Харид чеки талаб қилишни оммалаштириш, савдо маданиятига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ютуқли чек ўйинлари ўтказиб келинмоқда. Хўш, юртдошларимиз ушбу ижтимоий лойиҳада қандай иштирок этмоқдалар?
Жиззах вилоятидаги барча дорихоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, тамаки ва алкаголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи савдо нуқталарида ҳамда йирик савдо тармоқларида онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал касса ўрнатилган бўлиб, уларнинг сони айни вақтда 3200 дан ортиқ. Бироқ аҳоли томонидан бу турдаги касса машинасининг чекини рўйхатдан ўтказиш ҳали талаб даражасида эмас. Шу сабабли харид чеки олишни оммалаштириш, унинг аҳамиятини батафсил тушунтириш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Жиззах политехника институти ҳамкорлигида “Ютуқли чек ўйинлари: харид қилиб, ютуқ соҳиби бўлинг” шиори остида тадбир ўтказилди.
Харид чекини талаб қилиш солиқ тушумлари, бинобарин, иқтисодиётни мустаҳкамлашга, яширин иқтисодиётга қарши курашга йўл очади. Ютуқли чек ўйинларидан кўзланган эзгу мақсад ҳам шу. Талабаларга ўйинда иштирок этиш талаблари, рўйхатдан ўтказилган харид чекини бутун ҳолда сақлаш лозимлиги тушунтирилди. Кўргазмали воситалар ҳамда тарқатма материаллар ёрдамида мавзунинг аҳамияти ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил бўлди.
Албатта, ёшлар орасида ўқиш билан бирга тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёш ишбилармонлар ҳам бор. Улар солиқ хизмати ходимлари олий таълим даргоҳига ташриф буюрганидан унумли фойдаланиб, солиқ қонунчилиги, жорий йилдаги ўзгаришлар хусусида саволларини йўлладилар. Қизиқарли ва фойдали ўтган тадбирда талабаларнинг барча саволларига жавоб қайтарилди.
Бундай тарғибот тадбирлари барча ташкилотлар, маҳалла ва таълим муассасаларида давом этади.
Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати