Солиқ ҳамкорлари яширин иқтисодиётга қарши курашда фаоллашмоқда

Улашиш:

Маълумки, солиқ идораларидан яширилган ҳар қандай тушум, у қандай миқдорда бўлишидан қатъи назар, яширин иқтисодиёт элементи ҳисобланади. Натижада давлат бюджетига зарар етади, ноқонуний фаолиятга йўл очилади. Тома-тома кўл бўлур деганларидек, ҳар бир савдо нуқталарида амалга ошган бундай хатти-ҳаракат охир-оқибат катта миқдордаги зарарга айланади.

Яширин иқтисодиётга қарши курашда жамоатчиликнинг ҳам солиқ идораларига елкадош бўлаётгани жуда ижобий ҳолдир. Жумладан, 17 декабрь ҳолатига давлат солиқ хизмати идораларига бу мавзуда 59 та мурожаат келиб тушди  ва уларнинг аксари тушумларни яширишга қарши самарали бўлди.

Жумладан, Ғаллаорол туманида савдо фаолиятини кўрсатувчи  "O.S.F."(корхона номи қисқартирилди) хусусий корхонасида харидорга харид учун чек берилмаган. Харидор ўз ҳуқуқлари кафолати учун чек талаб қилган. Аммо охир-оқибат “Солиқ-ҳамкор” тизими орқали солиқ идорасига мурожаат йўллашга мажбур бўлди. Мурожаат тегишли тартибда ўрганилгач, исботини топди. Натижада қонунбузар 2620 минг сўм тўлаб беришга мажбур бўлди. Шуни айтадилар-да, “ноқонуний иш – келтирар ташвиш” деб.

Навбатдаги сайёр солиқ текширувига ҳам фуқаронинг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали мурожаати сабаб бўлди. Дўстлик туманида фаолият кўрсатаётган “Э.Э” (корхона номи қисқартирилган) МЧЖнинг савдо фаолияти давомида онлайн назорат касса машинаси ишлатилмаган. Натижада фуқаронинг онлайн НКМ чекини талаб қилган мурожаати қондирилмаган. Солиқ идоралари томонидан ўтказилган текширув давомида ҳолатнинг ҳаққонийлиги аниқланиб, қонунбузарнинг 2660 минг сўм тўлашига сабаб бўлди.

Онлайн назорат касса машинасининг асосий афзаллиги, товарлар, ишлар ва хизматларни реал сотиш ҳажмини аниқлаш орқали солиқ солинадиган база кўпайиши, реал вақт режимида соҳадаги тушумларни назорат қилиш имконининг пайдо бўлишидир. Шунингдек, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларидаги текширувлар камаяди. Афсуски, айрим тадбиркорлик субъектлари онлайн НКМни ишлатиб, солиқ текширувларини камайтириш, солиқ идоралари билан бевосита алоқаларни камайтириш ўрнига, уларни сунъий равишда пайдо қилишмоқда.

Жиззах вилояти ДСБ томонидан онлайн НКМ ва виртуал касса қўллашга ўтилган 2342 та тадбиркорлик субъектларида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ўтказилиб, профилактик тадбирлар ташкил қилинаяпти.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.