин хизмат тури юзасидан маълумотлар тақдим этилмоқда. Қолаверса, дид билан тартибга келтирилган хизмат ойналари, электрон навбат, кутиш зали, фарзанди билан келган фуқароларга она ва бола хонаси, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси, кўрсатилган хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассалари мавжуд. Биноларда ташкил этилаётган кичик кутубхоналар эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда вилоятимизда Мирзачўл ва Дўстлик туманлари аҳолиси учун шундай қулайликларга эга бинолар фойдаланишга топширилган. Ўз навбатида Жиззах шаҳри ва барча туманларда шундай марказлар яқин кунларда фойдаланиш учун топширилиши режалаштирилган.
Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди, десак адашмаймиз. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Тадбиркорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш, электрон рақамли имзо калитини олиш дейсизми, қўйингки, ҳар қандай юмуш билан марказга келсангиз, ишингиз тез фурсатда битади. Бундай шароитда ишлаш ходимлар учун ҳам, марказ хизматидан фойдаланишга келган аҳоли учун ҳам қулай бўлиб, ўзгача кайфият улашади.
Маълумот ўрнида: Жиззах шаҳри ва барча туманлар давлат хизматлари марказлари орқали 2018 йилда 90 минг 384 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлиги ҳисобига, жорий йил 9 ойининг ўзида кўрсатилган давлат хизматлари 337 415 тага етди. Ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3,5 баробар ошган.
Жорий йилдаги энг оммабоп ва “ТОП 10”таликдаги давлат хизматлари қуйидагилардан иборат.
- Электрон рақамли имзо бериш— 83 694 та;
- СТИРни аниқлаш — 48 314 та;
- Жисмоний шахслар учун СТИР бериш — 35 394 та;
- Болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш — 33 173 та;
- Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш — 26 359 та;
- Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш — 25 299 та;
- Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш — 13 103 та;
- Жисмоний шахсларнинг солиқдан қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома бериш — 12 322 та;
- Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш — 8 836 та;
- Судланганлик (судланмаганлик) ҳақида маълумотнома бериш — 8 649 та.
Давлат хизматлари кўрсатишда яратилган қулайликлардан яна бири, марказ ходимлари олис ва чекка ҳудудларда бўлиб, мунтазам равишда фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Ўтган тўққиз ой давомида вилоятимизнинг энг чекка ва олис ҳудудлари, аҳоли гавжум бўлган жойларда 14 мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилди.
Тизимда мурожаатлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилади. 2019 йилнинг январь – сентябрь ойлари давомида жами 165 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 98 таси Президент виртуал қабулхонасидан, 67 таси бевосита жисмоний ва юридик шахслар томонидан юборилган. Ушбу мурожаатларнинг 144 таси ариза, 21 таси шикоят ва таклифларни ташкил этади.
Бошқарма томонидан 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида иш режага асосан 5 та ўрганиш (“Жиззах ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Ўзтрансгаз ҳудудий Жиззах вилоят филиали, “Ермулккадастр” ДУК Жиззах вилоят бошқармаси ва унинг тизимларида, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари туман (шаҳар) ҳокимликларида) ўтказилиб, 3.928 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган эди. Ушбу қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 7 та тақдимнома киритилиб, 11 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
2019 йилнинг 9 ойида 56 та мониторинг ва 5 та текшириш ўтказилиб, жами 6.056 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу қонунбузилишларни идоралар кесмида таҳлил қилинганда:
“Ўзбекэнерго” АЖда 4054 та (66,9%), Ер ресурслари ва давлат кадастр идораларида 939 та (15,5%), Ўзтрансгаз ҳудудий Жиззах вилоят филиалида 422 та (6,96%), ҳокимликларда 201 та (3,31%), Қурилиш ва архитектура идораларида 181 та (2,98%), ДСНЭМда 50 та (0,8%), Таълим муассасаларида 42 та (0,6%), Ички ишлар органларида 13 та (0,2%), Солиқ органларида 10 та (0,001%), бошқа коммунал хизмат кўрсатувчи идораларда 144 та (2,37%) дан тўғри келмоқда.
Аниқланган қонун бузилишлар юзасидан 47 та тақдимномалар,
12 огоҳнома, 120 та маъмурий жавобгарлик қўлланилди. Таъсир чоралари натижасида 14 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.
Таъсир чораларининг қонунбузилишларга нисбатан кам бўлишига сабаб, бир неча турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар айнан бир ходим томонидан содир этилганлиги боис МЖтКнинг 34-моддаси талабига кўра оғирроқ жазо назарда тутилган санкция доирасида битта жавобгарлик қўлланилган.
