Ўзбекистонликлар харид чекини рўйхатдан ўтказиш орқали қанча кэшбэк йиғди?

Улашиш:

Ўзбекистон бўйлаб 2022 йил 14 январь ҳолатига кўра, 401 минг 604 та харид чеклари кэшбэк учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, жами кэшбэк суммаси 5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган. Мобил иловада 25 мингдан ортиқ янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтган.

Шу билан бирга, чеклардаги маълумотларни нотўғри кўрсатиш, QR-кодли чекларни бермаслик, бошқа шахсларнинг чеклари ҳисобига кэшбэкка эга бўлиш каби истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилувчи, кэшбэк амалиётига салбий таъсир этувчи ҳолатлар кузатилган. Жумладан, савдо ходимлари томонидан онлайн-НКМ чекларининг нусхасини чоп этган ҳолда харидордан аввалроқ рўйхатдан ўтказиш ҳолати кўп учраган.

Шу боис истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида бир қатор талаблар ўрнатилмоқда. Хусусан, QR-кодли чек биринчи марта «Солиқ» мобил иловасида сканерланганда истеъмолчи томонидан киритилган телефон рақами билан маълумотлар базасида автоматик рўйхатга олинади. Қайта сканерланганда қурилма экранида чек қайси рақам орқали рўйхатга олинганини кўрсатувчи эслатма пайдо бўлади. Шунингдек, ҳар бир фуқаро бир кунда битта савдо нуқтасидан 5 тагача чекни рўйхатга олиш тартиби жорий этилади. 6-чек рўйхатдан ўтказилганда қурилма экранида кунлик лимит тугагани тўғрисида эслатма пайдо бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.