Бирорта ҳам сайланган амалдор қолмаган, мамлакатнинг аксарият ҳудуди қуролли тўдалар назорати остида, миллионлаб аҳолига эса очлик хавф соляпти. Кариб ҳавзасида жойлашган Гаити давлат сифатида ўзининг мавжудлигини таҳдид остида қолдирган энг жиддий инқирозни бошдан кечирмоқда.
Жорий инқирознинг келиб чиқиши сабаблари ва Гаити нима учун ўзининг 200 йилдан ошган мустақил давлат сифатидаги тарихида ҳеч бир вақт сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка эриша олмагани тўғрисида Meduza ҳикоя қилди, «Газета.uz» уни ўзбек тилида тақдим этади.
Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, яқин келажакда Гаитининг 4,7 млн аҳолисига кучли очарчилик таҳдид солиши кутиляпти, 1,8 млн киши эса аллақачон тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. 2022 йил октябрь ойида гуманитар ташкилот Гаитидаги очарчилик даражаси бешинчи — аксарият ҳолларда уруш давридаги гуманитар фалокатларни тавсифлашда ишлатиладиган энг юқори даражага кўтарилганини қайд этди.
Мамлакатни қамраб олган тўдалараро урушлар натижасида одатий озиқ-овқат занжирлари узилган. Аксарият шифохоналар ўз фаолиятини тўхтатган, айрим ҳудудларда эса аҳоли ҳатто мунтазам ичимлик сувдан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум. Гаитининг АҚШдаги элчиси Боччит Эдмонднинг таъкидлашича, давлат қулаш арафасида, сиёсатчилар ва экспертлар эса ҳалигача инқироздан чиқиш стратегиясини шакллантиришнинг уддасидан чиқа олгани йўқ.
«Бу Гаити учун мисли кўрилмаган вазият, — дейди тарихчи ва Лондоннинг Британиядаги қулчилик даври меросини тадқиқ этиш маркази раҳбари Мэтью Смит. — Мамлакатнинг бутун бошли тарихини кам сонли тинчлик даврлари ва умид билан кечган кетма-кет инқирозлар сифатида талқин қилиш мумкин. Бироқ ҳозиргиси сингари ҳолат у ерда сира содир бўлмаган».
Гаити мустақиллигига 200 йилдан ошди. Намойишлар ва давлат тўнтаришлари мамлакат учун одатий ҳолга айланиб қолган
Мустақил Гаитининг тарихи 1804 йилда, маҳаллий қора танли аҳоли француз ҳукмронлигига қарши муваффақиятли қўзғолон кўтарган пайтдан бошланади. Гаити Янги Дунёда мустақилликка эришган АҚШдан кейинги иккинчи давлат бўлди (Франция ўз мустамлакасини йўқотганини 1825 йилга келибгина расман тан олган).
Орадан икки йил ўтар-ўтмас, ёш давлатда дастлабки давлат тўнтариши юз беради: давлат асосчиси, ўзини Гаити императори деб эълон қилган собиқ қул Жан-Жак Дессалин ҳарбий қўзғолон вақтида ўлдирилади. 1807 йилда фитначилардан бири Александр Петион янги давлат раҳбари — президентга айланади. Тўққиз йил ўтгач эса у умрбод ҳукмронлик ваколатларни ўзига ўзи тақдим этади.
Бутун XIX аср давомида Гаитидаги ҳокимият бир диктатор қўлидан бошқасига ўтди, шу билан бирга мамлакат расман гоҳ республика, гоҳ империя, гоҳ қироллик, гоҳ яна республика бўлди. Ёш давлат ўз мустақиллигининг тан олиниши эвазига Францияга катта миқдорда товон тўлагани сабабли ҳам узоқ вақт давомида мамлакатда иқтисодий барқарорликка эришиш имкони бўлмади. Расмийлар давлат даромадларининг 40 фоизгача бўлган қисмини ташқи қарзларни сўндириш учун сарфлашга мажбур эди.
1867 йили давлат конституцияси қабул қилингач, вазият бироз яхшиланди. Унда ҳокимиятнинг тинч йўл билан алмашиши тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган эди, бу эса ўз навбатида мамлакатнинг иқтисодий ўсишига замин яратди. Бироқ XX аср бошларида сиёсий беқарорлик қайтди: 1911 йилдан 1915 йилгача Гаитида еттита президент алмашди — уларнинг айримлари сиёсий рақиблари томонидан ўлдирилди, бошқалари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
1915 йилда узоқ вақтдан бери Кариб денгизи минтақасида ўз таъсирини кучайтиришга интилиб келаётган АҚШ Гаитини босиб олди. Давлат ўз мустақиллигини расман сақлаб қолганига қарамай, амалда 1934 йилгача Америка назорати остида бўлди. АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этганидан атиги уч йил ўтгач эса испан тилида сўзлашувчи қўшни Доминикан Республикаси диктатори Рафаэль Трухильо француззабон гаитиликларга қарши этник тозалов уюштирди. 20 мингга яқин тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган ушбу қирғин «петрушка» деб номланган (потенциал қурбоннинг этник келиб чиқишини аниқлаш мақсадида аскарлар одамларни «perejil» — испанча «петрушка» сўзини талаффуз қилишга мажбур қилган). Агар суҳбатдош сўздаги «р» товушини «л» деб талаффуз қилса, Доминикан ҳарбийлари уни франкофон деб билган ва отиб ўлдирган ёки мачете (Марказий Америка ва Кариб минтақасида фойдаланиладиган чопқига ўхшаш совуқ қурол — таҳр.) билан чопиб ташлаган.
1957 йилда давлат раҳбари лавозимини диктатор — ўзи томонидан ўйлаб топилган Папа Док тахаллуси остида шуҳрат қозонган — Франсуа Дювалье эгаллади (у ёшлигида тиббий амалиёт билан шуғулланган эди, тиббий маълумотга эга эди). Франсуа ва унинг ўғли Жан-Клод мамлакатни қарийб 30 йил бошқарди: бу вақт давомида улар ўз сиёсий рақибларига қарши бир қатор қатағонларни амалга оширди.
Дювалье томонидан режимнинг таянчи сифатида яратилган қуролли гуруҳлар — тонтон-макутлар — аҳолини қўрқувга солди, кўплаб гаитиликлар чет элга қочиб чиқишга мажбур бўлди. Дювалье ва унинг ўғли диктатураси давридаги қатағон қурбонларининг умумий сони, турли манбаларга кўра, 30 мингдан 60 минггачани ташкил этган.
1986 йилдаги қўзғолондан сўнг кичик Дювалье Францияга қочиб кетди, Гаити ҳукумати эса яна кетма-кет ўзгара бошлади. Аввалгидек, раҳбарларнинг деярли ҳеч бири аҳоли тўғрисида қайғурмади — улар ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб туриш ва рақобатчиларни йўқ қилиш ҳақида кўпроқ бош қотирди. Зўравонлик ва коррупциянинг маданият даражасида илдиз отиши таназзулни янада кучайтирди, амалда ишламаётган давлат институтлари эса ҳатто энг паст даражадаги тартибни сақлашга ҳам яроқсиз бўлиб қолди.
«Интервенциялар занжир реакциясига сабаб бўлди ва замонавий Гаитини шакллантирди, — дейди тарихчи Мэтью Смит The Guardian газетасига берган интервьюсида. — Дювалье диктатураси ҳокимият халқ фаровонлиги йўлида ҳаракат қиладиган, амалда ишлайдиган давлатга бўлган умидларни йўққа чиқарди».
Ҳозирги инқирознинг бошланишига 2010 йилдаги энг кучли зилзила туртки бўлди. Коррупция туфайли ҳокимият унинг оқибатларини ҳали ҳам бартараф эта олгани йўқ
2010 йили Гаити замонавий тарихдаги энг даҳшатли табиий офатлардан бирига тўқнаш келди. Кучли зилзила пойтахт Порт-о-Пренс ва унинг атрофини деярли тўлиқ вайрон қилди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, 100 мингдан 311 минг нафаргача аҳоли ҳалок бўлди. Зилзила натижасида кўрилган зарар 7,8−8,5 млрд долларни ташкил этди — бу дунёдаги энг қашшоқ ва беқарор давлатлардан бири учун жуда катта маблағ эди. Бутун мамлакат бўйлаб ёйилган коррупция сабаб, ҳатто бошқа давлатлар томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамига қарамай, зилзила оқибатларини бартараф этишнинг, шу жумладан, очлик ва антисанитар шароитларга қарши курашишнинг имкони бўлмади.
