Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга боради

Улашиш:

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилган.

Мулоқотда Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг кенг кўламли кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама учрашувлар режасини, шу жумладан, Чўлпонота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари саммитига тайёргарлик масалаларини кўриб чиққанлар.

Томонлар минтақавий транспорт йўлаклари ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги йирик инфратузилмавий лойиҳаларни ишлаб чиқишни жадаллаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлаганлар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев Қозоғистон президенти Тўқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.