Ўзбекистонда солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга 2 млрд сўмдан ортиқ мукофот пуллари тўлаб берилди

Улашиш:

2022 йилнинг 1 январдан 19 мартга қадар 6 мингдан ортиқ фуқаро томонидан савдо қоидаларининг бузилиши ва дўконлар томонидан чек бериламаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Мурожаатлар «Солиқ ҳамкор» мобил дастури орқали қабул қилинмоқда. 19 мартга қадар 6017 нафар фуқаро томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши юзасидан 22 111 та мурожаат келиб тушган.

Қўмита мурожаатларнинг 13 670 тасида текширувлар якунланган, 13 411 тасида ҳуқуқбузарликлар тўлиқ тасдиқланган ҳамда 3455 нафар фуқарога 2 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пуллари тўлаб берилган. Мурожаатларнинг 6773 таси такрорий келиб тушгани сабабли рад этилган. Ҳозирда 645 та мурожаат бўйича солиқ текширувлари, 1023 тасида ўрганишлар ўтказилмоқда.

2022 йил 1 январдан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида «Солиқ» мобил иловасининг "Солиқ ҳамкор" бўлими орқали хабар берган фуқароларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ҳамда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг ҚР код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.