Садир Жапаров: «Кампиробод сув омборини биз топширмадик. Аксинча, биз қайтариб олдик»

Улашиш:

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистон томонига бермаяпти, аксинча, қайтариб оляпти. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Садир Жапаров 60 йиллардан бери сув омборини Ўзбекистон томони бошқарганини эслатиб, энди тўғонни ҳар икки томон 50/50 бошқаришини таъкидлаган.

«Биринчидан, Кампиробод сув омборини биз топширмадик. Аксинча, биз қайтариб олдик. Ўзбекистон тўғонни 60 йиллардан бери бошқариб келади. Эндиликда биз келишув асосида тўғонни 50/50 асосида бошқарамиз. Шундай қилиб, биз сув горизонти 900 дан ошмаслигини назорат қиламиз. Эндиликда сув омборига энг яқин қишлоқларга сув чиқариш имконияти яратилди. Бунгача бундай имкониятлар йўқ эди», дейди Садир Жапаров.

Шунингдек, Қирғизистон президенти архив ҳужжатларга кўра, тўғон 1965 йилда Ўзбекистон томони томонидан қурилганини айтиб ўтган.

«Тарихий архив ҳужжатларга кўра, тўғон 1965 йилда Ўзбекистон томони томонидан қурилган. Биз бу ерга сармоя киритмаганмиз. Сув остида қолган участка эвазига Ўзбекистон томони 1965-йилда бизга Боткен, Ўш ва Жалолободнинг чегарадош ҳудудларида 4127 гектар ер берган эди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сув омбори остида жойлашган 4127 гектар ер ўшанда Ўзбекистон томонига ўтган. Ҳозир эса провокаторлар бу ерни бердик дейишяпти. Ўз навбатида биз ҳам эвазига олган ерларга уй-жойлар қуриб, деҳқончилик сифатида фойдаланиб, ҳозир ҳам шу ерлардан фойдаланмоқдамиз. Буни архив ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди», дея таъкидлаган Жапаров.

Маълумот учун, Жорий йилнинг 10 август куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонга жами 19 минг гектардан ортиқ ер олиб, Ўзбекистонга эса Кампиробод сув омбори акваториясидаги 4485 гектар ер берилишини маълум қилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.