Солиқ қўмитаси ҚҚС тўлаш бўйича назорат тадбирлари ўтказади

Улашиш:

Солиқ қўмитаси 1 октябргача интизомсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашни олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказади. Бу фирибгарлик схемалардан фойдаланиб, асоссиз солиқ нафи олиш билан боғлиқ бўлмаган инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Солиқ қўмитаси 1 октябрга қадар тажриба тариқасида ҚҚС тўлаш бўйича солиқ узилиши аниқланганда солиқ назорати тадбирларини амалга ошириши мумкин, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

ҚҚС билвосита солиқ бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар учун унинг нейтраллиги ҳисоб-китоб механизми орқали таъминланиши сабабли, товар (хизмат)лар реализациясининг ҳар бир босқичида солиқ бюджетга тўланиши зарур. Шуни амалга ошириш мақсадида интизомсиз солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни ноқонуний қоплашни олдини олиш бўйича тажриба ўтказилади.

Қўмитанинг қайд этишича, бу Европа ва МДҲ давлатларида кенг қўлланиладиган бутунжахон амалиётидир. Ушбу мамлакатларнинг солиқ маъмурчилигида товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирида ҚҚС узилишлари аниқланганида солиқни асоссиз қоплашда нафга эга бўлаётган бенефициарларни аниқлаш учун бундай етказиб бериш жараёнларида иштирок этган барча шахсларга нисбатан қатъий солиқ назорати тадбирлари ўтказилади.

«Сохта тадбиркор солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСни бюджетга тўламаслик шарт-шароитларининг яратилиши товар (хизмат)ларни етказиб бериш занжирининг барча иштирокчиларини, ҳатто улар билан боғлиқ бўлмаган инсофли тадбиркорларни, солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этлиши мумкин бўлган хавф гуруҳига кириб қолишига олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

Шу боис, солиқ органларининг вазифаси ҳақиқий бенефициарлар ҳамда уларга алоқадор шахсларни ва ноқонуний қопланган солиқларни аниқлашдан иборат. Бугунги кунда қўмитанинг солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш тажрибаси қўшилган қийматни яратиш ва ўтказиш, шунингдек, ҚҚСни буджетга тўлаш занжирининг тўлиқ харитасини шакллантириш имконини беради.

Қўмита ушбу имкониятдан келиб чиқиб, солиқ узилиши кўрсаткичини қўллашни фақат солиқдан қочишнинг агрессив усулларига мурожаат қиладиган интизомсиз солиқ тўловчиларга нисбатан амалга оширади.

Таъкидланишича, манзилли ишлар фирибгарлик схемалардан фойдаланган ҳолда асоссиз солиқ нафи олиш билан боғлиқ бўлмаган инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради. Бундай аниқ ва манзилли ишларни амалга ошириш зарурлиги ишбилармон доиралар ва профессионал жамоатчилик вакиллари томонидан ҳам билдирилган.

Тажриба доирасида ўтказиладиган солиқ назорати чоралари оммавий характерга эга бўлмайди. Тажриба кенг жамоатчилик ва экспертлар ҳамжамиятини жалб қилган ҳолда ўтказилади ва унинг натижалари, жумладан, дастлабкилари ОАВда ёритилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.