Чустда болаларга нима бўлди?

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда Чуст туманидаги боғчалар болалари оммавий заҳарлангани ва туман тиббиёт бирлашмасига юзга яқин бола олиб келингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Қайд этилишича, ҳақиқатдан ҳам ўтган куннинг иккинчи ярмида Чуст тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 23-сонли ДМТТнинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган.

Бўлим мутасаддилари воқеа жойига етиб боришган ва дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик шикоят қилувчилар сони ортиб борган.

Шунга кўра, 23-МТТ дан 35 нафар, 51-МТТ дан 20 нафар, 18-МТТ дан 5 нафар, 36-МТТ дан 3 нафар, 7- ўрта таьлим мактабидан 1 нафар, 43-МТТ дан 1 нафар, 21-ўрта таьлим мактабидан 1 нафар, 30-МТТ 2 нафар 35-МТТ дан 1 нафар 34-МТТ дан 1 нафар, оилавий МТТ дан 1 нафар жами, 71 нафар боланинг  соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар, хусусан, тез тиббий ёрдам туфайли болаларнинг 9 нафари соғломлаштирилиб, яшаш уйига қайтарилган.

«Қолган болаларнинг ҳам аҳволи мўътадил, улар шифокорлар назоратига олинган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шифохонага ётқизилган боларнинг ҳеч бирида ранимацион, яъни оғир ҳолат йўқ. Воқеанинг келиб чиқиш тафсилотлари тегишли мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда қўшимча ахборот берилади», дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан ҳали расмий маълумот бергани йўқ. Болаларнинг нимадан заҳарлангани бўйича ҳам тасдиқланган маълумот мавжуд эмас.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.