ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: МУКОФОТ ВА ЖАРИМАЛАР

Улашиш:

Жамоатчилик назоратининг самарали йўналишларини яратиш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан бир қанча лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси томонидан яратилган “Soliq uz” мобил иловаси ҳам шулар жумласидан. Иловада “Soliq hamkor” бўлими ҳам ўрин олган бўлиб, мазкур бўлимда тўловларни банк пластик картаси орқали амалга оширишни рад этилиши, маҳсулот ва хизмат нархларининг сунъий равишда оширилиши, касса чекининг берилмаслиги ва бир қанча шу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар бериш, маълумотларни фото ва видео, аудио шаклда илова қилиш каби имкониятлари мавжуд.
Бу имкониятлар мурожаатчиларга қулайлик яратиш билан бирга бизнес вакилларини ҳушёрликка чақириб, ноқонуний ҳаракатлар олди олинишида хизмат қилмоқда. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳалол ва инсофли солиқ тўловчиларнинг фаолиятларига салбий таъсир кўрсатаётган ноқонуний фаолият юритиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бундай ноқонуний ҳолат юзасидан “Солиқ ҳамкор” дастури орқали келган мурожаатлар солиқ хизмати ходимлари томонидан зудлик билан ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Сирдарё вилоятида 2022 йилнинг 1 февраль ҳолатига “Солиқ ҳамкор” дастури орқали жами 67 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 59 тасида онлайн НКМ чекини бермаслик, 3 тасида тўловларни пластик карталар орқали қабул қилишни рад этиш ҳолатлари баён этилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларга белгиланган тартибда жарималар қўлланилди.
Ҳолат ҳақида мурожаат қилган Ш.С. ва Д.Қ. шахси сир сақланган ҳолда тўланган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот сифатида тўлаб берилди. Шу кунгача жами учта фуқарога жарима суммалари ҳисобидан мукофот пуллари ўтказиб берилди.
Бу вазиятда фуқаронинг мурожаати бўлмаганида “уддабурон” тадбиркор солиқлардан қочиб, давлат ва халқ манфаатларига зарар келтириши, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг зарур кўмакдан мосуво бўлишига сабаб бўлади. Лекин шунда ҳам қонунларимиз адолатли ва энг муҳими инсонпарварликка асосланган. Боиси ҳуқуқбузарлик содир этган субъект қарор чиққанидан сўнг 10 кун муддатда тўлов қилса жарима миқдорининг 50 фоизи чегирилиши мумкин. Бу эса субъектнинг ноқонуний фаолиятни амалга оширганда тўғри хулоса чиқаришига ва келгусида салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун хизмат қилади.
Мамлакатимизда солиққа оид ҳуқуқбузарликни бартараф қилишда жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши нафақат қонун устуворлигини таъминлашга балки, жамиятимизда ҳалол бизнес вакилларининг сони ортишига, хуфиёна иқтисодиёт қисқаришига, соғлом рақобат муҳитининг кенгайишига, натижада эса бюджетга тушумлар ортишига хизмат қилади. Бу эса албатта иқтисодиётимизнинг ривожланишини ва кучли ижтимоий ҳимоянинг таъминланишини кафолатлайди.


Илғор Халилов,
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.