2011 йилги президентлик сайловларида Дювалье даврини очиқчасига қўмсаб яшайдиган ўнгчи-консерватив Мишел Мартейи ғалаба қозонди. У мамлакатдаги вазиятни нормаллаштира олмади ва беш йил ўтгач, аҳолининг коррупция ва қашшоқликдан норозилиги туфайли кети узилмаган митинглар фонида истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Унинг вориси Жовенел Моиз йўллар, сув таъминоти тизимлари ва мамлакатнинг энергия таъминотини қайта тиклаш бўйича улкан лойиҳаларни амалга оширишга ваъда берди — бироқ бюджет маблағларини ўғирлаш билан боғлиқ можаролар сира тўхтамади. Аҳолининг сиёсий тузилмаларга бўлган ишончи энг паст даражага тушиб кетди: 2016 йилги парламент сайловларида сайловчиларнинг 20 фоиздан сал кўпроғи иштирок этди. АҚШдаги гаитилик муҳожирлар давлат раҳбарининг партияси — «Тет Кале»ни очиқдан-очиқ «ўғрилар» деб атади.
2018 йилда мамлакатда Моизнинг истеъфосини талаб қилиб оммавий норозилик намойишлари бошланди, бироқ президент лавозимидан кетиш ўрнига, навбатдаги парламент сайловларини номаълум муддатга қолдирди. Моиз, шунингдек, унга деярли чексиз ваколатларни тақдим этиши мумкин бўлган конституциявий ислоҳотларни ўтказишга уринди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли зарур референдумни ўтказишнинг имкони бўлмади. 2020 йил январида парламент ваколатлари тугади, шунда ҳам янги сайловлар ўтказилмади ва Моиз мамлакатни президент фармонлари ёрдамида бошқара бошлади.
Мамлакатдаги сўнгги тартибсизликлар президентнинг ўлдирилиши ортидан юзага келди. Унинг вориси мамлакат ташқарисидан тайинланди ва кўпчилик уни ноқонуний деб ҳисоблайди
53 ёшли Моиз 2021 йилнинг 7 июлида ўз қароргоҳига бир гуруҳ номаълум шахсларнинг ҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Президент вафотидан кейин бошқа сиёсатчилар ҳокимият учун курашга киришди. Бош вазир Клод Жозеф ўзини президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилди ва мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этди, Сенат эса давлат раҳбари этиб Сенат раиси Жозеф Ламбертни тайинлади.
Бироқ, бир неча кундан сўнг, Моиз ўлими олдидан ҳукумат бошлиғи этиб тайинлашни режалаштирган «Ватанпарварлик бирлиги» партияси раҳбари Ариэль Анрини қўллаб-қувватлаган БМТ, АҚШ ва бошқа мамлакатлар босими остида Жозеф ҳам, Ламберт ҳам президентлик амбицияларидан воз кечишга мажбур бўлди. 20 июлда Анри муваққат президент этиб тайинланди — шу билан бир вақтда, Гаити бош вазири лавозимини ҳам эгаллади.
Янги давлат раҳбари ўз чиқишларида мамлакат халқини ҳамкорлик ва мулоқотга чақирди, бироқ унинг тайинланиши ҳам ҳукмрон доиралар, ҳам оддий фуқаролар ўртасидаги келишмовчиликларни янада кучайтирди. Гаитиликларнинг аксарияти Анрини президент сифатида тан олмади, чунки у ҳокимиятга сайловлар натижасида эмас, балки чет элликлар аралашуви остида келганди. Айримлар эса ҳатто Анрини Моизнинг ўлдирилишида иштирок этганини ҳам тахмин қилди.
Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги инқирозли вазиятларни тадқиқ этиш гуруҳлари раҳбарларидан бири Рената Сегуранинг изоҳ беришича, бутун бошли ҳокимият амалда легитимлиги аҳолининг катта қисми томонидан тан олинмаган шахснинг қўлида тўпланиб қолган. «Биз яқин-яқингача ҳокимият алмашинуви алгоритми сифатида таяниб келган конституция бор-йўғи бир матнга айланиб қолган, чунки унда кўрсатилган институтларнинг ҳеч бири ҳозирда нормал ишлаётгани йўқ», — дея таъкидлайди у.
Моиз ўлдирилганидан бир ой ўтиб, 2021 йил сентябрь ойида Гаитида навбатдаги кучли зилзила содир бўлди: 2,2 минг киши ҳалок бўлди, 12 мингдан ортиқ киши жароҳатланди. Анрининг легитимлигига нисбатан шубҳалар фонида ҳукуматнинг жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга қодир эмаслиги жамиятда кескинликни янада кучайтирди ҳамда фуқаролар ва полиция ўртасида тўқнашувларни келтириб чиқарди. Расмийлар вазият устидан назоратни тезда йўқота бошлади.
