Чек – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолати ва сотувчининг ишончлилик кўрсаткичи

Улашиш:

Ҳар биримиз савдо дўконларидан кунда ёхуд кунора эҳтиёжимиз учун нимадир харид қиламиз. Кўп ҳолларда харидимиз учун бериладиган чекни сотувчилар тақдим этмайди ёки ўзимиз талаб қилмаймиз. Ҳолбуки, чекни талаб қилиш – давлат бюджетига солиқлар тушуми ортишига, яширин иқтисодиёт улушининг қисқаришига хизмат қилади.

Харид чекларини берилмаслиги ортидан бир неча маротаба солиқ текширувлари ўтказилган тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида, вилоят солиқ бошқармаси томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.

Харид чекларини талаб қилиб олиш нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олдини олади. Давлат бюджетига солиқ тушуми ошишини таъминлайди.

Истеъмолчига берилмаган чек эса баъзида тадбиркор учун “қимматга тушади”.  

Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Жиззах вилояти солиқ органларига 434 нафар фуқаро томонидан “Солиқ ҳамкор” орқали 1936 та мурожаат йўлланган. 

Мурожаатларнинг барчаси чек бермаслик ва бошқа солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича келиб тушган. Бугунги кунда мурожаатларнинг 1697 таси ўрганилган.

Айни кунда мунтазам равишда чек бермай такрор ва такрор текширувлар ўтказилаётган тадбиркорлик субъектларида вилоят солиқ бошқармаси масъуллари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. 

“Исломжон файз” МЧЖ Жиззах шаҳридаги Ўратепалик маҳалласида аҳолига умумий овқатланиш хизматларини кўрсатади. Айни кунда 70 дан ходимларга эга мазкур субъектда 2022 йилдан шу кунга қадар 10 марта чек берилмаслиги юзасидан текширув ўтказилган. 

Оққўрғонлик маҳалласи ҳудудида жойлашган “Келажак супер фарм” МЧЖга қарашли дорихоналар тармоғида ҳам шу кунгача 8 марта чек берилмаслиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди.

Ғаллаорол туманидаги “Элдорадо-класс” МЧЖга қарашли “Файз” супермаркети ходимлари ҳам 8 маротаба жарима тўлашларига тўғри келган. Улар харид чекларини асосан кечки тиғиз вақтларда кирим қилишга улгурмаслик билан изоҳлашмоқда. 

Чек бермаслик ҳолатлари 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Президенти Фармонига мувофиқ онлайн тартибда назорат қилиб борилади.  Мазкур фармонда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид чеки бермаслик ҳолатларини олдини олиш ҳамда уларни онлайн кузатиш назарда тутилган.

Онлайн-НКМнинг жорий этилиши харидорга ҳам, сотувчига ҳам бирдай қулайлик яратади. Унинг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами акс эттирилади. Бундан ташқари, ҚР-код ёрдамида чекдаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти ҳам бўлади. Шунингдек, тадбиркорлик субъекти учун товар айланмаси ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолади. Бир сўз билан айтганда, ортиқча қоғозбозлик ва вақт сафрланишига барҳам беради. Қолаверса ҳар битта хариддан сўнг истеъмолчи сарфлаган маблағининг 1 фоизи миқдорида кешбекка эга бўлади. Профилактик суҳбатларда савдо пулларини кирим қилишнинг ижобий томонлари тўғрисида атрофлича тушунчалар бериш билан бирга,  тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан таклифлари ўрганилмоқда.

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.