2019 йилнинг 9 ойида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жами 120 та мансабдор шахслар ва хизматчиларга маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Ушбу қарорларга кўра 37 та ҳуқуқбузарлар ўз ихтиёри билан жарималарни тўлаган (30,8%). Қолган 83 таси МЖтКнинг 332-моддасида белгиланган муддатда мажбурий тартибда ижро этиш учун туман (шаҳар) мажбурий ижро бюроси бўлимларига юборилган.
АКЦИЯЛАР ФУҚАРОЛАР УЧУН ИМКОНИЯТ
Жорий йил тизимда иккита йирик акция якунланди. Улардан биринчиси ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш лойиҳаси доирасида 17.855 та фуқароларнинг мулк ҳуқуқи таъминланган бўлса, ўз вақтида рўйхатдан ўтказилмаган ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаган болаларни аниқлаш ва ушбу ҳужжатни топшириш акцияси доирасида ФҲДЁ ходимлари томонидан Жиззах вилояти бўйича жами 1206 та ҳолат аниқланиб, шунинг, 836 таси ижобий ҳал этилди. Улардан 514 таси туғилиш бўлса, 297 таси никоҳ, 25 таси ажрим билан боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июндаги ПҚ-3785-сонли “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими яратилган бўлиб, уни юритиш ва ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда ягона электрон ФҲДЁ архив фондини шакллантириш жараёни кетмоқда. Бу жараён 2022 йилнинг 1 январга қадар давом этади.
Ҳозирда ФҲДЁ органлари архивида жами 1 млн. 910 минг дона далолатнома ёзувлари мавжуд. 2019 йил 25 октябрга қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” базасига жами 1.063.048 дона (55,6 %) далолатнома ёзувлари киритилиб, ҳужжатларнинг электрон кўринишга ўтиши таъминланди.
Шунингдек, мазкур қарорга кўра “Фуқароларга нисбатан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этилмаганлик ҳамда уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатининг мавжуд ёки мавжуд эмаслик ҳолатини уйма-уй юрган ҳолда хатловдан ўтказиш бўйича туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари, адлия бўлимлари ва ФҲДЁ органлари ҳамда давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан маҳаллалар ҳудудига чиқиш” уч томонлама режа жадвали тасдиқланиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йилнинг май ойига қадар 61.400 та хонадон ўрганилиб 538 та туғилганлик, 574 та никоҳ, 39 та ажрим ва 55 та ўлим ҳолатлари қайд этилмагани аниқланди.
Шундан, жами 836 та туғилганлик, никоҳ, ажрим ва ўлим гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилди, 25 та фуқарога тегишли бўлган ҳужжатларни бошқа вилоят ФҲДЁ бўлимларидан олиб бериш учун сўровнома хатлари юборилди.
Маълумот учун: Вилоятда жами 197 388 та хонадон мавжуд бўлиб шундан 2018 йилда 28 250 та хонадон ҳамда 2019 йилда 61400 та жами 89650 та хонадонлар ўрганилиб,2018—2019 йиллар давомида 1000 та туғилганлик, никоҳ, ажрим ва ўлим гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилган.
Шунингдек, Гербли гувоҳномалар шаклларини такомиллаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар бланкаларини қўлда тўлдириш бўйича талаблар бекор қилинди. Улар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат босма ҳарфлар билан тўлдириш тартиби жорий этилди.
МУҲИМ ЯНГИЛИК
Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон тарихда биринчи бор Топ-10таликка кирди.
Мазкур рейтингда сўнгги 16 йилдан буён дунёда энг қулай бизнес-муҳити яратилган мамлакатлар рўйхати эълон қилиб борилмоқда.
“Бизнесни юритиш” рейтинги жами 10 та индикатор бўйича баҳоланади. Шулардан энг биринчиси бу – бизнесни рўйхатдан ўтказиш индикаторидир. Биламизки, ҳар бир тадбиркорнинг ўз фаолиятини бошлаши учун қўядиган илк қадами тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишдир.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш 10 кунгача муддатда амалга оширилиб, 7 турдаги ҳужжатлар талаб қилинган.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, лекин 30 минутдан ошмаган вақтда амалга оширилиши белгиланди.
Натижада, 2018 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг эълон қилинган рейтинги бўйича мамлакатимиз бизнесни рўйхатдан ўтказиш индикатори бўйича 190 та мамлакатдан 12-ўринга муносиб деб топилди.
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар билан мамлакатимиз рейтингини яхшилаш бўйича “Йўл хариталар” тасдиқланиб, чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан:
- тадбиркорлик субъектларининг ягона реестридаги барча маълумотлари билан Интернет тармоғи орқали танишиб чиқиш имконияти таъминланди;
- тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилди;
- муҳр ва штамплардан фойдаланиш талаби ҳамда тадбиркорлик субъектларининг устав фондига қўйилган минимал талаблар бекор қилинди;
- давлат рўйхатидан ўтказиш экстерриториал тамойил асосида йўлга қўйилди;
- хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига бўлган минимал талаблар камайтирилиб, 400 млн. сўм этиб белгиланди;
- хорижий иштирокчининг фақат юридик шахс бўлишига доир талаб бекор қилиниб, уларнинг улуши 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилди.
Амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш” рейтингининг “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 4 поғонага кўтарилиб, 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади.
Бироқ, Агентлик ушбу кўрсаткичлар билан чекланиб қолмайди. Биз бу борада олиб бораётган ишларимизни давом эттириб, мазкур индикатор бўйича кучли “бешталик” мамлакатлар қаторига киришни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ
Адлия вазирлиги томонидан фаолият ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури асосида ДХА Жиззах вилояти бошқармасида ҳам ташкилотнинг очиқлигини намоён этиш мақсадида фуқаролар билан интерактив мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, аҳоли ўртасида интернетдан фойдаланувчилар сони кўплиги ва замонавий технологияларнинг оммалашаётгани инобатга олинса, бу яна ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Айни пайтда “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси” номли расмий гуруҳимизда кўрсатилаётган хизматлар сифатини аниқлаш, ходимларнинг муомала маданияти ҳақида фуқароларнинг фикрларини ўрганиш мақсадида турли сўровномалар ўтказилди. Натижада сўровда иштирок этганлар марказлар фаолияти ва ходимлар муомаласи юзасидан муаммоларга дуч келмаганликларини билдирган бўлсалар, айрим давлат хизматлари кўрсатишда муддат бузилиши ҳоллари кузатилган давлат идоралари борлигини билдириб ўтганлар.
2019 йилнинг 9 ойи давомида жами 1.889 та тарғибот тадбирлари ташкил этилган бўлиб, шундан ОАВлари орқали 511 маротаба, оғзаки ҳуқуқий тарғибот шаклида 977 маротаба, шундан уйма-уй юрган ҳолда 556 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, тадбирлар давомида жами 85.244 нафар фуқаролар жалб этилди. Шунингдек, ҳуқуқий тарғибот тадбирлар давомида кенг аҳоли қатламига янада тушунарли бўлиш учун марказ ходимлари томонидан соҳага оид 401 турдаги 98 минг 453 дан ортиқ тарқатма материаллар яъни буклет, флайерлар ва плакатлар тарқатилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларини бартараф этиб боришдан иборат. Ушбу жараён ташриф буюрувчиларнинг тасаввуридаги вақт ва асабни кеткизиш билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳар бир фуқаро, ушбу масканни мамнунлик ҳисси билан тарк этиши лозим.
Соҳада сифатли хизмат кўрсатилиши ва қонунийликни таъминлаш учун «Сирли мижоз» тадбирлари ўтказиб келинмоқда. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 213 та профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 39 та “Сирли мижоз” тадбирлари ташкил этилди.
Маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш керакки, коррупцияни олдини олиш борасида “Сирли мижоз” тадбирларининг олиб борилиши соҳада ушбу иллатнинг йўқолишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Шу кунга қадар “Сирли мижоз” тадбири доирасида 4 нафар ходимга огоҳлантириш берилди, 2 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 5 та ҳайфсан ва 6 та жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Яна бир жиҳатни алоҳида эътироф этиб ўтиш керак. Марказларга ташриф буюрувчиларнинг аксарияти хизматдан биринчи маротаба фойдаланувчилар бўлса, қарийб 35 фоизи аввал ДХМга мурожаат этган ва хизмат натижасини билиш учун ташриф буюрганлар, 20 фоиздан кўпроғи эса консультация олиш мақсадида келган фуқаролардан иборат бўлди. Бу ўз-ўзидан кўринадики марказларнинг сунъий гавжумлашишига ва навбат, тирбандликларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Айнан шу ҳолатларни олдини олиш учун ДХАда яна бир муҳим янгилик амалга оширилди. Адлия вазири томонидан 2019 йилнинг 11 июнида “Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда давлат хизматини кўрсатиш (етказиб бериш) бўйича пулли экспресс-хизматлар тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу энди давлат хизматлари кўрсатишда қулайликларни яратиш билан бирга фуқароларнинг вақтини тежаш, тирбандлик, асаббузарлик ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари фуқароларга янада енгиллик яратиш, коррупция, бюрократияни олдини олиш борасида янгиликларни тадбиқ этишга ҳаракат қилинмоқда. Жойларда фойдаланишга топширилаётган янги марказ бинолари эса уларга маданий, маънавий хордиқ олишларига, бир жойда ишини битириб, хотиржам кетишларига асос бўлса, иккинчи тарафдан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифати янада кўтарилишига сабаб бўлади.
Бобур УМУРЗАКОВ –
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи