“Soliq-hamkor” яширин иқтисодиётга қарши курашмоқда

Улашиш:

Давлат солиқ қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яширин иқтисодиётга қарши кураш мақсадида “Soliq”  мобил иловасига “Soliq hamkor” тизими қўшилди.  Ишга тушганига кўп бўлмаса-да, мазкур тизим орқали  мурожаатлар келиб тушишни бошлади. Шу пайтга қадар мазкур тизим орқали 14 та мурожаат вилоятимиз солиқ идораларига келиб тушди. Айтиш мумкинки, юртдошларимизда фаол фуқаролик позицияси ошиб бормоқда. Биргина 14 сентябрь санасида мазкур солиқ иловаси орқали 9 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг аксари туманларда эканлиги юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Жумладан, дорихонада чек берилмагани бўйича 4 сентябрь куни йўлланган мурожаат Жиззах шаҳар ДСИ сайёр солиқ текшируви бўлими ходимлари томонидан ўрганилди. Мурожаатга кўра, “Жиззах-Мед-Сервис” МЧЖнинг Тошлоқ маҳалласи, Шифокорлар кўчасидаги рақамсиз бинода, яъни дорихонада харидорга 110 000 сўмлик хариди учун чек берилмаган. Бундан ташқари, ғазнадаги 621 250 сўм нақд пул назорат касса машинаси хотирасига киритилмагани аниқланди. Барча ҳолатлар тегишлича расмийлаштирилди.  

Эслатиб ўтамиз, харид чеки бермасдан товарларни реализация қилиш, хизмат кўрсатиш, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этиш Солиқ кодексининг 221-моддасига асосан - беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Кимдир давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, айримлар товарларни яширин ишлаб чиқариш, контрабанда ва контрафакт товарларни ташиш, сотишни «касб» қилган. Кўпинча чекларни тақдим этмаслик ёки тўлов терминаллари орқали савдо қилишни рад этиш билан боғлиқ савдо қоидаларига риоя этмаслик ҳоллари рўй беради. “Soliq hamkor” шу каби солиқ ҳуқуқбузарларига барҳам бериш мақсадида амалиётга жорий этилди. Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун “Soliq hamkor” тизими орқали келиб тушган аризалар асос бўлади.

 

Шерали СУЛАЙМОНОВ,

Жиззах вилоят ДСБ сайёр солиқ текшируви бўлими бошлиғи.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.