«Моизнинг ўлими, шак-шубҳасиз, ҳокимиятда бўшлиқ қолдирди, — дейди журналист, 2010 йилги зилзила тўғрисидаги репортаж муаллифи Жонатан Катц. — Кўчаларда бу бўшлиқни жангари тўдалар тўлдирди».
Жиноят авж олгани сабаб аҳоли уйидан чиқишга қўрқади. Давлат раҳбари халқаро ҳамжамият аралашувини (беҳуда) сўрамоқда
Жангари тўдалар тезда Порт-о-Пренснинг бутун бошли туманларида ўз назоратларини ўрната бошлади, мамлакатда одам ўғирлаб, пул талаб қилиш, қотилликлар ва оммавий зўравонликлар одатий ҳолга айланди. 2023 йилнинг биринчи чорагида Гаитида 1,6 мингдан ортиқ қотиллик, одам ўғирлаш ва зўрлаш ҳолатлари қайд этилди. Тўдалар ҳаракатини на полиция, на бор-йўғи 500 кишидан иборат армия тўхтата олди.
«Ҳозир вазият шундайки, ҳар томонда ўқ учиб келиши мумкин. Ҳатто ким ўқ узганини ҳам билмайсиз, — дейди Порт-о-Пренс чеккаларидан бирида яшовчи аҳоли вакили. — Ҳар сафар кўчага чиққанда жуда эҳтиёт бўлишга тўғри келади».
2022 йилнинг кузида президент Анри бошқа давлатлар ҳукуматларини тартибни тиклаш учун мамлакатга «махсус бўлинмалар» олиб киришга чақирди, бироқ на БМТ, на АҚШ ҳукумати Гаитининг «ички ишларига» аралашиш истагини билдирди.
Танқидчилар Анрини ҳеч бўлмаганда халқнинг давлатга бўлган ишончини тиклаш учун ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва ҳокимиятни топширишга чақирди, бироқ у буни рад этди. Президент 2023 йилда сайлов ташкил этиш ва 2024 йил февралида иш бошлайдиган янги Вазирлар Маҳкамасини тайинлашга ваъда берди.
2023 йил январида Анри Олий суд қайта тикланиши ва умумий овоз бериш учун масъул бўлган муваққат сайлов кенгаши тайинланишини эълон қилди, бироқ бунинг аниқ муддатлари ҳозиргача ҳам айтилмаган. Тахминан бир вақтнинг ўзида сайловда сайланган сўнгги 10 сенаторнинг ваколатлари ҳам тугади, шундан сўнг мамлакатда ўз лавозимини овоз бериш натижаларига кўра эгаллаши мумкин бўлган миллий даражадаги бирорта ҳам сиёсатчи қолмади.
2022 йилнинг кузида Гаити ҳукумати бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларни интервенция уюштиришга чақирди, бироқ уларнинг илтимоси жавобсиз қолди. АҚШ ҳозирча фақатгина энг кўп коррупцияга йўл қўйган Гаити сиёсатчиларига қарши санкциялар киртитган. Баъзи маълумотларга кўра, халқаро миссияни бошқаришга тайёр бўлган Канада кичик молиявий ва ҳарбий-техник ёрдам билан чекланмоқда.
2023 йил март ойида Жо Байден аралашув масаласи кун тартибидан олиб ташланмаганини, бироқ фаол кўриб чиқилмаётганини ҳам маълум қилди ва Гаити ҳуқуқ-тартибот кучларининг ўзи тартибни тиклашлари учун уларга ёрдам кўрсатишга эътибор қаратишга ундади. Шу билан бирга, БМТ давлатларни Гаитидаги авж олиб бораётган зўравонликни тўхтатиш учун «ихтисослаштирилган қўллаб-қувватлаш кучларини» жойлаштиришга чақирди.
Айни пайтда, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, қуролли тўдалар аллақачон Порт-о-Пренс ҳудудининг 90 фоизини ўз назорати остига олган. Маҳаллий ҳуқуқшунос Самуэль Мадистин замонавий Гаитининг сиёсий тузилишини шундай тавсифлайди: «Бу мамлакатни демократик деб аташ қийин. Амалий нуқтаи назардан, давлат энди мавжуд эмас».