Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ярмидан кўпи Тошкент шаҳрига тўғри келaётгани мамлакат иқтисодий марказлашувининг яна бир яққол кўрсаткичи сифатида намоён бўлди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига мамлакатда фаолият юритаётган 17 595 та хорижий корхонанинг 11 201 таси пойтахтда жойлашган. Бу умумий рақамнинг қарийб 64 фоизини ташкил қилади.
Бу кўрсаткич нафақат Тошкентнинг инвестициялар магнит маркази эканини, балки ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий номутаносиблик ҳали ҳам жиддий муаммо сифатида сақланаётганини ҳам англатади. Чунки хорижий сармоялар манзил танлаётганда инфраструктура, логистика, малакали кадрлар ва бозор яқинлиги каби омилларга таянади — бу омилларнинг асосий қисми ҳали ҳам пойтахтда жамланган.
Тошкент вилояти 2 253 та корхона билан иккинчи ўринни эгаллаган. Яъни пойтахт атрофида ҳам инвестиция оқими юқори бўлиб, бу ҳудуднинг логистик имкониятлари ва саноат зоналарининг кенгайиб бораётгани билан изоҳланади. Лекин бу кўрсаткич ҳам Тошкентнинг улкан устунлигини камайтирмайди — фарқ қарийб бундан беш баробар.
Юртимиздаги йирик саноат марказларидан бири бўлган Самарқанд вилоятида ҳам хорижий корхоналар сони 658 тани ташкил этмоқда. Бу рақам, айниқса, охирги йилларда туризм, хизматлар соҳаси ва озиқ-овқат саноатида нечоғлик фаол ривожланиш кетганини кўрсатади. Фарғона вилоятида 607 та, Андижонда 395 та, Наманганда 256 та корхона фаолият юритмоқда — бу Фарғона минтақасида инвестициялар тақсимоти бир хил эмаслигини, лекин умуман олганда, таркибий ўсиш борлигини билдириб турибди.
Сурхондарё (486 та), Бухоро (364 та) ва Навоий (300 та) вилоятлари ҳам саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича хорижий сармоялар жалб этишда муайян суръатга эга. Аммо кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, уларнинг имкониятлари ҳали етарлича ишга солинмаган. Навоийнинг эркин иқтисодий зонасидаги лойиҳалар ҳажмига қараганда, хорижий корхоналар сони нисбатан кам — бу эса сармоядорлар асосан йирик индустриал лойиҳаларга қарз ёки инвестиция киритаётганини, лекин кичик ва ўрта корхоналар фаолияти ҳали кучаймаганини англатади.
Қорақалпоғистон (210 та), Сирдарё (266 та), Жиззах (243 та) ва Қашқадарё (161 та) вилоятларида рақамлар нисбатан паст. Бу эса инфратузилма, ишлаб чиқариш қувватлари, транспорт имкониятлари ва бозор ҳажми каби омиллар ҳали ҳам катта сармояларни жалб этишда тўсиқ бўлаётганини билдириш мумкин. Хоразм вилоятида ҳам хорижий корхоналар сони 195 тани ташкил қилади — бу ҳудуднинг агросаноат салоҳияти юқори бўлишига қарамай, тўғридан-тўғри сармоя киритилишининг ҳали етарли эмаслигини кўрсатади.
Хулоса қилиш мумкинки, мамлакатда хорижий сармоялар динамикаси ижобий бўлса-да, уларнинг ҳудудлар бўйича жуда номутаносиб тақсимланаётгани тузилмавий муаммоларни яққол очиб бермоқда. Тошкентнинг мутлақ устунлиги инвесторлар учун қулай муҳит ва инфратузилманинг қай даражада катта аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди. Бироқ келажакда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун сармояларни ҳудудларга чуқурроқ йўналтириш, регионал имтиёзлар ва реал инфратузилмавий ислоҳотларни кучайтириш зарур.
Aкс ҳолда, мамлакат иқтисодиётидаги марказлашув янада чуқурлашиб, ҳудудий ривожланиш ўртасидаги тафовут янада кенгайиши мумкин.