Лондон полициясининг ўз лавозимини суиистеъмол қилиб, ўз қурбонларини таҳқирлаб келган офицери ўнлаб аёлларни зўрлагани, 12 нафар аёлга жинсий тажовуз қилганини тан олди.
48 ёшли Дэвид Кэррик асосан ўз қурбонларини танишув сайтлари орқали қидирган, у 20 йил давомида 49 та қонунбузарлик содир этгани бўйича айбини тан олди.
Кэррикка қарши 2000 йилдан 2021 йилгача тўққизта жиноят содир этгани, шу жумладан, зўрлаш билан боғлиқ даъволар ўртага чиққач, Лондон полицияси узр сўради.
Бош офицернинг айтишича, бу полиция тарихида "мисли кўрилмаган" ишдир.
Комиссар ёрдамчиси Барбара Грей шундай дейди: "Биз унинг бу таҳқирловчи хулқини аввалроқ пайқамаганимиз учун уни ташкилотдан ҳайдамаганмиз. Унинг офицер сифатида ишини давом эттиргани жабрланганлар сони ортишига сабаб бўлганидан жуда афсусдамиз. Жабрланганлар бизга шикоят қилишолмаган, чунки у уларга сизга барибир ишонишмайди деган".
24 та зўрлаш ҳолатини тан олган Кэррик 2021 йил октябрида қамоққа олингандаёқ полиция сафидан чиқарилган.
Унинг жиноятлари 2003 йилдан 2020 йилгача давом этган ва асосан у яшайдиган Ҳертфордширда бўлган.
Кэррик аёлларга таъсир ўтказа олар, уларнинг нима кийиши, нима ейиши, қаерда ухлашини назорат қилиши, ҳатто айрим аёлларни ўз болалари билан гаплашишини тақиқлаб қўйиши мумкин бўлган.
Қироллик прокуратура хизмати бош прокурори Жасвант Нарвал шундай дейди: "Кэррикка одамларни ҳимоя қилиш вазифаси ишониб топширилган эди, аммо 17 йил давомида у бунинг тамоман тескарисини қилиб келган.
Бу одам аёлларга тажовуз қилган, мунтазам хўрлаган, камситган ва зўрлаган.
Ўзининг жазоланмаслигига ишончи ортиб боргани сари унинг жиноятлари ҳам кўпайиб, зўрайиб борган.
Унинг ўз қурбонларини хўрлаш даражаси менинг 34 йиллик прокуратура хизматидаги фаолиятимда мисли кўрилмаган бўлди."
Ҳукумат ва дипломатик корпус вакилларини қўриқлаш хизматига алоқаси бўлган Кэррик ўзининг полиция офицери сифатидаги ролидан фойдаланиб, қурбонлари ишончига кирган ва "Tinder", "Badoo" каби танишув сайтлари орқали уларни овлаган.
У душанба куни 2003 йили 40 ёшли аёлни тўрт марта зўрлагани, ёлғон асосда қамоққа олгани ва асоссиз куч ишлатганини тан олди.
Кэррик декабрь ойидаёқ 43 айблов, шу жумладан, 20 та зўрлашда айбдорлигини тан олганди.
Кэррик тўққиз нафар аёлни, уларнинг айримларини ойлар ёки йиллар давомида зўрлаганини тан олди. У баъзи ҳолларда жисмоний тажовуз қилган ва уларга жароҳат етказган.
Суд олдида сўзлаган Бедфордшире, Кембрижшир ва Хертфордширдаги жиноятлар бўйича бош инспектор Иан Мур шундай деди: "Дэвид Кэррикнинг жиноятлари тафсилотлари ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли.
Унинг қилмишларидан кўпчилик ҳайратда ва ғазабда деб ўйлайман, аммо умид қиламанки, жабрланувчилар ва умуман жамоатчилик ҳеч ким қонундан устун туролмаслигига ва полиция аёлларни шу тарзда таҳқирлаётган жиноятчиларни тинимсиз таъқиб қилишига ишонади".
У янада кўпроқ жабрланганлар бўлиши мумкинлигини айтди.
Кэррик бир неча марта ёлғон айбловлар билан қамоққа олганини тан олди.
Керрик биринчи марта айбига иқрор бўлганидан сўнг, Лондон полицияси унинг маошини тўлашни тўхтатди ва унинг қилмишларини тезликда ўргана бошлади, сешанба куни тезлаштирилган суд тинглови бўлиб ўтади.
Аёллар учун адолат маркази ташвиқот гуруҳи директори Харриет Вистрих шундай дейди: "Биз полициянинг бундай номақбул қилмишлар билан ҳам жазосиз қолиш анъанаси мавжудлигини биламиз.
Сўнгги ҳисоботларда ноқонуний қилмишларни назорат қилиш тизими аянчли даражада эканлиги, шунингдек, полициянинг баъзи бўлимларида инкор этиб бўлмас мизогиния мавжудлиги аён бўлди.
Кэррик нафақат полициячи бўлиши, балки хизматда узоқ вақт қолиб, аёлларга қарши даҳшатли жиноятларни содир этишда давом этиши мумкин эди".
Лондон мэри Содиқ Хон Кэррикнинг жиноятларидан "ларзага келганини" айтди.
Унинг сўзларига кўра, "у офицер сифатида ўз мансабини қандай қилиб даҳшатли тарзда суиистеъмол қилгани ҳақидаги жиддий саволларга жавоб бериш керак".
Бош вазир матбуот котиби бу "даҳшатли иш" эканлиги ва Риши Сунак "[Кэррикнинг] барча қурбонлари ҳақида ўйлаётганини" айтди.
"Полициямизда хулқ-атвори номақбул ва форма кийишга ярамайдиган ходимларга жой йўқ."
Дэвид Кэррикка февраль ойида ҳукм ўқилади
Полиция хулқ-атвори бўйича мустақил идора ходими Сэл Насимнинг айтишича, полиция Кэррикни аввалроқ тўхтатиб қолиши мумкин бўлганига далил йўқ.
2002 йилда тажовуз ва таъқиб қилиш бўйича Кэррикка қарши айблов даъволарини кўриб чиққан икки истеъфодаги полиция офицери нотўғри ҳаракатлар қилган бўлиши мумкин, аммо улар бунинг учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги сабабли, буни яна текшириш барибир жамоат манфаатларига хизмат қилмайди деб қарор қилинди.
Кэррик жиноятларининг тўлиқ рўйхати:
- 24 та зўрлаш ҳолати
- тўққизта жинсий тажовуз
- бешта тажовуз билан қилинган зўрлаш
- мажбурлаш ва назорат қилиш бўйича учта айблов
- учта сохта қамоққа олиш икки марта зўрлашга уриниш
- пенетрация орқали жинсий тажовуз қилишга уриниш
- бир марта шахсни ўз розилигисиз жинсий алоқа қилишга мажбурлаш
- битта номақбул тажовуз