Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари тизими ишга тушди. Йил давомида 12 ва ундан ортиқ балл тўплаган ҳайдовчилар камида олти ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. ЙҲХХ асоссиз балл қўйилган тақдирда ҳайдовчилар шикоят қилишлари мумкинлигини маълум қилди.
Бу ҳақда 20 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров хабар берди. Унинг айтишича, ҳайдовчилар жарима балларидан норози бўлсалар, Маъмурий жавобгарлик марказига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Жарима баллари тизими қандай жорий қилинди?
2019 йил – ЙҲХХ жарима баллари тизимини жорий этиш режасини эълон қилди.
2022 йил декабрь – Лойиҳа бўйича аниқ режалар тасдиқланди.
2023 йил – Қонун лойиҳаси Олий Мажлисга киритилди ва Сенатда муҳокама қилинди.
2024 йил февраль – Президент ЙҲХХ тизимини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади.
Жарима баллари қандай ҳисобланади?
ЙҲХХга кўра, қоидабузарликлар дастлаб ЙПХ инспекторлари томонидан қайд этилади. Кейинчалик автоматик камералар орқали қайд этиш тизими ишга тушади. Баллар қуйидаги қоидабузарликлар учун ҳисобланади:
- Хавфли тезликда ҳаракатланиш
- Қизил чироқда ўтиш
- Қарама-қарши йўналишга чиқиш
- Носоз ёки ўзбошимчалик билан қайта жиҳозланган авто бошқариш
- ЙТҲ жойини тарк этиш ва бошқалар
ЙҲХХ, шунингдек, жарима балларини ҳисоблашда коррупция хавфи борлигини инобатга олиб, планшетлар ва боди-видеокамералар орқали назоратни кучайтиришини маълум қилди.
Ҳайдовчилар жарима балларидан шикоят қилиши мумкин
Агар ҳайдовчи ўз балларини асоссиз деб ҳисобласа, у Маъмурий жавобгарлик марказига мурожаат қилиши мумкин. Бозоровнинг сўзларига кўра, марказнинг айрим вилоятларда филиаллари мавжуд, бироқ уларнинг аниқ рўйхати ҳали эълон қилинмаган.
Маълумот учун: 2024 йилда Ўзбекистонда 20 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. 38 минг ҳайдовчи эса 10 ва ундан ортиқ марта қоидабузарлик содир этган. Жарималардан тушган маблағ 1 триллион сўмдан ошган.